Жаҳон | 10:06 / 07.06.2024
5813
2 дақиқада ўқилади

Байден: Украина Москвага АҚШ қуроллари билан ҳужум қила олмайди

АҚШ Украинага берилган қуроллардан Россия ҳудудига чегарадан узоқроққа зарба йўллаш учун фойдаланишга рухсат бермади, деди президент Байден.

Фото: Reuters

Киевга топширилган Америка қуроллари Москва ёки чегарадан сезиларли масофада жойлашган бошқа ҳудудларга ҳужум қилиш учун ишлатилмаслиги керак, деди АҚШ президенти Жо Байден. Вашингтон ушбу қуролларни Россия ҳудудида Украина билан чегарага яқин жойда қўллашга рухсат берди, деди у 6 июн, пайшанба куни ABC News телеканалига интервюсида.

«Биз Россия ҳудудига 200 миля ичкарига зарба йўллашга рухсат бермаймиз ҳамда Москва ва Кремлга қарши зарбага рухсат бермаймиз», дея қўшимча қилди Байден Францияда иттифоқчиларнинг Нормандияда қўнишининг 80 йиллигини нишонлаш маросимида. Бироқ у Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш учун Америка қуроллари қўлланганми, деган саволга тўғридан тўғри жавоб бермади. 

АҚШ Украинага Харкивни ҳимоя қилишга учун қуролдан фойдаланишга рухсат берди 

Аввалроқ, Россиянинг Харкив вилоятига ҳужумлари кучайиши фонида Вашингтон Киевга Россиядаги нишонларга зарба йўллашга норасмий тарзда рухсат бергани маълум бўлган эди. Бироқ, Politico нашри ва CNN телеканали таъкидлаганидек, рухсат Россия Федерацияси томонидан ҳужумларга дучор бўлган Харкивни ҳимоя қилиш учун Харкив вилояти билан чегарадаги ҳудудларга тегишли. 

Худди шундай баёнотлар Франция, Литва, Латвия, Канада, Швеция, Эстония, Полша, Германия, Финландия, Чехия, Британия ва Нидерландия томонидан ҳам берилган. Май ойида НАТО ва Европа Иттифоқи Украина Қуролли кучлари томонидан Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирган эди. 

Бунга жавобан Россия Федерацияси Вашингтонга Украинанинг Россия ҳудудига ракета ҳужумлари «ҳалокатли оқибатларга олиб келиши» билан таҳдид қилди. Ўз навбатида, АҚШ президенти Байден Ғарб давлатлари Украинага ёрдам беришни тўхтатса, Ғарб ва Россия ўртасидаги уруш хавфи ортишига ишора қилди.

Мавзуга оид