Ўзбекистон | 16:44 / 07.06.2024
8640
4 дақиқада ўқилади

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими кўздан кечирилди

Президент Шавкат Мирзиёев 7 июн куни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш марказини бориб кўрди.

Бу марказ Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси доирасида ташкил этилган. Мажмуа мукаммал таъмирланиб ва замонавий жиҳозланиб, шу йил мартда ишга туширилган.

Марказ жамоат хавфсизлиги жараёнларини қамраб олган ягона ахборот маконидир. Бу ерда жойлардаги вазият ва ходимларнинг иш-ҳаракати рақамли технологиялар орқали таҳлил қилиб борилади. Хусусан, 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторларининг фаолияти 6 та йўналиш бўйича назорат қилинади ва баҳоланади.

Бунда “Е-Жамоат хавфсизлиги”, “Е-Ижтимоий вазият” каби дастурлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш хизматларининг ягона ахборот тизимлари ҳамда 6 мингдан зиёд “ақлли” кузатув камералари интеграцияси қўл келмоқда. Шунингдек, марказда видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл патрул, пост патрул ва пробация ходимлари учун масофавий ўқувлар ўтказилади. Оммавий тадбирларни моделлаштириш орқали ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва тезкор чоралар кўриш ўргатилади.

Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳа ходимлари юқори технологияларни яхши билиши лозимлигини таъкидлади.

Бугунги кунда барча соҳаларда сунъий интеллектнинг ўрни кенгайиб бормоқда. Инсонларга қулайлик яратадиган дастурлар билан бирга кибержиноятчилик, фирибгарлик усуллари ҳам кўпаймоқда. Бундай жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва фош этиш учун ички ишлар ходими ундан-да илғор, зийрак бўлиши керак.

Шу боис марказдаги учрашувга ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳузуридаги олий ўқув юртлари ректорлари таклиф этилди. Улардаги ўқув дастурларини шу нуқтаи назардан такомиллаштириш, дуал таълим тизимини жорий этиш, дарслар ва илмий ишларнинг ҳаёт билан ҳамнафаслигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ички ишлар вазирлигида учувчисиз қурилмаларни қўллаш бўйича тузилма ташкил этиш вазифаси қўйилди. Жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган жамоат хавфсизлиги бўйича стратегияда 2025 йил якунига қадар тизимни рақамлаштиришни 90 фоизга етказиш белгиланган. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига шу борада ахборот берилди.

Бу жараён уч босқичда амалга оширилмоқда.

Биринчи босқичда муаммолар ўрганилиб, иккинчисида шу асосида мутахассислар ва дастурлар тайёрланди. Жумладан, 66 та ахборот тизими ва модуллари ишлаб чиқилди.Уларга вазирлик ва идораларнинг 77 та ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 25 та ахборот тизими интеграция қилинди. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари 18 мингдан зиёд планшетлар билан таъминланди ҳамда рақамли қурилмалардан самарали фойдаланиш бўйича ўқитилди.

Натижада 155 та ҳисобот, 37 та иш юритиш соҳаси, юзга яқин қайднома ва йиғма материаллар рақамлаштирилган. Бунинг ҳисобига 213 миллиард сўм тежалишига эришилган.

Энди, учинчи босқичда Маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этиб, соҳага сунъий интеллектни кенг жорий қилиш, ускуналарни маҳаллийлаштириш каби мақсадлар қўйилган.

Шу ерда ички ишлар тизимида қўлланилаётган замонавий техника ва анжомлар намойиш қилинди.

Мавзуга оид