Жамият | 11:31 / 09.06.2024
78639
8 дақиқада ўқилади

“Тиллачи”нинг ҳийласи – Тошкентдаги мудҳиш қотиллик тафсилоти

Тошкент шаҳри марказида, “Новза” метро бекати ёнида Ички ишлар вазирлиги ЖҚББ тезкор вакили ўз хизмат машинасида бўғиб ўлдирилади. Сўнгра унинг мурдаси Бўстонлиқ туманига олиб борилиб, ёқилган ҳамда таниб бўлмас даражага келгач, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборилган. Қотиллар ким эди? Тезкор вакил қандай ишларга аралашиб қолганди? Аввалига бу қотиллик қасд олиш ёки душманлик билан боғлиқ, деган фаразлар туғилади. Аммо жиноят фош этилганида унинг сабаблари мутлақо бошқача бўлиб чиқади.

2022 йилнинг сентябр ойида Тошкент шаҳрида мудҳиш қотиллик жинояти содир этилган. Қурбон ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили эди. Қотиллик ҳақида эшитганлар бундай муҳим жойда фаолият юритган шахснинг даҳшатли тарзда ўлдирилиши душманлик билан боғлиқ, деган ўйга боради. Сабаби, марҳум тириклигида тезкор тадбирлар ўтказиб, коррупция билан боғлиқ кўплаб жиноятларни фош қилганди.

Қотиллик аслида ҳам душманлик сабаб юз берганмиди? Йўқ.

Бир кўрган таниш, икки кўрган қадрдон

Одатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишловчи тезкор вакиллар дуч келган инсон билан танишиб, қадрдон бўлиб кетавермайди. Улар бу борада ўзига хос тарзда атрофида “муҳофаза зонаси”ни ушлайди. 

Аммо ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили негадир Жасур (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) билан танишиб, қисқа фурсатда қадрдонга айланиб қолди. Албатта, бу тезкор ходимнинг эҳтиёткорсизлиги эмас, кўпроқ Жасурнинг маҳорати эди. Сабаби, Жасур тезкор вакил билан янада яқинроқ бўлиш, унинг ишончига кириш учун тинмай ҳаракат қилар, турли зиёфатлар уюштирарди.

Шу тариқа улар иккиси қадрдон бўлиб қолишди. Аммо қилни қирқ ёрадиган тезкор вакил негадир Жасурнинг асл мақсадини сезмаганди.

Сохта тилла савдогари

Жасур тезкор вакилга ўзини тилла буюмлар савдоси билан шуғулланувчи ишончли тадбиркор сифатида кўрсатганди. У ҳар учрашганида тезкор вакилни кўпроқ ва осон пул топишга қизиқтира боради.

Навбатдаги зиёфатларнинг бирида Жасур мақсадга ўтиб, “қармоқ ташлайди”. Уларнинг суҳбати қуйидагича бўлади:

— Сизларга тезкор тадбирларда фойдаланиш учун банклардан қайтариб бериш шарти билан пул олиш ваколати берилган экан а?

— Ҳа.

— Мана шундан яхшигина пул қилсак бўлади-да.

— Қандай?

— Оддий. Менга кўп миқдорда пул олиб берсангиз, ўз бизнесимга бир неча кунга “оборот”га қўяман. Даромаддан сиз ҳам яхшигина улуш оласиз.

Жасур тезкор вакилни шу тариқа алдайди. Уни тилла буюмлар савдогари деб биладиган тезкор вакил шу тариқа “хўрак”ка илинганди.

Банкдан олинган 600 млн сўм

Ҳамма иш пишган, фақат банкдан пул олиш қолганди. Тезкор вакил ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг расмий бланкасига гўёки у ишлаётган бошқарма томонидан ўтказилиши кўзда тутилаётган, амалда эса умуман режалаштирилмаган тезкор тадбир учун 600 млн сўм пул ажратишни сўраб сохта сўров хати ёзади.

2022 йил 25 июлда ёзилган 16/2-2639-сонли сохта сўров хатига асосан АТИБ «Ипотека банк» Меҳнат филиалидан 600 млн сўм нақд пул олади ва уни “тиллачи”нинг қўлига тутқазади. 

Албатта, бу алдовнинг умри қисқа эди. Орадан бир неча кун ўтгач тезкор вакил пулни банкка қайтариш кераклигини айтиб, ўз улушини сўрай бошлайди. Бироқ Жасур 600 млн сўм пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганди. Шу сабабли, аввалига турли баҳоналар қилиб, вақтни чўзиб юради. Кейинчалик эса у пулни қайтармасликни мақсад қилади ҳамда тезкор вакилни ўлдириш режаси ҳақида ўйлай бошлайди.

Ёлланган “киллер”

Жасур тезкор вакилни бир ўзи “гумдон” қилолмаслигини тушуниб турганди. Шунинг учун у ўзига шерик излашга тушади.  Шунда Маҳмуд исмли заргар таниши пул эвазига бу ишни қиладиган одам борлигини айтди. Бу муқаддам 5 марта судланган, хавфли рецидивист ҳисобланган 40 ёшли Комил эди.

Жасур ва Комилнинг танишуви шу тариқа бўлади. Улар 2022 йил сентябр ойи бошларида Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида жойлашган «Temir Food» кафесида учрашиб, гаплашиб олишади. Жасур тезкор вакилни ўлдиришда ёрдамлашса, унга пул беришни ваъда қилади. Комил унинг таклифига рози бўлади.

Келишувдан сўнг буюртмачи қотилга кузатувни бошлаш учун тезкор вакилнинг сурати ва у ҳақдаги маълумотларни беради.

Шаҳар марказидаги қотиллик

Тезкор вакил 2022 йил 29 сентябр куни кечга яқин банкдан олинган 600 млн сўм пул ва ўз улушини олиш мақсадида хизмат машинасида Жасурнинг иш жойи ҳисобланган Чилонзор тумани, “Новза” метро бекати ёнидаги “Олтин маркази” савдо мажмуасига боради. У мажмуанинг орқа томонида жойлашган кўп қаватли уйларнинг олдига келиб кутиб туради. Соат 21:10лар атрофида Жасур ва Комил келади. Жасур машинанинг орқа ўриндиғига, Комил эса олд йўловчи ўриндиғига ўтиради. Улар тезкор вакилни чалғитиш учун гўёки пулни олиб келгандай қора пакет ушлаб олганди.

Жасур кутилмаганда олдиндан тайёрлаб қўйган ва ўзи билан олиб келган қора рангли синтетик матодан тўқилган сумканинг тасмасини тезкор вакил бўйнига ташлаб, уни бўға бошлайди. Ундан бундай ҳаракатни кутмаган тезкор вакил ўз жонини сақлаб қолиш мақсадида оёқ ва қўллари билан ҳаракат қила бошлайди. Шунда Комил унинг ҳаракатларини чеклаш учун қўл ва оёқларини босиб туради.

Шу тариқа гавжум шаҳарнинг марказида жиноятларга қарши курашиб келган тезкор вакилнинг ўзи жиноят қурбони бўлади: у бўғиб ўлдирилади.

Мурдани яширишга уриниш

Қотиллар ўзлари томонидан содир этилган жиноят изини яшириш ҳақида ўйлай бошлашади. Албатта, бу осон иш эмасди.

Комил Жасурнинг топшириғи билан тезкор вакилга тегишли бўлган Samsung Galaxy S22 ва Samsung Gusto телефонларини Янгиҳаёт тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Салар каналига ташлаб юборади. Мурдани эса Жасур томонидан олдиндан белгилаб берилган Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг бўйига олиб бориб, бензин ёрдамида ёқади. Мурда таниб бўлмас даражада куйганидан сўнг уни дарёга ташлаб юборади.

Шунингдек, Комил тезкор вакилга бириктирилган хизмат машинасини Бектемир тумани, Бектемир шоҳкўчасига бошқариб келади. Сўнгра йўл устида тўхтаб, машинадаги бармоқ изларини тўлиқ артиб чиқади ҳамда уни қулфлаган ҳолда калитни шу ҳудуддан оқиб ўтувчи Чирчиқ каналига ташлаб юборади.

Жазо

Жиноятчилар барчасини хамирдан қил суғургандек осон битказдик, энди бизни топа олишмайди, деб ўйлаганди. Бироқ ундай бўлмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари билан мазкур жиноят “изи совимасидан” фош этилди. Жиноятчиларнинг қилмиши кўплаб гувоҳларнинг кўрсатмалари, бир нечта экспертиза хулосалари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2023 йил 4 апрелдаги ҳукми билан Комилга 24 йил 1 ой, Маҳмуд ва Жасурга 23 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Банкдан олинган 600 млн сўм пул маблағи эса Жасурдан ундирилиб, банкка етказилган моддий зарар қопланган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд материаллари асосида тайёрланди.

Мавзуга оид