Фан-техника | 13:25 / 11.06.2024
4603
3 дақиқада ўқилади

Apple СИ хусусиятларини смартфонлар ва бошқа гаджетларга қўшади

Apple компанияси ChatGPT яратувчиси билан ҳамкорлик тўғрисида эълон қилди. Сунъий интеллект автоматик равишда матнларни тузади ва турли иловалардаги маълумотларни умумлаштиради.

Фото: Jeff Chiu/AP

Американинг Apple технологик корпорацияси сунъий интеллект (СИ)ни смартфон ва бошқа қурилмаларнинг ажралмас қисмига айлантирмоқчи. Apple 10 июн, душанба куни Калифорниянинг Купертино шаҳридаги штаб-квартирасида бўлиб ўтган Worldwide Developers Conference (WWDC 2024) ишлаб чиқувчилар конференциясида Apple Intelligence (AI) сунъий интеллект тизимини яратиш учун СИ соҳасидаги етакчилардан бири - OpenAI билан ҳамкорлик қилиши тўғрисида маълумот берди. 

Тадбирда Apple қурилмалари учун операцион тизимларнинг янги версиялари – iOS 18, iPad OS 18 ва MacOS Sequoia’га интеграциялашуви кутилаётган СИга асосланган функциялар тўплами намойиш этилди. OpenAI билан ҳамкорлик доирасида компаниянинг талаб бўйича матн, тасвир ва бошқа контент яратишга қодир ChatGPT чат-боти iPhone, iPad ва бошқа Apple қурилмаларига ўрнатилади. 

Айфонларнинг янги функциялари ва имкониятлари 

Хусусан, Apple Intelligence матнни автоматик тузиш, иловалар бўйича маълумотларни умумлаштириш, электрон почта хабарларини олиш ва махсус эмодзилар яратиш имкониятига эга бўлади. Бошқа нарсалар қаторида, Siri овозли ёрдамчиси СИ функциялари ёрдамида бутунлай қайта ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари Apple Intelligence’га интеграция қилинади. Махфийликни таъминлаш мақсадида барча маълумотлар қурилмаларнинг ўзида қайта ишланади, дея хабар берилган қўшимча равишда. 

OpenAI бош директори Сэм Алтманнинг айтишича, компания «бу йил ўз қурилмаларига ChatGPT’ни интеграция этиш учун Apple билан ҳамкорлик қилишдан хурсанд бўлади». Ўз навбатида, Apple бош директори Тим Кук сунъий интеллект соҳасидаги сўнгги ишланмалар фойдаланувчиларнинг Apple маҳсулотлари билан ишлаш тажрибасини «янги чўққиларга» кўтаришини ва СИ функциялари келажакда ажралмас бўлиб қолишини таъкидлади. Шу пайтгача унинг корпорацияси СИдан фойдаланиш бўйича рақобатчилардан, хусусан, Google ва Microsoft’дан сезиларли даражада ортда қолиб кетган. 

Маск маълумотлар хавфсизлигига таҳдид ҳақида маълум қилди 

Шу билан бирга, Apple режалари америкалик тадбиркор Илон Маск томонидан қаттиқ танқид қилинди, у 2015 йилда OpenAI асосчиларидан бири бўлган, бироқ уч йилдан сўнг компанияни тарк этган ва кейинчалик тижорат йўналиши туфайли унга қарши даъво аризаси берган. Маск сўзларига кўра, у маълумотлар хавфсизлигига таҳдид туфайли iPhone’ни ўз компанияларида тақиқлайди. «Apple сизнинг маълумотларингизни OpenAI’га ишонса, нималар бўлиши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайди», деб ёзган у. 

Шу билан бирга, 2024 йил май ойида ЕИ сунъий интеллектдан фойдаланиш қоидаларини кучайтирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид