Жаҳон | 13:33 / 11.06.2024
1178
2 дақиқада ўқилади

Германия ва ЕИ Украинани тиклаш учун яна маблағ ажратади

Украинани тиклаш бўйича GIZ лойиҳасини молиялаштириш 45 миллион евродан 75 миллион еврогача оширилади, дея хабар берди Германия Ташқи ишлар вазирлиги Берлиндаги конференция олдидан.

Фото: AP / Markus Schreiber

Берлиндаги Украинани қайта тиклаш бўйича халқаро конференцияда Германия ва Европа Иттифоқи Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Украинадаги лойиҳаси учун қўшимча маблағ ажратилишини эълон қилади. Умуман олганда, лойиҳа яна 30 миллион евро олади, бу унинг молиялаштириш ҳажмини 75 миллион еврогача оширади, деди Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Берлиндаги вакили 10 июн, душанба куни. 

Шу билан бирга, Германия ўз ҳиссасини 12 миллион еврога - 39 миллион еврогача, Еврокомиссия эса 18 миллион еврога - 36 миллион еврогача оширади. 

Украинанинг зарар кўрган ҳудудларини қўллаб-қувватлаш 

Лойиҳа Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан Украинани барқарорлаштириш платформасининг бир қисмидир. У Украинанинг энг кўп зарар кўрган минтақаларида ҳукумат институтлари ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган. 

Бошқа нарсалар қаторида, ушбу ташаббус доирасида мамлакат шаҳарлари ва қишлоқларини миналардан тозалаш билан шуғулланадиган украиналик сапёрлар жиҳозланди, дея таъкидлади Германия Ташқи ишлар вазирлиги. Бундан ташқари, лойиҳа Украинани атом электр станцияларини ҳимоя қилишда, шунингдек, Россиянинг Украина электр станцияларига ҳужумларидан кейин энергия таъминотини сақлаб қолишда қўллаб-қувватлайди. 

Берлиндаги конференция

11-12 июн кунлари Германия пойтахтида Украинани тиклаш бўйича икки кунлик конференция бўлиб ўтади, унда 2 мингга яқин иштирокчи – сиёсат, бизнес ва халқаро ташкилотлар вакиллари кутилмоқда. Германия ҳукумати шу билан Украинани қайта тиклаш бўйича узоқ муддатли истиқболни тақдим этиш ва сармояларни рағбатлантириш ниятида. Бундан ташқари, гап Россиянинг давом этаётган ҳужумлари фонида фавқулодда ёрдам кўрсатиш масалалари ҳақида боряпти.

Конференцияни Украина президенти Володимир Зеленский ва Германия канцлери Олаф Шолц очади. Конференциядан мақсад маблағ йиғиш эмас, балки Украинани тиклашда иштирокчилар тармоғини яратишдир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид