Жаҳон | 13:25 / 12.06.2024
2294
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Полша Россиянинг дезинформациясига қарши кураш марказини очди

Украина алоқа гуруҳига 12 давлат вакиллари киради. Улар бутун дунё бўйлаб Украинани қўллаб-қувватлашни заифлаштиришга қаратилган Россиянинг дезинформациясига қарши курашади.

Фото: AP

Қўшма Штатлар ва Полша Варшавада Россия дезинформациясига қарши курашиш халқаро марказини очди. Бу ҳақда 10 июн, душанба куни AP агентлиги ёлғон маълумотларга қарши кураш учун масъул бўлган америкалик дипломат Жеймс Рубин ва унинг полшалик ҳамкасби Томаш Хлонга таяниб ёзди.

Марказнинг расмий номи - Украина алоқа гуруҳи. AP нашрининг ёзишича, унинг таркибига 12 давлат вакиллари киради. Жумладан, Германия, Канада, Франция, Финландия, Италия ва Украинанинг ўзи. Гуруҳнинг асосий вазифаси бутун дунё бўйлаб Украинани қўллаб-қувватлашни заифлаштиришга қаратилган Россия дезинформацион кампанияларини аниқлаш ва уларга қарши курашишдан иборат бўлади. 

Россия ЕИда асосий дезинформатор сифатида кўриляпти

Охирги тўққиз йил ичида Европа Иттифоқи камида 17 мингта кремлпараст дезинформация ҳолатини аниқлади. Уларнинг аксарияти Украинага қарши қаратилган, дея маълум қилди Брюссел DW’га. ЕИ расмийлари май ойи ўрталарида бўлиб ўтган брифингда маълум қилганидек, Россия Федерацияси Европа Иттифоқидаги энг йирик дезинформация тарқатувчи сифатида кўрилади.

Хусусан, биргина 2024 йилнинг ўзида ЕИ ташқи сиёсат хизмати кремлпараст дезинформациянинг 1500 дан ортиқ ҳолатини қайд этди, деди Европа расмийларидан бири DW нашрига. Шу билан бирга, экспертлар Брюссел тадқиқотининг мақсади дезинформация ҳолатлари максимал сонини аниқлаш эмас, балки иштирокчиларни, улар ёндашувлари ва усулларини таҳлил қилиш, шунингдек, улар ортида турган тизимлар ва тармоқларни аниқлаш эканлигини тушунтирди. Шу тариқа, фейкларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. 

ЕИда Россияга алоқадор бир қанча ОАВ тақиқланди 

17 май куни ЕИ кенгаши Россия билан боғлиқ бўлган тўртта ОАВ трансляциясини тақиқлади, улар, органга кўра, «Россия пропагандасини тарқаади ва Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлайди». Тақиқ РИА «Новости», «Известия», «Российская газета» ҳамда Чехияда жойлашган ва Виктор Медведчук билан алоқадор Voice of Europe интернет-порталига тегишли. Бу ОАВнинг барчаси Россия Федерацияси раҳбарияти бевосита ёки билвосита доимий назорати остида эканлиги таъкидланди. 

ЕИ кенгаши аниқлик киритишича, мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар чекловга тушган оммавий ахборот воситалари ва улар ходимларининг ЕИда трансляциядан бошқа ҳар қандай фаолиятни амалга оширишига тўсқинлик қилмайди. Россия ТИВ Брюсселга «жавоб чоралари» билан таҳдид қилди. 

Мавзуга оид