Жаҳон | 15:33 / 12.06.2024
5948
3 дақиқада ўқилади

БМТ ҳисоботи: Исроил ва ҲАМАС уруш жиноятларида айбдор

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил халқаро тергов комиссияси Исроил кескин танқид қилинган ҳисоботни тақдим этди.

Фото: БМТ

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил халқаро комиссияси Исроил ва бир қанча Фаластин ташкилотларини уруш жиноятларида айблади. Комиссиянинг 12 июн, чоршанба куни тақдим этилган ҳисоботида айтилишича, Исроил «инсониятга қарши жиноятларни, фаластинлик эркак ва ўғил болаларни йўқ қилиш, ўлдириш, жинсий таъқиб қилиш, мажбуран кўчириш, қийноқлар, ғайриинсоний ва шафқатсиз муносабатни» содир этган.

Комиссия, шунингдек, ҲАМАС ва бошқа олти Фаластин қуролли гуруҳининг 7 октябр кунги ҳаракатлари, шунингдек, Исроилга қарши давом этаётган ракета ҳужумлари ҳам уруш жинояти сифатида баҳоланганига диққат қаратди. Ҳужжатда «ҲАМАС ва Фаластин қуролли гуруҳлари ракета ҳужумларини зудлик билан тўхтатиб, барча гаровга олинганларни озод қилишлари керак», дейилади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ғазода тинч аҳоли орасида «катта» қурбонлар, фуқаролик объектлари ва инфратузилмаларининг кенг миқёсда вайрон бўлиши Исроилнинг фарқлаш, мутаносиблик ва эҳтиёткорлик тамойилларини эътиборсиз қолдириб, максимал зарар етказиш ниятида амалга оширган стратегиясининг муқаррар натижасидир.

Исроил комиссияни нохолисликда айблади

Комиссия раиси, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари Нави Пиллэй айтишича, Исроил зудлик билан ўз жанговар ҳаракатларини тўхтатиши, ҲАМАС эса Исроил ҳудудига ракета отишни бас қилиши керак.

Ҳужжат муаллифларига кўра, Тел-Авив комиссиянинг текширувлари ва жанговар ҳудудга киришига тўсқинлик қилган. БМТ матбуот хизмати ушбу ҳисобот 19 июн куни Женевада бўлиб ўтадиган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 56-сессиясида давлатларга тақдим этилишини маълум қилди. 

Исроилнинг Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги элчиси Мейрав Шадар комиссияни Исроилга қарши нохолисликда айблади. «Бу унинг барча ҳаракатлари Исроилга қарши қаратилган сиёсий режага хизмат қилишини яна бир бор исботлади», деди Шадар.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 37 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид