Ўзбекистон | 07:29 / 12.06.2024
5571
2 дақиқада ўқилади

Президент: «Энергияни тежаш йўқотишларни камайтириш ҳисобига бўлиши шарт»

Президент ҳар бир ҳокимга биттадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилишни топширди. «Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт», - деди давлат раҳбари.  

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июн куни энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Янги ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкорлик бўйича қатъий талаб киритиш, маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, корхона, савдо ва сервис биноларида энергия самарадорлиги бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. 

Йиғилишда жорий йилда 1 мингта ижтимоий объектни куз-қиш мавсумига тайёрлаш топширилди. Жумладан, 251 та шифохона, 292 та боғча, 393 та мактаб ва интернат таъмирланади.

Президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлади.

Ҳар бир ҳокимга биттадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топширилди. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.

- Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт, - деди давлат раҳбари.  

Йиғилишда бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорлигини баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгиланди.

Мавзуга оид