Жаҳон | 20:51 / 13.06.2024
6145
3 дақиқада ўқилади

Хитой Украина бўйича ўзининг тинчлик режасини илгари сурмоқда — ОАВ

Хитой Бразилия билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тинчлик режасига ривожланаётган мамлакатларни жалб қилишга уринмоқда.

Фото: Reuters

Швейцарияда бўлиб ўтадиган Украина саммитида иштирок этмасликка қарор қилган Хитой ўзининг тинчлик режасини ривожланаётган давлатлар ўртасида тарғиб қила бошлади. Бу ҳақда Reuters исми сир қолишини истаган дипломатларга таяниб ёзди. 

Уларнинг сўзларига кўра, Хитой расмийлари бошқа давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакилларига бу режани тарғиб қила бошлаган. Бундан ташқари, Пекиннинг Евроосиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй май ойида Туркия, Миср, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрган ва ривожланаётган мамлакатларнинг Пекиндаги элчихоналарида расмийлар билан учрашган. 

Reuters хабарига кўра, хорижий давлатлар вакиллари билан суҳбатда Хитой Швейцариядаги саммитни тўғридан-тўғри танқид қилмаган ва давлатлардан унда иштирок этишдан тийилишни сўрамаган. Аммо дипломатлардан бирининг агентликка айтишича, Пекин ушбу саммит можарони узайтиради, деган фикрни илгари сурмоқда. Яна икки дипломатнинг айтишича, Хитой ғарбликларни кўплаб ривожланаётган давлатлар Швейцария саммити бўйича Хитойнинг нуқтаи назарига эга эканлиги ҳақида хабардор қилган. 

Қайд қилинишича, Хитой шу тариқа Бразилия билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тинчлик режасига ривожланаётган мамлакатларни жалб қилишга уринмоқда. Ушбу ҳужжат, жумладан, Россия ва Украина иштирокида халқаро тинчлик конференциясини ўтказишни назарда тутади. Кейинроқ Хитой ташқи ишлар вазири Ван И режани 45 давлат қўллаб-қувватлаганини айтди. 

Июн ойи бошида Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров 107 та давлат ва халқаро ташкилот тинчлик саммитида иштирок этишини тасдиқлаганини маълум қилганди. Бир ҳафта ўтиб, Швейцария президенти Виола Амҳерд 80 та давлат ва 10 та ташкилот иштирок этишини тасдиқлаганини эълон қилди. Иштирокчилар сонининг қисқариши Хитойнинг ҳаракатлари билан боғлиқми ёки йўқлиги номаълум. 

Украина бўйича тинчлик саммити 15-16 июн кунлари Швейцариянинг Люцерн яқинидаги Бюргенсток курортида бўлиб ўтади. 

Россия саммитга таклиф этилмаган, агар таклиф этилган тақдирда ҳам иштирок этмаслигини маълум қилган.

Мавзуга оид