Британия Ўзбекистондан мавсумий ишчиларни ёллашни давом эттирмоқчи
2025 йилда Британия ҳукумати ташқи ишчи кучининг умумий сонини 40 минг кишига етказмоқчи, уларнинг маълум қисми Марказий Осиёдан жалб қилинади.
Ташқи ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва "Ватандошлар" жамоат фонди вакилларидан иборат мамлакат делегацияси Линколншир шаҳридаги Staples Vegetables фермер хўжалигига ташриф буюриб, бу ерда вақтинча ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди.
"Дунё" хабарига кўра, Ўзбекистон делегацияси фуқароларнинг яшаш ва иш шароити билан яқиндан танишди. Уларнинг Британияда бўлишлари, маиший ва бошқа муаммолари юзасидан фикр алмашилди, маҳаллий қонунчиликка риоя этиш юзасидан суҳбат ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида фермер хўжалиги раҳбарияти ва Британиянинг Pro-Force рекрутинг компанияси билан музокаралар ташкил этилди.
Унда Британия қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзбекистонлик ишчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Британия томони ушбу йўналишда йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолаб, Ўзбекистондан мавсумий ишчиларни ёллашни давом эттиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Pro-Force рекрутинг компанияси директори Энди Симпсоннинг таъкидлашича, жорий йилда унинг компанияси 600 дан ортиқ кишини ишга олган. У, шунингдек, келасида Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари сонини кўпайтириш режалаштирилганини билдирди.
Умуман олганда, 2025 йилда Британия ҳукумати ташқи ишчи кучининг умумий сонини 40 минг кишига етказмоқчи, уларнинг маълум қисми Марказий Осиёдан жалб қилинади.
Мавзуга оид
19:31 / 14.11.2024
Аэропортга ишга жойлаштириш эвазига 1,5 минг доллар олган ходим ушланди
15:20 / 14.11.2024
Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар Британия бозорига экспорт қилинади
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
17:59 / 08.11.2024