Ўзбекистон | 08:24 / 14.06.2024
20259
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова вафот этди

Муқимий номидаги мусиқали театрда ижод қилган Малика Қаюмова 70 ёшида ҳаётдан кўз юмди. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова 70 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Малика Қаюмова 1954 йил Тошкент вилоятида таваллуд топган. 1976 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган. Институтни битиргач, ўзбек драма театрида ўз фаолиятини бошлаган. 

У 1993 йилдан бери Муқимий номидаги мусиқали театрда фаолият кўрсатиб келаётганди. 

Малика Қаюмова ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамон роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этган.

Жумладан, “Тақдир”да амма, “Девона”да она, “Фотима ва Зуҳра”да она, “Алпомиш”да Кунтуғмиш, “Пари қишлоқ”да она, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да она, “Хонума”да Текле, “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Хайри, “Суперқайнона-2”да Ҳожар, “Ой онам-қайнонам”да Қумри, “Қизи борнинг-нози бор”да қуда каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган. 

У 2011 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.

Мавзуга оид