Ўзбекистон | 20:35 / 14.06.2024
5695
2 дақиқада ўқилади

Учқўрғон туманига янги ҳоким тайинланди 

39 ёшли Дилшод Мирханов Наманган вилояти, Учқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилояти, Учқўрғон тумани халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. 

Депутатлар Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг Учқўрғон тумани ҳокими Ҳайдаров Муҳаммад Абдуҳакимовични лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорини бир овоздан маъқуллади. 

Депутатлар Наманган вилояти ҳокимининг Мирханов Дилшод Абдуллаевични Учқўрғон тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорини бир овоздан тасдиқлади. 

Дилшод Мирханов 1985 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2006 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-қурувчи, иқтисодчи. 

У меҳнат фаолиятини Наманган вилоятидаги уй-жой мулкдорлари ассоциациясида мутахассис лавозимидан бошлаган. 2015−2017 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг ягона буюртмачи инжиниринг компанияси молиялаштириш ва хўжалик шартнома муносабатлари бўлими бош мутахассиси, 2017−2019 йилларда Наманган вилоят ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мутахассиси лавозимларида ишлаган. 

Шундан сўнг «Қишлоқ қурилиш инвест» Наманган вилояти филиали бошлиғи, тайинловга қадар — вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммад Ҳайдаров 2024 йил феврал ойида Учқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланган эди.

Мавзуга оид