Жаҳон | 10:11 / 15.06.2024
3576
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС гаровга олинган исроилликларнинг қанчаси тириклигини аниқ билмаяпти

Ғазо секторида қанча исроиллик гаровга олинганлар тириклигини ҲАМАСда ҳеч ким билмайди, деди гуруҳ вакили. У, шунингдек, ҲАМАС Байден томонидан таклиф қилинган сулҳ режасидан норози эканини айтди.

Фото: AP

Ғазо секторида асирга олинган исроилликларнинг қанчаси тириклигини Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳидаги ҳеч ким билмайди. «Мен билмайман ва ҳеч ким билмайди», деди ҲАМАСнинг Ливандаги вакили Усама Ҳамдан 14 июн, жума куни Американинг CNN медиа-компаниясига берган интервюсида. У, шунингдек, ҲАМАС охирги сулҳ таклифларидан, жумладан, АҚШ президенти Жо Байден таклиф қилган режадан норози эканини тасдиқлади

Ҳамдан Исроил гаровга олинганларга бўлган ёмон муносабатда ўзини айблаши керак, деган фикрни билдирди. Ҳамданга яқинда озод қилинган гаровга олинганларни текширган исроиллик шифокорларнинг ҳисоботлари кўрсатилди. Шифокорлар қўйиб юборилганларнинг жасадларида калтак излари борлигини, гаровга олинганлар очликдан қийналаётганини тасдиқлади. Ҳамдан бунга шундай жавоб берди: «Менимча, агар уларда руҳий муаммолар бўлса, бу Исроилнинг Ғазода қилаётган ишлари туфайлидир». 

«Миллий бирлик» партияси раиси ва ҳарбий вазирлар маҳкамасининг собиқ аъзоси Бени Ганц Kan телерадиокомпаниясига берган интервюсида Исроил гаровга олинганлар, хусусан Бибас оиласи билан нима бўлаётганини билади, улар икки ёш боласи билан ўғирлаб кетилган ва 7 октябр воқеаларининг рамзига айланганди. Ганцнинг таъкидлашича, улар ҳақидаги маълумотлар шароитлар қулай бўлганда оммага эълон қилинади. Бибаслар оиласининг қариндошлари Ганц гапларини масъулиятсизлик деб атади.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 37 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид