Жаҳон | 10:46 / 17.06.2024
4057
2 дақиқада ўқилади

«ДХР»да россиялик журналист ҳалок бўлди

Россия халқаро ташкилотларни, жумладан ЮНEСКОни ҳарбий мухбир Никита Цицаги ўлимини қоралашга чақирди.

Никита Цицаги Фото: News.ru

Россиянинг News.ru интернет-нашри мухбири Никита Цицаги ўзини «ДХР» деб эълон қилган ҳудудда жойлашган Вухледар яқинидаги Николский монастири яқинида ҳалок бўлди. Бу ҳақда News.ru портали 16 июн, якшанба куни хабар бериб, журналист у ерда репортаж тайёрлаш ниятида бўлганига ишора қилди.

Москва томонидан тайинланган «ДХР» «раҳбари» Денис Пушилиннинг айтишича, 29 ёшли ҳарбий мухбир Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилган. Расмийнинг сўзларига кўра, Цицаги 2022 йилдан буён «ДХР»га мунтазам ташриф буюриб келган. Фожиали воқеанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган. 

Никита Цицаги Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги, шунингдек, Lenta.ru, «Холод» ва «Новая вкладка» интернет-нашрлари билан ҳамкорлик қилган. «Новая вкладка» лойиҳаси мухбир вафот этган куни, 16 июнда Цицагининг «чегарадаги кулранг зонага айланган ташлаб кетилган Шебекино» ҳақидаги репортажини қайта чоп этди. 2023 йил июн ойида у ушбу ҳисобот учун «Редколлегия» мукофотини олган.

Россия ТИВ ҳодисани қоралашга чақирди 

Худди шу куни, 16 июнда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова россиялик ҳарбий мухбир ўлимига изоҳ бериб, у Украина учувчисиз учоғи томонидан «қасддан ўлдирилгани»ни айтди. Захарованинг эслатишича, 13 июн куни НТВ телеканалининг суратга олиш гуруҳи ҳам ўққа тутилган, натижада оператор Валерий Кожин ҳалок бўлган ва мухбир Алексей Ивлиев оғир яраланган.

«Биз тегишли халқаро ташкилотлар ва тузилмалардан, биринчи навбатда журналистларга ҳужум ҳолатларига жавоб бериш бевосита масъулияти бўлган ЮНEСКО бош директоридан бу жиноятни зудлик билан ва қатъий қоралашни талаб қиламиз», - дея таъкидлади Захарова.

Мавзуга оид