Жаҳон | 17:57 / 18.06.2024
45220
10 дақиқада ўқилади

Ўзбек Чикатилоси: хиёнат сабаб ваҳший қотилга айланган «маняк»

Ўзбекистон фуқароси Бахтиёр Матёқубов Тошкент, Москва ва Киевдаги шафқатсиз жиноятлари ортидан постсовет ҳудудидаги аҳоли орасида «Ўзбек Чикатилоси» номи билан даҳшат уйғотади. У маъшуқасидан қабул қилган хиёнат аламини бошқа аёллардан олади. Маняк 3 та давлатда аёлларни ваҳшийларча ўлдирган.

Матёқубов 10 дан ортиқ аёлларни ўлдириб, жинсий алоқа қилади. Қурбонларнинг орасида 72 ёшли пенсионер ҳам бор эди. Хўш, унинг бу жиноятларига фақат хиёнат сабаб бўлган эдими? Тажовузкор болакай, илк жиноят, икки давлатдаги умрбод қамоқ жазоси… барчаси «Ўзбек Чикатилоси»нинг қотиллик тафсилотлари ҳақида.

Болаликдаги безориликлар

Бахтиёр Матёқубов.
Фото:: “Mash” 

Бахтиёр Матёқубов 1973 йилда Ўзбекистонда туғилган. Унинг безориликлари мактаб чоғларидаёқ юзага чиқа бошлаган. Кўчадаги жанжаллардан тортиб, оилавий муносабатларда ҳам Бахтиёрнинг тажовузкор табиати намоён бўла бошлайди. Ўша пайтлардаги оқ қўлқоп кийиб юриш одати унинг оиласини хавотирга сола бошлаганди. Кейинчалик Бахтиёр қотилликларини ўзидан из қолдирмаслик учун ҳам шундай қўлқоп ёрдамида амалга оширган. Бу эса уни «оқ қўлқопли қотил» номи билан танитади.

Матёқубов биринчи жазони ўсмирлик чоғида, Ўзбекистонда олган. У 17 ёшида талончилик учун қамоққа тушади. Аммо ҳукм қисқа эди. Бўлажак қотилнинг кейинги 15 йили, яъни айни ёшлик даври талончилик, муштлашишлар ортидан қисқа муддатли қамоқ жазоларини ўташ билан ўтади.

Қайта-қайта кичик жиноятларини такрорлашига қарамай, ҳар сафар у муддатидан олдин озодликка қўйиб юборилган. Ҳаммаси бўлиб 12 йил қамоқда ўтирган Матёқубов аҳлоқ тузатиш муассасаларида ўзини намунали тутганлиги учун шартли ёки амнистия билан озодликка чиқарилган. 

 Бахтиёр Матёқубов

Кичик безорининг қотилга айланиши 

2006 йилда яна шартли озодликка чиққан Бахтиёр янги ҳаёт бошлаш учун Москвага жўнади. Бироқ бу ерда унинг ҳаёти жиноятлар билан бошланди. Кўп ўтмай талончилик учун яна Химкида ҳибсга олинган Матёқубов такрорий жиноятчи сифатида 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Шундан саккиз йилни қамоқда ўтказган жиноятчи бу сафар ҳам яхши хулқ-атвори учун 2014 йилда муддатидан олдин озод қилинди. 

Ўзбекистондан келган маъшуқаси билан Москвада бирга яшай бошлаган Бахтиёр унинг бошқа эркак билан телефондаги ёзишмаларидан хабар топади. Жанжал ортидан аёл уни ташлаб кетганидан сўнг Матёқубов собиқ севгилиси ва унинг жазманини ўлдиришни режалаштиради. Уларни кузатиб, Курск станциясига боради. Аммо гувоҳлар сони кўплиги, қўлга тушиш эҳтимоли катталиги уни бу режадан қайтаради, энди Матёқубов бор аламини бошқа аёллардан олишга қасд қилади. 

2015 йилнинг кириб келишини Москвада яшовчи акаси билан нишонлаган Матёқубов танишининг машинасида шаҳар бўйлаб сайр қилиш учун кетаётиб, «Люблино» метро бекати ёнида 36 ёшли Юлия Анпиловага кўзи тушади. Уни уйига бирга байрам кутишга таклиф қилади. Суҳбат орасида 2 нафар фарзанди борлигини айтган аёл бу гапи ўз бошига етишидан бехабар эди. Матёқубов унинг оиласи бўла туриб кўчада бошқа эркак билан юрганидан ғазабланади. Кейин уни Раменский туманига олиб бориб, ўлдиради ва жасадини ариққа яширади. Шу тариқа Юлия «маняк»нинг илк ўлжасига айланади. Кейинчалик, тергов пайтида Бахтиёр бу қотиллик ортидан «Москвада битта фоҳиша камайганидан мамнунлигини» айтади. 

Фото: Видеодан кадр

«Қон иси»ни олган манякнинг кейинги жиноятлари Ўзбекистонда давом этади. 2 январ куни Россиядан қочиб кетган жиноятчи Тошкентга келади. Келганига бир неча соат бўлмасидан туриб, яна бир жиноятга қўл уради. Унинг бу галги «ўлжа»си дорихона ходимаси эди. Қотил бир неча кун давомида уч аёлни ўлдиради. Улардан бирини Самарқандда амалга оширади. Унинг қотилликлари тобора шафқатсиз бўлиб борар эди. Баъзи манбаларда қурбонлардан бирининг боши узиб олингани ёзилади. 

Киевдаги «қонли юриш»

Тошкентда узоқ қололмаслигини билган Матёқубов март ойида автобусларда Украина пойтахти Киевга етиб олади. Унинг ягона мақсади «аёллардан ўч олиш» эди. 

Орадан вақт ўтиб, Матёқубов Киевда 4 март куни Теремки метро бекати яқинида итини сайр қилиб юрган 47 ёшли Наталя Онипченкони ўлдиради. Бир неча кундан сўнг эса боғда сайр қилиб юрган 77 ёшли нафақадаги кампирни гумдон қилади. Қотил унга 20 га яқин пичоқ жароҳатини етказган. Яна бир даҳшатли жиҳат шундаки, Матёқубов барча қурбонларини «Шерхон» ёзувли пичоғида амалга оширади. 

Бир ҳафта ўтгач, Бахтиёр 52 ёшли гул сотувчига ҳужум қилмоқчи бўлди, аммо унинг режалари амалга ошмади. Аёл бақириб ҳамманинг эътиборини тортади. Шунга қарамай, «Шерхон» унинг танасига 4 бор қадалади. Матёқубов аёлнинг ҳамёнидан фақат тилла тақинчоқлар ва пулларни ўғирлаб, жиноят жойидан қочиб кетган. 

Бу вақтга келиб, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари кетма-кет қотилнинг дастлабки икки қурбони жасадларини аллақачон топиб бўлган ва тахмин қилинган жиноятчининг идентификаторини тарқатишни бошлаганди. Ҳибсга олинишидан қўрққан Матёқубов Киевни тарк этиб, Москвага қайтиб кетади.

Наталья Елькина
Фото: Fakty.ua

Москвага қайтган «маняк» янги қотилликлар режасини туза бошлайди. Россия пойтахтида у яна бир неча аёлни – Измаиловский боғида 44 ёшли Эльмира Гусенкони, Москва қандолат дўконида 35 ёшли Наталья Елькинани ва Балашихадаги тиббий буюмлар дўконида 53 ёшли Ирина Чекановани ўлдиради. Бахтиёр ўзининг туғилган куни, 9 апрелда 26 ёшли сотувчи қиз Юлия Лебежинага 15 марта пичоқ урган, сўнг дўкондан пул ва бир қанча товарларни ўғирлаб, қочиб кетган.Тергов қарорига кўра, қотил Москвада одамлар кам бўлган жойларда аёлларга ҳужум қилган. У Матёқубов Россия пойтахтида 2015 йилнинг 17 мартидан 9 апрелига қадар бешта аёлнинг ўлимига сабабчи бўлган. Эътиборлиси, улардан бири вояга етмаган қизалоқ бўлган. 

Судда қизалоқни нега ўлдиргани тўғрисидаги саволга, унинг сочлари сариқ ва кўзлари ёрқин мовий рангда бўлгани, бу кўринишдаги қизларнинг барчаси фоҳиша бўлишини айтиб ўтган.

Юлия Лебежина
Фото: Fakty.ua

Қотилнинг қўлга тушиши

Кўп ўтмай, Россия пойтахтида ҳибсга олинишидан қўрқиб, Матёқубов яна Киевга қайтиб кетди ва қурилиш ишчиси бўлиб ишга киради. У ерда Матёқубов бир аёл билан учрашиб қолади ва кейинроқ, 14 апрел куни кечқурун уни ўз хонасига таклиф қилади. Навбатдаги «ўлжа»сини қандай гумдон қилишни ўйлаётган жиноятчи аёлнинг икки вояга етмаган фарзанди борлигини кўриб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга қарор қилади.

Номаълум сабабга кўра, бошқа ўғирланган нарсалардан фарқли ўлароқ, Матёқубов 3 март куни ўзи ўлдирган Наталя Онтипченконинг телефон рақамини сақлаб қолишга қарор қилган ва Киевга келганидан сўнг тез орада ундан фойдалана бошлаган. Натижада, 15 апрел куни Матёқубов Киев жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари томонидан маҳаллий кафелардан бирида спиртли ичимлик истеъмол қилган вақтида қўлга олинди. Ҳибсга олиш пайтида «Ўзбек Чикатилоси» ҳеч қандай қаршилик кўрсатмайди. Унинг уяли телефони тафсилотлари ўрганиб чиқилгач, шунингдек, ҳаракатланиши босқичма-босқич тикланиб, жиноят содир этилган жойлар билан боғланганидан кейин унинг қилмишлари фош бўлди. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинмаса, гувоҳлик беришини айтгач, терговчи «маняк»ка шундай ваъда беришга мажбур бўлади, Матёқубов эса завқ билан жиноятлари тафсилоти ҳақида гапира бошлайди, агар улар уни тўхтатмасалар, у ўлдиришда давом этишини айтади.

Бахтиёр Матёқубов. Фото: ntv.ru 

Прокуратура ҳали ҳам умрбод қамоқ жазосини тайинлаш ҳукмидан қайтмаганини эшитган Бахтиёр суд залидан қочишга ҳаракат қилиб, ёлғон ваъдаси учун терговчига уни ўлдириш билан таҳдид қилади. Муддатидан олдин озодликка чиқишга ўрганиб қолган жиноятчи бу сафар ҳам қисқа муддатда қамоқдан қутулишига ишонганди. Бироқ унга жазо муқаррар эди… 

Мутахассислар унинг ақли расо эканини ва ўз қилмишлари учун тўлиқ жавобгар эканини аниқ таъкидлади ва 2016 йил охирида Бахтиёр Украинада умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ҳукмдан бир йил ўтиб, Матёқубов Россияга экстрадиция қилинди ва у ерда содир этилган қотилликлари учун судга тортилди. У ўзини қилмишидан афсусланган ва тавба қилган қилиб кўрсатиш учун тергов вақтидаёқ насронийлик динига ҳам ўтади. Бироқ бу «маняк»нинг жазодан қутулиб қолишига ёрдам бермади. 2019 йил 2 апрелда Москва шаҳар суди Бахтиёр Матёқубовни Россияда содир этилган бешта қотилликда айбдор деб топди ва уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Тақдирга тан берган Матёқубов ҳукм устидан шикоят қилиш нияти йўқлигини, шунингдек, қилган ишидан пушаймон эмаслигини ва озод қилинса, яна аёлларни ўлдириши мумкинлигини айтади.

Бахтиёр Матякубов

Матёқубов Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши ва у ерда содир этган қотилликлари учун жавоб бериши керак эди. Бироқ унинг кейинги тақдири ҳақида ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай маълумот йўқ. Тахминларга кўра, у ҳали ҳам Россия қамоқхонасида.

Мавзуга оид