Жамият | 10:32 / 18.06.2024
16123
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда бозор ёниб кетди

Ёнғин оқибатида савдо комплексининг 300 метр квадрат майдонида аралаш турдаги моллар савдо дўконлари ёниб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги бозорда ёнғин келиб чиққан. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг хабар беришича, ҳодиса бугун 2024 йил 18 июн тунда содир бўлган.

Маълум қилинишича, соат 2:30 да вилоят ФВБга Ҳазорасп тумани “Боғдор” МФЙ ҳудудида жойлашган “Ҳазорасп универсал савдо комплекси” АЖ ҳудудида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар тушган.

Ёнғин-қутқарувчилар соат 02:35 да воқеа жойига етиб бориб, соат 04:04 да ёнғинни тўлиқ бартараф қилишган. Ёнғин оқибатида 300 метр квадрат майдонда аралаш турдаги моллар савдо дўконлари ёниб зарарланган.

Ёнғин-қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ёнғин майдонини бошқа дўконларга ўтиб, кенгайиши ва савдо комплекси ҳудудининг 4 200 метр квадрат майдони сақлаб қолинган. 

Қайд этилишича, ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғиннинг юзага келиш сабаби ҳамда моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ўзбекистондаги бозорларда тез-тез ёнғин содир бўлиб туради. Бунга асосан электр тармоқларининг палапартиш ва ўзбошимчалик билан тортилиши сабаб бўлади.

Бозорлардаги ёнғинда кўплаб савдо дўконларининг ёниб кетишига эса йўлакларнинг эгаллаб олиниши ва ўт ўчириш машиналарининг эркин ҳаракатлана олмаслиги сабаб бўлади.

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида жойлашган Сергели машина бозорида, Андижон буюм бозорида, Балиқчи туманидаги кийим бозорида ёнғинлар содир бўлганди.

Шунингдек, Намангандаги Чортоқ деҳқон бозорида ёнғин содир бўлгани, Бухородаги савдо мажмуасида эса 23 та дўкон ёниб кетгани, июль ойида Хива буюм бозорида ёнғин чиққани, Қўқондаги улгуржи бозорда йирик ёнғин юз бергани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид