Ўзбекистон | 21:20 / 19.06.2024
6524
5 дақиқада ўқилади

19 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Малакали ўқитувчиларнинг маошларини ошириш таклиф этилди, депутат Ўзбекистонда Оталар куни белгиланишини олқишлади, Бўстонлиқ туманига элтувчи йўлда янги туннел очилди.

Изланувчан ўқитувчиларга юқори маош

Ўзбекистонда айрим ўқитувчиларнинг ойлик маоши оширилиши мумкин. Президент ҳузурида ўтказилган мактаб таълими сифати ва педагоглар малакасини ошириш бўйича таклифлар тақдимотида 2025 йил сентябрдан олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш таклифи билдирилди.

Ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши ва ўрганиши кўп жиҳатдан мураббийларнинг билим ва маҳоратига боғлиқ. Шу боис педагогларнинг малакасини оширишга зарур шароит яратилиб, баҳолаш тизими такомиллаштириб борилмоқда.

Аттестацияда илғор технологияларга асосланган янги тартиб жорий этилган. Унда 190 мингдан зиёд ўқитувчилар қатнашиб, шундан 51 минг нафарининг тоифаси оширилган.

Мактабларда билимли ва изланувчан педагоглар кўпайишини доимий рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.2025 йил сентябрдан олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш таклифи билдирилди.

Аттестациядан ўтолмаган, тажрибаси етарли бўлмаган ўқитувчилар учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳудудлардаги 11 та педагогика коллежини Малака ошириш марказлари тасарруфига ўтказиб, хориждан тренерларни жалб этиш вазифаси қўйилди.

Хотин-қизларга 18 мингдан зиёд тавсиянома

Эҳтиёжманд оилалардаги 18 минг 481 нафар хотин-қизларга олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун тавсиянома берилди. Қарийб яна шунча талабгорга тавсиянома бериш рад этилган.

Берилган тавсияномалар xotin-qizlar.uz электрон платформасида мавжуд. Техник масалалар бартараф этилганидан сўнг, берилган тавсияномалар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг тегишли платформасига интеграция қилинади.

Рўйхатдан ўтиш учун тавсияномани кутиш шарт эмас. Ҳозирнинг ўзида рўйхатдан ўтиб, фанлар мажмуасини танлаш мумкин. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тавсиянома олган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилиши ҳафта охирида кутилмоқда. Маълумотлар тақдим этилиши билан улар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг сайтида акс этади. 

Депутат Оталар кунини нишонлашни таклиф этди

“Миллий тикланиш” партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Оталар куни жиддий сиёсий-ижтимоий кун сифатида оммалаштирилиши лозимлигини қайд этди.

Айни пайтда кўплаб мамлакатларда ҳар йили июн ойининг учинчи якшанбаси Оталар куни сифатида нишонланади. Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда ҳам оталар куни алоҳида кун сифатида қайд этилиши керак деган фикрни илгари сурмоқда.

“Нафақат оилада, бутун жамиятдан эркакнинг, яъни амалдаги ёки бўлажак оталар оҳорини тўкиб, номини оёқости қилиб юбормаяпмизми? Бунинг оқибати нима бўлади?

Боғча ва мактабни эркак тарбиячи ҳамда ўқитувчилар ташлаб кетганига анча бўлди. Сўнгги йилларда эркаклар оиладан ҳам сиқиб чиқарилаётгандек…

Миллат тақдири қуриладиган бу масканлар рад этилаётган оталикнинг аччиқ мевалари — асабий аёлларнинг эътирозлари билан бўғилмаяптими?

Ота, эркак — жамият шаъни-шавкати ҳимоячиси. Мукаррам ва ҳикматли оналар бу ҳимоячиларни тарбияловчилардир!» деган Алишер Қодиров.

Партия раиси ўз сайлов дастурида фарзанд кўрган аёлларга тарбия тренингларида иштирок этиш шарти билан 3 йилгача ҳақ тўланадиган оналик таътили бериш таклифи устида ишлаётганини ҳам маълум қилган.

«Агар оналар шавкатли фарзандлар учун ҳаловатидан кечмаса, отасини танимайдиган фарзандлар нафақат онаси, балки бутун жамиятни қурбон қилади. Оталар куни жиддий сиёсий ижтимоий кун сифатида оммалаштирилиши зарур», деб ёзган Алишер Қодиров. 

Бўлажак оталар кўпроқ туғилмоқда

Чиндан ҳам Оталар кунини нишонлашга эҳтиёж бордек. Чунки Ўзбекистонда қиз болаларга нисбатан ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда.

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилнинг январ-май ойларида ФҲДЁ органларида 374,4 минг нафар тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилган.

Шундан ўғил болалар — 180,4 минг нафарни, қиз болалар — 167 минг нафарни ташкил этган.

2024 йилнинг 5 ойида ҳам Ўзбекистонда қиз болаларга нисбатан 13,4 минг нафар ўғил бола кўп туғилган. 

Бўстонлиқ йўлида янги туннел

Тошкентда Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R-12 автомобил йўли кесишмасида янги туннел очилди. Энди Чорвоқ сув омбори томон кетаётган ҳайдовчилар чорраҳада тўхтаб туриши шарт эмас.

Туннел қурилгунга қадар чорраҳада дам олиш кунлари тирбандлик юзага келар ва ҳайдовчилар светофорнинг бир неча ёниб-ўчишини кутишга тўғри келарди.

Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун 4R-12 йўлидан Янги Ўзбекистон кўчасига чиқиш ташкил этилди.

Туннел орқали оғир автомашиналар ва хавфли юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади. Улар чорраҳа орқали ўтишлари керак.

Мавзуга оид