Ўзбекистон | 17:01 / 19.06.2024
29174
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Остонага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди

Самолёт ҳавога кўтарилганидан 45 дақиқа ўтиб, Тошкентга қайтишга мажбур бўлган. Uzbekistan Airways ҳолат юзасидан расмий изоҳ берган ва йўловчилардан узр сўраган.

Тармоқларда Тошкентдан Остонага учиши керак бўлган самолёт манзилга бормай, пойтахтга қайтгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Таъкидланишича, Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортдан 19 июн куни Тошкент-Остона йўналишида учиши керак бўлган HY-721 йўловчи рейси герметик бузилиш сабаб парвозини якунламаган.

Kun.uz манбасига кўра, ҳақиқатан ҳам бунга ҳаво кемасининг герметик бузилиши, яъни юк бўлими эшиклари ёпилмай қолгани сабаб бўлган.

Қайд этилишича, А320 русумли самолётнинг парвози 2 соат, 13:45 дан 15:45 гача давом этиши керак бўлган, аммо самолёт ҳавога кўтарилганидан 45 дақиқа ўтиб эшиклар ёпилмай қолгани туфайли Тошкент шаҳрига қайтишга мажбур бўлган.

Буни Flightradar ресурсидаги маълумотлар ҳам тасдиқламоқда.

Uzbekistan Airways ҳолат юзасидан расмий изоҳ берган ва йўловчилардан узр сўраган.

«Юк бўлими эшигининг нотўғри сигнализацияси ишга тушгани сабабли, экипаж баландликка кўтарилишни тўхтатиб, процедураларга мувофиқ жўнаб кетиш аэропортига қайтишга қарор қилди.

Авиакомпания мутахассислари ҳаво кемасини парвозга тайёргарлик кўриш бўйича барча зарур ишларни амалга оширдилар ва ҳаво кемаси яқин фурсатларда ўз йўналиши бўйича парвозни амалга оширади», дейилади хабарда.

Мавзуга оид