Ўзбекистон | 07:45 / 22.06.2024
35769
3 дақиқада ўқилади

Электр энергияси ва газ учун тарифларни шакллантириш тартиби тасдиқланди 

Белгиланган тартибда тасдиқланган электр энергияси ва табиий газ учун тарифлар 2026 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади. 

Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2035 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди

Ҳужжат билан электр энергияси ва табиий газ учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. 

Тарифлар ишлаб чиқариш, қазиб олиш, узатиш ва бошқа тизимли хизматлар, тақсимлаш ва фойдаланиш ва капитал харажатларни тўлиқ қоплашни ҳисобга олган ҳолда сотиш харажатларидан келиб чиққан ҳолда шаклланади.

Белгиланган тартибда тасдиқланган электр энергияси ва табиий газ учун тарифлар 2026 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади. 

Электр энергиясининг ягона ва табиий газнинг марказий харидори электр энергияси ва табиий газни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланган тарифлар бўйича сотиб олади ҳамда сотади. 

Аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш электр энергияси ва табиий газнинг базавий нормасини қўллаш ҳамда улар учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланади. 

Тартибга солинадиган тарифлар ўзида харажатларни акс эттириши, электр энергетика тармоғининг самарали ишлаши рағбатлантирилишини таъминлаши ва ижтимоий компенсацияларни ҳисобга олиши лозим.

Электр энергияси учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисида низом қуйидагиларни назарда тутади:

  • электр энергияси учун тарифларни шакллантириш механизми;
  • ташкилотлар учун талаб қилинадиган даромадни ва истеъмолчиларнинг турли гуруҳлари учун электр энергияси учун тарифларни шакллантириш тартиби;
  • тарифларни асослаш учун ҳужжатларни тақдим этиш;
  • тарифларни шакллантириш устидан давлат назорати ва бошқалар. 

Табиий газ учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисида низом қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • тарифларни тартибга солиш тамойиллари;
  • турлар бўйича харажатларни ва талаб қилинадиган даромадни ҳисоб-китоб қилиш тартиби;
  • субсидияланадиган тарифлар;
  • харажатлар, активлар ва даромадларни тақсимлаш тамойиллари ва бошқалар.

Мавзуга оид