“ЖСТга анча яқинмиз” — бош музокарачи Азизбек Урунов билан суҳбат
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига узоғи 2 йил ичида аъзо бўлиш ниятини эълон қилиб, бу йўлда муҳим қадамларни ташлади. Kun.uz музокаралар қандай кетаётгани, автосаноат ва электротехника каби соҳаларда протекционизм давом этаётгани ва бошқа саволлар атрофида президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили Азизбек Урунов билан суҳбат ташкил этди.
– Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиб кириш бўйича режалаштирган муддатини эълон қилди. Бу муддатгача аъзолик жараёни якунланишига ишончингиз комилми?
– ЖСТга аъзо бўлиш масаласи кенг кўламли ислоҳотлар бошланган кундан бошлаб кун тартибида бўлган. Бугунги кунгача жорий иқтисодиётдаги ислоҳотлар ва ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳал қилиб келинди. Ўтган йилдан ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш дастурлари шакллантирилиб, уларни амалга оширишга ўтдик. Шу нуқтайи назардан иқтисодиётимизни ҳам, ислоҳотларимиз билан ҳам ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик қилиб келдик. Ҳақиқатан, бугунги кунда давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз ва бир бутун халқимиз ЖСТга аъзо бўлишимизни қўллаб-қувватлаяпти.
Ўйлашимча, биз бу жараёнга анча яқинлашиб қолдик ва аъзоликка тайёрмиз деб ўйлаймиз. Бу ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Бу бизнинг иқтисодий ривожланишимиз, аҳоли фаровонлиги учун янги саҳифа очиб беради. Чунки имкониятлар кенгаяди.
24 май куни ишчи гуруҳ йиғилишида 2026 йилгача ЖСТга кириш мақсадимизни эълон қилдик. Бунинг иккита сабаби бор, биринчиси, ушбу жараённи қўллаб-қувватлаш, президентимиз бу масалани қўллаб қувватлаяпти. Ички реформаларимизни ЖСТ талабларига тайёрлашда ишлар анча фаоллашган.
Иккинчиси, тезроқ жараённи якунлаш учун аъзо давлатларга сигнал бериш учун бу муддат эълон қилинди. Аъзо давлатлар номзоднинг ҳаракатларини кўрадиган бўлса, шунга яраша реакция қилади. Чунки биласиз, ЖСТга аъзо бўлиш учун кўплаб ҳужжатлар тақдим этилади. Ўша ҳужжатлар қанча вақт ичида кўриб чиқилиши аъзо давлатларга боғлиқ. Шу нуқтайи назардан, улар ҳам биз билан жараённи фаол олиб бориб жараённи якунлаш мақсадида.
– 3 июн куни бир нечта монополистларга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилишни назарда тутган президент фармони имзоланди. Сизнингча, ҳужжатдаги асосий жиҳатлар қайсилар?
– Жуда муҳим фармонга имзо чекилди. ЖСТга аъзо бўлиш учун бу тарихий фармонлардан бири [бўлди]. ЖСТга аъзо бўлмаганимизга кўп йиллардан бери конвертация сабаб қилиб кўрсатилган. Аслида ундай бўлмаган. ЖСТда бозор механизмлари ишлаши керак. Шу нуқтайи назардан узоқ йиллардан бери давлат савдо корхоналарида эксклюзив ҳуқуқлар кўп бўлган. 2017 йилгача ҳаттоки мева-сабзавот экспорт қилишда ҳам алоҳида корхоналарнинг рўйхатини тасдиқлардик. Уларгина экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўларди. 2017 йилдан бошлаб ташқи савдода эркинлаштириш сиёсати олиб борилганидан кейин ўзимизни кўп нуқтайи назардан бунга тайёрлаб келдик.
ЖСТга аъзо бўлишда бугунги кундаги жараённи ҳисобга олсак, жуда фаол фазадамиз. Давлатлар биздан қолган ЖСТ принципларига мос бўлмаган ўзгаришларни кутишаётган эди. ЖСТ бош директори Ўзбекистонга келганида ҳам “бу фармонни самолётда ўтириб ўқиб чиқдим, бундан яхшироқ совға олмаган бўлардим, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича шаҳдам қадамини кўрсатади”, деди.
Нимаси билан бу фармон муҳим? Биринчидан, иқтисодиёт иштирокчилари учун тенг шароит яратиш нуқтайи назаридан жуда муҳим. Ўзбекистонда охирги 7 йилда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кейинги қадами деб ўйлайман. Фақатгина ЖСТга аъзо бўлиш учун бу фармонни қабул қилмадик. Давлат корхоналарини ҳам бозор механизмларига ўтказиш пайти келганди. Бу корхоналаримизнинг аввало рақобатбардошлигини оширишга, бозор тамойили асосида ишлашига олиб келади. Кўпчилик скептик одамларимиз бу корхоналар ўлиб қолмайдими деган фикрда бўлишлари мумкин, лекин биз иқтисодиётни жадал ривожлантирмоқчи бўлсак, уларнинг рақобатбардошлигини оширишимиз керак. Агар уларни бозор муҳитига қўймайдиган бўлсак, рақобатбардошлигини оширишимиз жудаям қийин бўлади.
Фармон ўз ичига комплекс масалаларни олади. Бу фармонни тайёрлашда ЖСТнинг бир қатор битимлари инобатга олинди. Давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқлари, инвестиция билан боғлиқ савдо чоралари тўғрисидаги битимлари ҳам бор, булар ҳам фармонда акс этди. Инвесторларга маҳаллийлаштириш, импорт ёки экспорт қилиш билан боғлиқ бўлган қатъий талаблар қўйилиши ман этилган. Шу талаблар ҳам миллий қонунчиликда аксини топиш мақсадида тегишли идораларга вазифалар берилган. Улар ушбу талаблардан келиб чиққан ҳолда, қонунчилик нормаларини инвентаризация қилиб, мослаштириш бўйича таклифлар киритиши керак.
– Фармонга кўпчилик кутаётган автосаноат соҳаси киритилмаган. Ҳукумат бу соҳа учун имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиш бўйича ЖСТдан неча йил муддат сўраяпти?
– Бу икки томонлама музокаралар билан боғлиқ бўлган жараён. Буни очиқлаб бўлмайди. Чунки ҳар бир давлат ўзини қизиқтираётган йўналишда сиз билан музокара қилади. Агар биз бу масалани очиқлаб берсак, аъзолар бизнинг позициямизни билиб олади, бу эса музокаралар жараёнига таъсирини кўрсатади.
Икки томонлама музокараларда бозорга кириш шартлари келишиб олинади. Оддий мисол билан айтадиган бўлсак, Ўзбекистон бозорига телефон олиб кириш шартларини келишиб олиши мумкин, ёки ичимлик суви, автомобил, тўқимачилик маҳсулотлари... Агар автосаноат бўйича позициямиз мана бундай дейдиган бўлсак, позициямизни уларга билдириб қўйган бўламиз. Ҳар бир давлат билан икки томонлама музокаралар махфий олиб борилади. Битта давлат иккинчи давлатга Ўзбекистон билан қанақа шартларда келишганини очиқлаши мумкин эмас. Бу ЖСТнинг талаби ҳисобланади. Биз Европа Иттифоқи билан нимагадир келишиб олган бўлсак, келишганимиз бўйича улар бу маълумотни АҚШ, Ҳиндистон ёки Хитойга очиқлашга ҳаққи йўқ. Биз ҳар битта давлат билан музокараларни очиқласак бўлади, лекин позициямизни билдириб қўйган бўламиз.
Мисол учун, сув бўйича нол импорт божига келишдик дейдиган бўлсак, буни биздан сўраётган 10 та давлат бўлиши мумкин. 10 та давлат нол бўлганини билганидан кейин биз билан сув бўйича музокара қилмайди-да, уни қизиқтирадиган бошқа товар позицияси бўйича музокарага киришади. Чунки сув бўйича масаласи ечилганини билади.
Автосаноат масаласига қайтсак, биз ўтган йил барча тармоқ ташкилотлари, вазирлик ва идоралар билан товарлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича икки ой ишлаб, ўзимизнинг позициямизни ишлаб чиққанмиз. Ўша позиция бўйича музокаралар олиб бориляпти. Албатта, ЖСТга аъзо бўлиш масаласида биз хоҳламаган тақдирда ҳам аъзо давлатлар бу нарсага қаттиқ туради. Бу йўналишда ҳам бозорни эркинлаштиришга олиб келишимиз керак. 2017 йилдан олдинги божхона тўловлари билан бугунги кундаги божхона тўловларини солиштирсак, божлар 3 баробаргача камайтирилган. Таҳлил қилганимизда, ўртача божлар 110 фоиздан 180 фоизгача борарди. Сиз 100 минг долларлик автомобил сотиб оладиган бўлсангиз, 110 минг доллардан 180 минг долларгача божхона божини тўлашингиз керак эди, нимага? Сабаби бу ерда импорт божи бор эди, двигател ҳажмига боғлиқ бўлган қўшимча тўлов бор эди ва акциз солиғи жуда баланд эди. 2021 йилдан акциз солиқларини бирлаштирганмиз, акциз солиғини автомобил импортида бекор қилганмиз, шунингдек, ўтган йилдан импорт божлари янги автомобилларга янада либераллаштирилди. Шу нуқтайи назардан эркинлаштириш жараёни босқичма-босқич олиб бориляпти.
ЖСТга аъзо бўлишда номзод давлат ўзига кўпроқ имконият қолдириш нуқтайи назардан позициясини ишлаб чиқади. Ҳар бир аъзо давлат номзод давлатнинг бозорини ўзига очишга уринади. Бу нима дегани? ЖСТ аъзолари билан музокара олиб бораётган жараёнда баъзи импорт божларини олиб қарасак, аниқ позициямиз бор дегани, ҳар бир давлат ўзининг саноат сиёсатини 3-5 йиллик тармоқ дастурлар асосида амалга оширади. Ўша пайтда тармоқ оёққа туриб олиши учун қанақадир қўллаб-қувватлов бўлиши мумкин. Бир нарсани ёдда тутиш керак, ЖСТ 20-30 йил давомида қайсидир тармоқни алоҳида ҳимояда ушлаб туриш имконини бермайди. Иқтисодий имкониятлардан, қиёсий устунликлардан келиб чиққан ҳолда ўзининг иқтисодий, саноат сиёсатини олиб боради. Шу жиҳатдан бу қўшимча, кераксиз ҳимоялаш имконини бермайди.
– 4 июн куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо Ивеала Тошкентга келди, унинг ташрифи Ўзбекистонга ташкилотга аъзо бўлишида қандай манфаат беради?
– Бу Оконжо Ивеала хонимнинг ташкилот аъзоси бўлмаган давлатга биринчи ташрифи бўлди. Бу аъзо давлатларга катта сигнал, чунки ЖСТ директори аъзо давлатларга ҳисобдор. Иккинчи тарафдан, агар Нгози хонимнинг шахсий сифатларини олиб қарайдиган бўлсак, у жаҳон миқёсида жуда обрўли. Унинг Ўзбекистонга келиши мамлакат аъзоликка қанақа жиддий ёндашаётганини кўрсатиб беради. Бу аъзо давлатларга катта сигнал. Давлат раҳбари билан учрашувда катта масалалар муҳокама қилинди. Шу жиҳатдан бош директор аъзо давлатларнинг расмий вакиллари билан бу масалани муҳокама қилади ва жараён тезлашишига олиб келади.
– ЖСТ директорининг ҳиссаси биз ташкилотга аъзо бўлишимизда қандай бўлади?
– Унинг ҳиссаси жуда муҳим. Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини аъзо давлатлар ҳал қилади. Ташкилот уставида белгиланган қоидалар шунақа. Бош директорининг ЖСТ кун тартибини шакллантиришдаги роли эса беқиёс. 2026 йилда Камерунда 4-вазирлар учрашуви бўлиб ўтади, унгача аъзо бўлиш ниятимиз бор дедик. Бош директор Ўзбекистон билан музокараларни якунлашимиз керак деган масалани ҳар битта аъзо давлат кун тартибига қўяди. Аъзо давлатларни фаол ишлаб жараённи якунлашга ундай олади.
– Йил бошидан импорт билан боғлиқ бир қатор баҳсли нормалар кучга кирди, айрим кейслар юз берди. Электромобил, автомобил, маиший техника, лифт каби маҳсулотлар импорти мураккаблашди. Ўзбекистоннинг ЖСТдаги бош музокарачиси сифатида бу тўсиқларга муносабатингиз қандай?
– ЖСТнинг асосий талаби нимада? Импорт бўладиган маҳсулотлар ва давлат ичкарисида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўртасида бозорда тенг шароитлар яратиш. Сиз кўтарган масалалар бўйича гап кўпроқ нотариф чоралар ҳақида кетяпти. Нотариф чоралар импорт маҳсулотларига ҳам, миллий маҳсулотларга ҳам бир хил даражада татбиқ этиладиган бўлса, ЖСТ талабларига принципиал зид эмас.
Электромобил кейсига тўхталдингиз, бу жуда қизиқ кейс. Бу ички бозоримизга электромобилларнинг кириб келишини катта даражада чеклайдиган чора эмас. Бу фақат BYD’га боғлиқ чора истисно. Глобал етказиб бериш занжири доирасида BYD бу масалани ўзи ҳал қилса бўлади. Ўша бизнинг тегишли вазирлик ва идоралар билан Ўзбекистонга инвестиция қилиш шартларида бу чорани самаралироқ чора сифатида кўришган бўлиши мумкин.
Иккинчи тарафдан BYD ягона электромобил ишлаб чиқарувчи эмас, қолган ишлаб чиқарувчилар учун бу чора сифатида татбиқ этилмайди. Хитойда бошқа кўплаб компаниялар бор, Li, Zeekr кабилар бор. Қолганларга бу чора қўлланмайди. Мисол учун, электромобил ишлаб чиқарувчи АҚШ, БАА ёки Хитойнинг бошқа ишлаб чиқарувчиларига татбиқ этилмайди.
– Аммо масала бунда эмас, BYD охирги пайтларда ҳамёнбоп автомобиллар таклиф қилаётганди, бу эса ўзбекистонликларнинг танлов имкониятини кенгайтирган эди. Шу жиҳатга кўра, BYD импортига чеклов танқидларга учради.
– Қайсидир жиҳатдан фикрингизга қўшиламан, фақат нарх нуқтайи назаридан эмас, сифат нуқтайи назаридан ҳам ушбу маҳсулотларга нисбатан танлов кўпроқ бўляпти. Глобал нуқтайи назардан қарасак, бозор шарт-шароитларга тез мослашувчан ҳисобланади. BYD’га алтернатив сифатида бошқа компанияларнинг ҳам ўзининг харидорларини топади деб ўйлайман. BYD Ўзбекистонга инвестиция қилмоқчи ва бу инвесторнинг илтимосига биноан муҳокама бўлган, шу сабабли айтмоқчи бўлганим, бу глобал нуқтайи назардан ҳал қилса бўладиган муаммо.
– BYD билан боғлиқ кейс инвестор илтимоси билан содир бўлди дея қолайлик, лекин маҳаллий маиший техника ишлаб чиқарувчиларга қўшимча имтиёзлар берилиши ёки четдан олиб кириладиган лифтлар импорти бирданига тўхталиши ҳукумат қўлидаги нарса. Бундай қарорлар истеъмолчиларни камбағаллаштиради. ЖСТга аъзо бўлгунга қадар қолган вақт ичида ички ишлаб чиқарувчиларни кўпроқ қўллаб-қувватлаб қолайлик, деган позициядан дарак эмасми бу?
– Ўтган йили қабул қилинган 181-сонли қарор билан, ЖСТ қоидаларига зид қонунчилик ташаббусларини қабул қилмаслик белгилаб қўйилган. ЖСТга аъзо бўлиш бўйича идоралараро комиссия фаолият олиб боради. Биз қабул қилаётган қарорларнинг ЖСТ талабларига мослигини экспертиза қилиб борамиз. Қандай ҳоллар савдони чеклаш деб ҳисобланиши ЖСТнинг савдо ва тарифлар тўғрисидаги бож битимида қайд этилган. Кўпгина давлатлар бу чоралардан фойдаланади, қачонки, қайсидир саноат тармоғига етарли даражада зарар етадиган бўлса, қандайдир чегаралар киритишга рухсат берилган. Лекин хоҳлаганча савдони чеклаш ЖСТга аъзо бўлгач қийин жараёнга айланади.
1995 йилда кучга кирган битимга кўра, товарлар савдосини тартибга солишда давлатлар тариф чораларидан фойдаланишга келишган, нотариф чоралардан иложи борича қочамиз деган талаблар бўлган. 25-30 йил давомида тарифларни жуда кўп давлатлар либераллаштирган бўлса, кўп давлатлар нотариф чораларни кучайтирган. Нотариф чоралар бу – техник жиҳатдан тартибга солиш, санитар, фитосанитар чоралар бўлиши мумкин.
Бир мисол айтаман, Европа иттифоқи Ўзбекистонга GSP+ савдо режимини тақдим этган. Бу нима дегани? 6200та товарларни Европа иттифоқига божсиз экспорт қилишимиз мумкин дегани. Лекин агар чуқурроқ қарасак, импорт божлари нол бўлиши мумкин, лекин сертификатлаштириш каби талабларни ҳисобга олсак, бизнинг Европага экспорт қилиш имкониятимиз жуда чекланган. Бугунги кунда текстил маҳсулотлари, мева сабзавотлар нуқтайи назаридан товарларни Европа иттифоқи талабларига мослаштирмайдиган бўлсак, экспорт қилиш имкониятимиз бўлмайди. Тўқимачилик маҳсулотларини ҳам оладиган бўлсак, сертификация талабларини йўлга қўйиб уларнинг талаблари асосида экспорт қилмасак, экспорт имкониятимиз бўлмайди. Қайсидир маҳсулотни экспорт қилмоқчи бўлсак, уларда регистрация дейилади, бир бутун маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнидан бошлаб сертификация қилиш йўлига ўтишган.
Лифт, электротехника маҳсулотлари нуқтайи назаридан айтдингиз, адолатсиз савдога олиб келадиган тизим билан эртага ҳамма нарсани ўзгартириб қўёлмаймиз. ЖСТнинг ўзининг талаблари бор, ўзининг механизмлари бор, уларнинг суд тизими бор, бу масалаларни кўриб чиқади. Бундай чораларнинг олдини олиш ёки тақиқлаш механизмларини қўллаш мумкин.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
20:26 / 09.10.2024
“ЖСТга аъзоликдан кейин йирик корхоналарга 2-3 йиллик ўтиш даври берилади” – Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари
11:52 / 14.09.2024
Саида Мирзиёева: «Оиладаги зўравонликларга қарши кураш бўйича мамлакатимиз минтақада етакчига айланганидан фахрланаман»
08:14 / 14.09.2024