Жаҳон | 21:20 / 24.06.2024
22456
3 дақиқада ўқилади

Москва яқинида даҳшатли ёнғин. Камида 8 киши ҳалок бўлди — фотолар

Бинонинг тўрт қавати ёниб кетган. Ичкарида қолиб кетганлар бир неча соат давомида деразада ёрдам кутишган, аммо ўт ўчирувчилар уларга етиб бора олмаган. Ёнғинни ўчириш чоғида икки қутқарувчи ҳам жароҳатланган.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

Москва области Фрязино шаҳридаги «Платан» илмий-тадқиқот институти ҳудудида рўй берган ёнғин саккиз кишини ҳаётдан олиб кетди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, бинода жами тўққиз киши бўлган, шундан фақат бир киши қутқарилган. У шифохонага ётқизилиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Шунингдек, икки ўт ўчирувчи ис газидан заҳарланиш белгилари билан шифокорларга мурожаат қилган.

Маҳаллий манбаларга кўра, қурбонлар соат 14:30 дан буён деразада туриб, қутқаришларини кутган. Аммо ўт ўчирувчилар уларга етиб бора олмаган. Уларнинг ишини юқори ҳарорат ва қуюқ тутун қийинлаштирган.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда ичкарида қолиб кетган одамлар бино деразаларини синдираётгани акс этган. Кейинроқ икки киши 6 ва 7-қаватдан ўзини пастга ташлаб ҳалок бўлгани акс этган видеолар тарқалди, қолганлар ис газидан бўғилиб жон берган ёки оловда ёниб кетган.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

Ёнғин 24 июн куни тушдан кейин Заводской проезд, 2-уй манзилидаги саккиз қаватли маъмурий бинода бошланган. 

Бу «Платан» илмий-тадқиқот институти жойлашган манзилга тўғри келади. Институтни ўз ичига олувчи «Росэлектроника» ҳолдинги ёнғин чиққан бино 1990-йилларда хусусийлаштирилгани ва компанияга алоқадор эмаслигини маълум қилган.

Олов бешинчи қаватда бошланиб, саккизинчи қаватгача кўтарилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин майдони 5 минг кв. метрни ташкил этмоқда.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

ТАСС маълумотига кўра, бинонинг тўрт қавати буткул ёниб кетган. Бинода портлаш ҳам содир бўлган, олтинчи қаватда газ баллони портлаб кетган.

Ёнғинни ўчиришга 100 дан ортиқ ўт ўчирувчилар, ўнлаб ўт ўчириш машиналари, Ка-32 русумли иккита вертолёт жалб этилган.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

Област губернатори Андрей Воробев воқеа жойига 16 та тез ёрдам бригадаси етиб келганини хабар қилган. 

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

Москва области прокуратураси ёнғин сабаблари ўрганилаётганини маълум қилган.

«Интерфакс» агентлиги фавқулодда хизматларга асосланиб содир бўлган воқеа сабаблари бўйича турли версиялар кўриб чиқилаётганини маълум қилган. «Биринчи навбатда - қисқа туташув ва жиҳозлар носозлиги», дейилади хабарда.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС
Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

Тергов қўмитаси РФ Жиноят кодексининг 109-моддаси, 3-қисми (эҳтиётсизлик туфайли инсонлар ўлимига сабабчи бўлиш) бўйича жиноий иш очган.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС
Фото: Сергей Савостянов / ТАСС

Мавзуга оид