Боррел: Гуржистон учун «ЕИга эшик» ёпилиши мумкин
Гуржистоннинг Европа Иттифоқига аъзолиги учун эшиклар унинг расмийлари томонидан қабул қилинган «Хорижий таъсир тўғрисида»ги қонун туфайли ёпилиши мумкин, дея огоҳлантирди Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел. Европа Иттифоқи юқори даражадаги алоқаларни узиш билан таҳдид қилмоқда.
Европа Иттифоқи Гуржистон ҳукумати томонидан «Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида» ги қонун қабул қилингани учун Гуржистонга нисбатан номзод давлат мақомини бекор этиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда 24 июн, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди. «Гуржистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун эшик очиқ. Лекин ҳукумат шу йўлда давом этса, қилаётган ишини давом эттирса, бу эшик ёпилади ва унинг оқибатларини гуржи халқи тўлайди», - дея огоҳлантирди Боррел.
У гуржи халқининг Европа ҳамжамиятига қўшилиш истагини қайд этиб, мамлакат аҳолиси аксарияти ЕИ билан яқинлашиш тарафдори эканини таъкидлади. «Биз тинч аҳоли жабрланишини, тинч аҳолига оғриқ келтиришни истамаймиз», - дея қўшимча қилди Европа дипломатияси раҳбари. Жозеп Боррелнинг сўзларига кўра, вазирлар муҳокама қилган илк қадамларга Гуржистонга молиявий ёрдамни қисқартириш, хавфсизлик кучларини молиялаштиришни тўхтатиш ва юқори даражадаги алоқаларни тўхтатиш киради.
АҚШ Гуржистонга қарши санкциялар эълон қилди
АҚШ 6 июн куни мамлакат парламенти «Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилганидан сўнг бир неча ўнлаб Гуржистон расмийларига қарши санкциялар киритди. АҚШ Давлат департаментига кўра, санкциялар рўйхатига ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси, қонунни қабул қилган парламент аъзолари, шунингдек, намойишчиларни тарқатиб юборишга масъул ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари киритилган.
«Бу ҳаракатлар Гуржистоннинг Европа келажагига путур етказиши хавфи ва Гуржистон Конституцияси ҳамда унинг халқи хоҳиш-истакларига зиддир», деди идора вакили Мэттю Миллер. Унинг сўзларига кўра, санкциялар фақат биринчи қадамдир. Гуржистон ўз йўналишини ўзгартирмаса, янги жазоларга дуч келади, дея қўшимча қилди у.
Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун
Гуржистон мухолифати Россиянинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонуни нусхаси деб атайдиган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун июн ойи бошида кучга кирди. Гуржистон парламенти раиси Шалва Папуашвили уни фуқаролар ва мухолифатнинг кенг кўламли норозиликлари, шунингдек, президент Саломе Зурабишвили вето қўйганига қарамай, 3 июн куни имзолади.
Қонун кучга киргандан сўнг, Гуржистон Адлия вазирлиги 60 кун ичида барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва 20 фоиздан ортиқ маблағни хорижий манбалардан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари электрон порталини яратиши шарт. Улар 2023 йил учун молиявий ҳисоботларини эълон қилади.
Гуржистон 2022 йил 3 мартда Молдова билан бир кунда, Украинадан икки кун ўтиб Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширди.
Мавзуга оид
14:23 / 21.11.2024
Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади
13:53 / 20.11.2024
Зурабишвили сайловлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди
15:59 / 19.11.2024
Боррел: ЕИ давлатлари УҚКга Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини муҳокама қилади
07:50 / 19.11.2024