Жаҳон | 11:24 / 25.06.2024
10762
3 дақиқада ўқилади

Россия АҚШга Украинанинг Қримга зарбаси учун оқибатлар билан таҳдид қилди

Американинг ATACMS ракеталари ёрдамида Қримнинг ўққа тутилиши жавобсиз қолмайди, дея маълум қилди Кремл вакили ва Россия ТИВ. АҚШ элчиси Смоленская майдонидаги идорага чақирилди.

Фото: Vladimir Pesnya/SNA/IMAGO

Москва Украина армиясининг Қримга ракета зарбаси муносабати билан Вашингтонга оқибатлар билан таҳдид қилмоқда, у Қўшма Штатларни яриморолда тинч аҳоли ўлимига алоқадор деб ҳисобламоқда. «Америка Қўшма Штатларининг жанговар ҳаракатларда иштирок этиши, россиялик тинч аҳолининг ўлимига олиб келадиган жанговар ҳаракатларга тўғридан тўғри аралашиш, бу, албатта, оқибатларга олиб келиши аниқ. Улар қандай бўлишини - вақт кўрсатади», деди душанба, 24 июн куни журналистларга Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков. 

Москва «ваҳшийларча» ўққа тутиш ортида ким турганини билади, дейди у. «Президент ўтган ҳафтада бу мутлақо технологик жиҳатдан мураккаб ракеталарни нишонга ким йўналтираётгани ҳақида гапирди. Улар украиналиклар эмас», - дея қўшимча қилди Песков. 

Россия ТИВ Америка элчисини чақиртирди 

Айни пайтда, АҚШнинг Москвадаги элчиси Линн Трейси Севастополга қилинган ракета ҳужумидан кейин Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Суҳбат давомида Россия идораси АҚШни Россияга қарши гибрид уруш олиб боришда айблади. Бундан ташқари, Украина қуролли кучларига энг замонавий қурол-яроғларнинг етказиб берилиши Вашингтонни аслида «можаро тарафига» айлантирди», дейилади Россия ТИВ баёнотида. 

Смоленская майдонидаги идора Украина қуролли кучлари Американинг ATACMS кассетали каллакли ракеталардан фойдаланган ҳолда Қримга уюштирган ҳужумга АҚШ алоқадорлигини эълон қилди. Россия идораси «жавоб чоралари» кўрилиши тўғрисида ваъда берди. 

Украина қуролли кучларининг Қримга зарбаси

Бир кун аввал Украина қуролли кучлари Қримга ҳужум қилган эди. Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, бешта ракетанинг тўрттаси уриб туширилган, яна бири эса охирги босқичда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари зарбаси натижасида парвоз йўналишидан чиқиб кетган ва жанговар каллакни шаҳар устида ҳавода портлатган, бунинг натижасида «20 дан ортиқ тинч аҳоли, жумладан, болалар яраланган». Қрим «ҳокимияти» қирғоқ зонасида тўрт киши ҳалок бўлганини эълон қилди, улардан икки нафари болалар. Бундан ташқари, 150 дан ортиқ киши жароҳатланган. 

Мавзуга оид