Спорт | 18:19 / 26.06.2024
17407
8 дақиқада ўқилади

Украина «келишув» қурбони бўлиши мумкин. Еврода гуруҳ босқичининг сўнгги куни

3-турда кимга қандай натижа керак?

Фото: Getty Images

26 июн куни Евро-2024 чемпионатида гуруҳ босқичи якунланади. Қуйида турнирдаги вазият кўриб чиқилади — E ва F гуруҳларида қайси жамоаларга қанай натижа керак?

Словакия — Руминия: «келишув» бўладими? (21:00 / Zo'rTV - ёзиб олинган ҳолда) 

Бу ерда вазият бир вақтнинг ўзида чалкаш ва оддий. Ҳа, шунақаси ҳам бўлиши мумкин. Словаклар кутилмаганда 1-турда жасорат кўрсатиб, гуруҳ фаворити саналган Белгияни мағлуб этди (1:0), кейин эса украинларга ютқазди (1:2). Руминия эса биринчи турда Украинани йирик ҳисобда енгганди (3:0), аммо Белгия босимига бардош бера олмади (0:2).

Айни вақтда гуруҳнинг барча аъзоларида учтадан очкор борлиги ҳолида Руминия биринчи турдаги голлари эвазига биринчи ўринда жойлашган.

Словакия бош мураббийи Франческо Калцона ўз жамоаси сўнгги турда ғалаба учун курашишини айтган: «Бизнинг ўз футболимиз, ўз услубимиз бор. Қийин бўлишини биламиз, аммо плей-оффга чиқишни хоҳлаймиз. Биз бунинг учун курашаётганимиз фактининг ўзи — кичик мамлакат учун катта воқеа ва мен бундан фахрланаман. Руминия билан ўйинда уч очко қўлга киритиш учун имкон доирасидаги барча ишни қиламиз».

Амалда эса икки жамоани дуранг ҳам қонқтиради. Шу туфайли ўйин олдидан барча бу жамоалар ўзаро «келишиши» мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Украина Белгияга қарши параллел учрашувда ютқазса ёки дуранг қайд этса, Руминия ва Словакия бу жамоани шунчаки бортдан ташқарида қолдириши мумкин. Бунақаси 20 йил олдин ҳам бўлганди: Швеция ва Дания шубҳали 2:2 ҳисобини қайд этиб гуруҳдан чиқишган, Италия эса плей-оффсиз қолганди.

Белгия — Украина: Ребров таваккачилик қилишига тўғри келади (21:00 / Zo'rTV )

Украинага 1/8 финал йўлланмаси фақат ғалаба эвазига кафолатланади ва жамоа лагеридагилар «скандинавча дуранг» қайд этилиши кутилаётган Руминия ва Словакия ўйини натижасидан умид қилмасдан, фақат ғалаба учун майдонга чиқмоқчи.

Муҳим масала: Сергей Ребров таваккалчиликка қўл уриб, топ-рақиблар учун махсус ишланган 5-4-1 схемасига ўтишга жазм этадими? Бунда кўп нарса Миколенко ва Циганковнинг ўйинга қанчалик тайёр бўлишига боғлиқ. «Эвертон» чап қанот ҳимоячиси ҳозирча турнирда бирор марта майдонга тушмаган, аммо у жароҳатидан тузалиб, бир неча кундан буён умумий гуруҳ билан машғулотларда иштирок этмоқда.

Яна бир интрига — Руминияга қарши жуда ёмон ўйин ўтказган Лунин дарвозага қайтиш-қайтмаслиги бўйича. Трубин Словакия билан ўйинда ўзини яхши кўрсатди ва кўпчилик энди уни биринчи рақам сифатида кўрмоқда.

Белгия бу жуфтликда сўзсиз фаворит, аммо, олдинги қатор ўйинлар кўрсатдики, бу мақомнинг ўзигина муваффақият гарови бўла олмайди.

Белгия, Руминия, Словакия ва Украинага гуруҳдан чиқиш учун нима керак?

Барча жамоаларда учтадан очко. Учинчи турдан кейин ҳам очколар тенглиги сақлаб қолинса, биринчи навбатда ўзаро ўйинларга қаралади. Яъни Словакия Белгия устидан, Белгия — Руминия устидан, Руминия — Украина устидан, Украина эса — Словакия устидан устунликка эга. Худди каруселдек. Кейинги навбатда қараладиган кўрсаткичлар — урилган ва ўтказиб юборилган голлар нисбати. Бунда эса энг ёмон вазият украинларда, уларда -2. Словакларда 0, белгияликлар ва руминларда +1.

Тўрт очко плей-оффга камида учинчи ўрин билан чиқишни кафолатлайди. Ва бу шуни англатадики, Руминия ҳамда Словакияни ўзаро учрашувдаги дуранг ҳам қониқтиради. Параллел учрашувдаги дуранг эса тўплар нисбатидаги ёмон кўрсаткич туфайли Украинани тўртинчи ўринда қолдиради.

Украинларга 1/8 финалга ўтиш учун ёки Белгия устидан ғалаба, ёки Руминия ва Словакиядан бири мағлуб бўлган тақдирда дуранг керак. Қолган уч жамоани бир очко ҳам ҳеч қандай шартсиз қониқтиради.

 

Гуржистон — Португалия: Мамардашвили учун яна бир қийин кеча (00:00 / Zo'rTV)

Гуржистонликлар Туркияга қарши ҳам, Чехияга қарши ҳам анча дадил ўйин кўрсатди. Ва жамоа бу ўйинларда тўрт очко олишга яқин эди. Аммо икки ўйинда ҳам сўнгги дақиқаларда қулай вазиятлардан фойдаланилмади: натижада турклар қарши ҳужумда гол уриб, устунлигини оширди — 3:1, чехлар билан эса тенглик сақланиб қолди — 1:1. Португалияликлар ҳам Чехия билан ўйинда қаттиқ тер тўкишига тўғри келди — ҳал қилувчи гол фақат қўшимча дақиқаларда урилди — 2:1. Туркия эса уларга муаммо туғдира олмади ва йирик ҳисобда мағлуб бўлди — 0:3.

Ёрқин, тажовузкор ва мақсадли ўйини билан Европа чемпионатида ўз изини қолдираётган Гуржистон миллий жамоаси учинчи тур арафасида плей-оффга чиқиш учун имконият сақлаб қолмоқда.

Бу жамоалар бунгача фақат бир марта ўзаро ўйин ўтказган — Евро-2008 арафасидаги ўртоқлик учрашувида. Ўшанда таркибида Роналду ва Пепе бўлган Португалия 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. 

Гуруҳ масаласини аллақачон ҳал қилиб бўлган Португалия билан ўйинда уларга қарши аралаш таркиб тушиши эҳтимоли юқори. Аммо бу жамоанинг иккинчи таркиби ҳам гуржистонликларга муаммо туғдириши аниқ. Катта эҳтимол билан, дарвозабон Мамардашвилини яна бир қийин оқшом кутмоқда.

Чехия — Туркия: эски танишлар учрашуви (00:00 / Zo'rTV - ёзиб олинган ҳолда)

Бу жамоалар ҳар саккиз йилда Европа чемпионати гуруҳ босқичининг учинчи турида ўзаро учрашади (Евро-2008 турниридан буён учинчи марта) ва олдинги икки тўқнашувда ҳам Туркиянинг қўли баланд келган. Бу сафар Чехияни плей-оффсиз қолдириш учун туркларга дуранг ҳам кифоя қилади.

Чехияга бу ўйинда жамоанинг асосий тўпурари Шик ёрдам бера олмайди, аммо жамоа сардори Соучек ҳамон сафда. Унинг улкан тажрибаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Ўйинни рақибга топшириш ва мудофаага таяниш — ҳозирги Туркия миллий жамоасига хос эмас, шундай экан, очиқ ўйин бўлиши кутилмоқда. Очко кўпроқ керак бўлган Чехияда имкониятлар бўлиши аниқ. Гап улар тақдир совғаларидан қанчалик фойдаланиша олишида.

Гуржистон, Чехия ва Туркияга гуруҳдан чиқиш учун нима керак?

Португалияда барчаси жойида — жамоа олти очко олиб, гуруҳда биринчи ўринни кафолатлаган. Туркияда уч очко бор ва тўплар нисбати -1. Охирги турдаги дуранг жамоани 1/8 финалга олиб чиқади. Аммо минимал ҳисобдаги мағлубият ҳам учинчи ўриндагилар орасида бешинчи ўринда турган Венгриядан юқорида туриш учун етарли бўлиши мумкин — венгрлар уч очкога эга ва тўплар нисбати -3. Аммо агар португаллар ҳам ютқазса, унда турклар уч очкоси билан сўнгги ўринда қолиб кетади.

Гуржистон ва чехларда вазият осонроқ: ёки ғалаба қозониш ва турнирда қолиш, ёки турнирни тарк этиш. Учинчи вариант йўқ.

Мавзуга оид