Жаҳон | 21:07 / 27.06.2024
1890
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ва Украина хавфсизлик кафолатлари тўғрисида келишув имзолади

Киев учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишув 27 июн куни Брюсселда ўтаётган Европа Иттифоқи саммитида имзоланди.

Фото: Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлаг тўғрисидаги келишувни имзолади.

ЕИ ва Украина раҳбарлари томонидан имзоланган келишув хавфсизлик ва мудофаа сиёсатининг тўққиз жабҳаси, жумладан, қурол-яроғ етказиб бериш, ҳарбий тайёргарлик, мудофаа саноати бўйича ҳамкорлик ва миналардан тозалаш бўйича Евроиттиофқ ва Киевнинг ҳамкорлигини назарда тутади.

Хусусан, имзоланган ҳужжатнинг бўлимларидан бирида айтилишича, ЕИ узоқ муддатли истиқболда Украинани ҳарбий техника билан таъминлаши, Украина қуролли кучлари аскарларининг ҳарбий тайёргарлиги, мамлакатда мудофаа ислоҳотларини ўтказиш, мудофаа саноати, киберхавфсизлик, разведка маълуотлари билан алмашиш соҳасида ҳамкорликни таъминлайди.

Келишув тўрт йиллик Ukraine Facility дастури доирасида Украинага 50 млрд евро молиявий ёрдам етказилишини ҳам кафолатлайди. Ҳужжатда Украинага ёрдам бериш учун Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган даромадлардан фойдаланиш алоҳида қайд этилган.

24 июн куни Европа дипломатияси раҳбари Жохеп Боррел Европа Иттифоқи ва Украина июн ойи охиригача хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувни имзолашга тайёрланаётганини эълон қилган эди.

Шу куни Боррел Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Россия Федерациясининг музлатилган активларидан олинадиган фойдани Украина учун қурол-яроғлар сотиб олиш учун ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилишганини хабар берган эди.

13 июн куни АҚШ ва Украина президентлари Жо Байден ва Володимир Зеленский Италияда ўтган G7 саммитда 10 йилга мўлжалланган хавфсизлик бўйича келишувни имзолашган эди. Ҳужжатда айтилишича, Америка Қўшма Штатлари 10 йил мобайнида Украинага ҳарбий маҳсулотлар, разведка маълумотларини такдим этади, шуннгдек украиналик ҳарбийларни шуғуллантириб, мамлакатнинг ҳарбий-саноат мажмуасини ривожлантиради. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид