«Юксалиш» Тошкентда йўловчиларнинг жамоат транспорти ҳақидаги фикрини ўрганди
"Юксалиш" ҳаракати пойтахт жамоат транспорти йўловчилари ўртасида сўров ўтказди. Улар “пойга”лар уюштирилиши, тиғиз вақтларда йўловчилар оқими кўплиги, ЙҲҚ бузилиши, ҳаракат жадвалига риоя этилмаслиги, кондиционерлар тўлиқ ишламаслиги, айрим йўналишлардаги эскирган автобуслар каби муаммоларни санаб ўтди.
“Юксалиш” ҳаракати пойтахт жамоат транспорти ҳолати юзасидан фуқаролар ўртасида онлайн сўров ўтказди. Сўровнома соҳага масъул тузилмалар томонидан қўшимча эътибор талаб қилинадиган жиҳатларни аниқлашга қаратилган.
Сўровда 276 нафар респондент иштирок этди. “Ҳозирда жамоат транспортидаги асосий муаммо нима?” деган саволга қуйидагича жавоб олинди:
- тиғиз вақтларда йўловчилар оқими кўплиги (49,1 фоиз);
- автобусларда совитувчи/иситувчи кондиционерлар тўлиқ ишламаслиги (15,6 фоиз);
- метрода ҳаво вентиляцияси яхши ишламаслиги (12,4 фоиз);
- транспортларнинг барчасида ҳам ногиронлиги борлар учун махсус шароитлар яратилмаганлиги (8 фоиз).
Шунингдек, йўловчилар баъзи йўналишларда ҳалигача эскирган автобуслар ҳаракатланаётганини, улар йўлларда тез-тез ишдан чиқаётганини ёки ёнғинлар келиб чиқаётганини муаммо сифатида қайд этган. Айрим автобусларнинг ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ юрмаслиги ҳам шулар қаторида.
Йўловчиларнинг баъзилари автобусларда кондукторларга эҳтиёж йўқ деган бўлса, бошқалари эҳтиёж борлигини айтган. Кондуктор бўлмаса, ҳайдовчи йўловчиларни олд эшикдан туширади, бу эса йўловчилар учун қўшимча ноқулайликлар келтириб чиқаради.
Респондентларнинг фикрича, йўналишли таксилар ёки микроавтобусларда “қўшимча ўриндиқлар”дан (табурет ёки ёғоч ўриндиқлар) фойдаланиш ҳолати кузатилади. Йўловчилар хавфсизлиги учун буни қатъий назоратга олиш ва тартибга солиш даркор.
Йўловчилар қандай таклифлар берди?
Сўров давомида респондентлар қуйидаги таклиф ва тавсияларни берди:
- тиғиз вақтларда автобус ва вагонлар сонини кўпайтириш, оралиқ вақтларни қисқартириш (65,2 фоиз);
- тирбандликнинг олдини олиш учун сиғими ва ҳажми катта автобуслар сонини кўпайтириш (50 фоиз);
- метрода вентиляция ва автобусларда совитиш/иситиш тизимини яхшилаш (49,1 фоиз);
- эски русумдаги автобусларни ҳаракатланишдан чиқариш ва транспорт тизимини модернизация қилиш (41,7 фоиз);
- жамоат транспорти учун фақат профессионал ҳайдовчиларни ёллаш (34,1 фоиз).
Сўров иштирокчилари, шунингдек, жамоат транспорти ҳайдовчиларининг фаолияти бўйича таклифлар қолдирган. Масалан, йўловчиларни ташиш вақтида уяли телефондан фойдаланган ҳайдовчиларни жазолаш, уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, йўловчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида балл тизимини жорий этиш, натижасига қараб мукофотлаш ёки жаримага тортиш тизимини йўлга қўйиш, автобус ҳайдовчиларининг “пойга”лар уюштириши билан боғлиқ қоидабузарликларни қатъий назорат қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ҳ.к.
Сўровда қатнашганлар ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш – йўловчиларни аудио ва визуал форматда хабардор қилувчи ахборот тизимларини жорий этишни ҳам таъкидлаган.
Муаммоларни доимий аниқлаб бориш учун фуқаролар мурожаатларини қабул қилувчи платформаларни ишга тушириш, уни фаоллаштириш тавсия этилган. Респондентлар орасида метрода аёллар ва болалар ҳамда қариялар учун алоҳида вагонларни жорий этишни сўраганлар ҳам бўлди.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024