Жаҳон | 08:20 / 29.06.2024
3174
4 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбойжон НАТОнинг АҚШдаги йиғилишига таклиф қилинди

Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашув НАТОнинг барча ҳамкор давлатлари учун ўтказилмоқда, дея маълум қилди АҚШ Давлат департаменти. Вашингтон АҚШда Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари учрашувини ташкил этишга тайёр.

Фото: AP

Озарбойжон ва Арманистон 9—11 июл кунлари Вашингтонда бўлиб ўтадиган ташқи ишлар вазирлари даражасидаги НАТО йиғилишига таклиф қилинди, деди АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс О'Брайен 28 июн, жума куни Бокуда журналистларга. Унинг қайд этишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ушбу тадбирни Шимолий Атлантика алянсининг барча ҳамкор давлатлари, жумладан, Озарбойжон ва Арманистон учун ўтказмоқда.

«Иккала давлат иштирок этишини кутаман», деди давлат котиби ёрдамчиси. Умуман олганда, О'Брайеннинг сўзларига кўра, тадбирда НАТО бўйича 30 та ҳамкор давлат вакиллари қатнашади. 

АҚШ Арманистон ва Озарбойжон ТИВ раҳбарлари ўртасида музокаралар ташкил этишга тайёр 

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси, шунингдек, Вашингтон Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг АҚШда янги учрашувини ташкил этишга тайёрлигини билдирди. «Умид қиламанки, ташқи ишлар вазирлари имкон қадар тезроқ учрашиш имкониятини топадилар. Агар бу Вашингтонда содир бўлса, биз уларни мамнуният билан қабул қиламиз. Лекин кўплаб каналлар мавжуд ва иккала томон ҳам жуда самарали тўғридан тўғри мулоқотни давом эттирмоқда. Биз бу жараёнда ҳар қандай усулда ёрдам бера оламиз», деди О'Брайен. 

Америка расмийси икки кавказорти давлати ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатиш имкониятига ишонч билдирди. «30 йилдан ортиқ давом этган низолардан сўнг Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик ўрнатиш узоқ жараён бўлади, аммо кейин бу жамиятлар ўртасидаги чуқур муносабатларга айланади. Менимча, чегарани делимитация қилиш бўйича яқинда эришилган келишувлар олдинга қўйилган жуда муҳим қадам бўлди», - дейди О'Брайен.

Давлат департаменти вакили Франциянинг Арманистонга қурол сотиши Вашингтонда хавотир уйғотмаслигини қайд этди. «Биз Франциянинг Арманистонга қурол-яроғ сотаётгани ҳақида билдик, шунинг учун бу келишилган ҳаракат эмас. Арманистон, айниқса, Россиянинг ёрдамига боғлиқ бўлмаган ҳамкор бўлишга интиляпти. Россия ёрдами маълум шароитларда ва таъсир билан юз беради, бу эса, назаримда, минтақа ривожига салбий таъсир кўрсатади», - деди О'Брайен. 

Минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик 

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Вашингтон ва Боку минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириши мумкин, деган фикрни билдирди. «Биз аллақачон бу ишни самарали бажармоқдамиз, бироқ олдинга силжиш, хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, минтақа ташқарисидан келаётган таҳдидларга қарши курашиш ва минтақада ишончни мустаҳкамлаш орқали кўпроқ нарсани қилишга умид бор», деди Давлат департаменти вакили. 

28 июн куни О'Брайен Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан учрашди. Озарбойжон ТИВ хабарига кўра, томонлар икки ва кўп томонлама кун тартибига доир масалалар, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилган. 

«Вазир тинчлик шартномаси бўйича сезиларли ютуқларга эришилганига қарамай, Арманистон конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларида Озарбойжонга қарши ҳудудий даъволар сақланиб қолаётганини таъкидлади, шунинг учун ҳам Конституцияга ўзгартириш киритиш муҳим», - дея таъкидлади Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги. Департамент хабар қилганидек, Байрамов Арманистоннинг ҳарбийлаштирилиши Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликка ёрдам бермаслигини таъкидлади. 

Мавзуга оид