Жаҳон | 21:27 / 01.07.2024
17590
11 дақиқада ўқилади

Володимир Зеленский: «Биз ва Ғарбнинг ғалаба ҳақидаги қарашларимиз турлича»

Украина президенти Володимир Зеленский Американинг Philadelphia Inquirer нашрига берган интервюсида Киевнинг россияликлар президенти Владимир Путин билан эҳтимолий музокаралари формати ҳақида гапирган, уруш якунланиши бўйича прогноз берган ва Украинанинг ғалабаси бўйича қарашлар Ғарбда ва мамлакатнинг ўзида қандай фарқланишини тушунтирган.

Фото: Getty Images

Россияга ғарб қуроллари билан зарбалар ҳақида

Philadelphia Inquirer колумнисти Труди Рубин билан суҳбатда Зеленский АҚШ президенти Жо Байденнинг узоқ кутилган қарори Украинага чегара яқинида тўпланган Россия техникалари устига зарба йўллашга имкон бериши — яхши экани, аммо бу ҳам «шаҳар ва қишлоқлар бошқарилувчи авиабомбалар (КАБ) томонидан йўқ қилиниши муаммосини ҳал қила олмаслиги»ни айтган.

«Бу [Байденнинг рухсати] тактик масалаларни ҳал қилади, бу стратегик қурол эмас. Биз тактик қуроллар билан бошқарилувчи авиабомбалар ҳамда уларнинг авиацияси туғдираётган стратегик муаммоларга қарши жанг қила олмаймиз», — дея қайд этган Зеленский.

Россиянинг бошқариладиган бомбаларига қарши самарали курашиш учун Украина қуролли кучларига Patriot каби илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ўзидан ташқари юқори масофага ҳаракатланувчи ATACMS ракеталари ҳам шунчалик зарур, деган президент.

«Patriot КАБларга қарши кураша олмайди, — дея изоҳлаган Зеленский ва Украинада Patriot тизимлари учун ракеталар етарли эмаслигини таъкидлаган. — Қисқа масофада сиз енгасиз, узоқ масофада эса — россияликлар сизни енгади. Сиз барча ракеталарингизни сарфлайсиз, кейин эса улар шаҳарларга, энергетикага зарба ёғдиради — ва сиз ютқазасиз».

Зеленский ўтган ҳафтанинг ўзида Россия Украинага қарши 800 дан ортиқ бошқарилувчи авиабомба қўллаганини айтган.

Украин ҳарбийларида ўқ-дори ва қуроллар етишмовчилиги сақланиб қолмоқда 

Украинлар президенти Оқ уйни америкаликларнинг узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталаридан Россиянинг ичкари ҳудудларидаги аэродромлари бўйлаб зарба йўллашга рухсат беришга ундаган.

«Россия бошқарилувчи авиабомбаларни учириш учун фойдаланаётган ҳарбий самолётлар турадиган аэродромларга қарши узоқ масофали ечимларни излашимиз керак. Эҳтимол, бунда 300 километр масофага ҳаракатланувчи ATACMS ракеталари қўл келган бўларди. Мен яна бир бор таъкидлашни истардим — фақат бугун, — дея қайд этган Зеленский. — Аммо улар катта ракеталардан фойдаланадиган ва янада узоқроқда жойлашган аэродромлар ҳам бор. Яъни бугун бизга Россия Федерациясининг ички ҳудудлари бўйлаб ATACMS ракеталарини қўллашга рухсат керак».

Унинг сўзларига кўра, россияликларнинг бошқарилувчи ўқ-дорилардан Донецк ва Харкив области энг кўп жабр кўрмоқда.

КАБларга қарши ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан ҳам курашиш мумкин. Аммо Patriot тизими учун ракеталар нархи жуда қиммат, улар кўп миқдорда ишлаб чиқарилмайди ва Украинага кўп миқдорда етказиб берилмайди.

Россия билан музокаралар олиб борилиши мумкинми?

Бу интервюда Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказилиши эҳтимолини рад этмади.

Бунгача у бир неча бор бундай музокаралар ўтказиш имконияти йўқлиги ҳақида гапирган, бундан ташқари, бу Украина қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия етакчиси билан музокараларнинг ягона варианти — Қора денгиз ғалла йўлагини ташкил этишни муҳокама қилишда бўлгани каби воситачилардан фойдаланишдир.

«Бундай модел биринчи марта ғалла йўлаги мисолида қўлланганди, ўшанда Украина Россия билан эмас, балки БМТ ва Туркия билан келишганди. Улар, ўз навбатида, биз билан музокаралар олиб бориш, кейин эса РФ билан тегишли шартномани имзолашни ўз зиммасига оланди. Бу шундай ишлаган: ўртада БМТ ва Туркия турган иккита бир хил келишув», — дея изоҳлаган Зеленский.

Унинг фикрича, бундай схемадан «ҳудудий яхлитлик, энергетика ва кемачилик» бўйича музокараларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Бунда турли қитъалар вакиллари бўлган мамлакатлар воситачилик қилиши мумкин, деб ҳисоблайди президент.

«Бизнинг ҳамкорлар — нафақат Европа ва АҚШ, балки бошқа қитъалар, жумладан Осиёда, Тинч Океани йўналишида, шунингдек Африка ва Лотин Америкасида бор. У ёки бу инқирозга ечим тайёрлайдиган вакиллар бўлганида, кейин бу ҳужжат, агар у Украинани қониқтирса, Россия Федерацияси вакиллари билан муҳокама қилиниши керак. Ҳозирча биз фақат шундай моделга эгамиз», — дея қайд этган Зеленский.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари сўнгги ҳисоботида ёзишича, айни вақтда Путин фақат Киевнинг тўла таслим бўлишини кўзда тутмоқда. У музокаралар йўли билан эришилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ҳар қандай келишувга Россияга келгусидаги юриш амалиётларига тайёрланишга имкон берувчи механизм сифатида қарайди.

Бундай сулҳ Россияга ўз кучларини тиклаш ва кенгайтириш ҳамда мудофаа саноатини келгусидаги урушларга тўлиқроқ сафарбар қилишга имкон берувчи нафас ростлаш вақтини беради, дея қайд этади ISW.

Ғарб Украинанинг ғалабасини қандай тасаввур қилади?

Philadelphia Inquirer колумнисти Труди Рубин Зеленскийдан АҚШ президенти Жо Байден чиндан ҳам Украинанинг ғалабасига ишонадими деб сўраган.

Украина етакчиси у бунга ишонишини айтган, аммо Украинада ва Ғарбда ғалабани турлича тушунишларини қўшимча қилган.

«Ғарб учун асосий ғалаба — Украина босиб олинишига йўл қўймаслик, Путинга ўрнини кўрсатиб қўйиш», — дея тушунтиради Зеленский.

Унинг фикрича, ғарб мағлубиятга учраган тақдирда Россияда беқарорлик юзага келишидан хавотирланиб, Украина тўлиқ ғалабага эришишига ҳисса қўшишни истамайди.

«Барча Путинсиз Россияда нималар бўлишидан қўрқади. Барча вазият ҳозиргидан ҳам ёмонроқ бўлиб кетишидан қўрқади», — деган президент ва ғарбнинг бундай хавотирларига қўшилмаслигини қайд этади.

«Оккупация қилинишимизга йўл қўйишмагани учун улардан миннатдормиз, аммо қониқиш керак, адолат керак, албатта, бу энг муҳим қисмларидан бири. Агар бундай қониқишга эга бўлмасак, ўз яқинларини йўқотган бу одамларнинг барчасининг кўзига қандай қараймиз?» — деган Зеленский.

Экспертлар фикрича, Путин Киев ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётганига қарамай, Россия ўз мақсадларига эришиши мумкин деб ҳисоблайди, чунки ғарбнинг ёрдами Украина уруш бошида умид қилганидек кенг кўламли бўлиб чиқмади ва бу Кремлнинг ҳисоб-китобларида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Зеленский Россия Украинани оккупация қилишига йўл қўймагани учун ғарбдан миннатдорлиги, аммо Украинага қониқиш ҳисси ва адолат кераклигини қайд этган

У шунингдек, Украинанинг ҳақиқий ғалабасини ўзи қандай тушунишини айтиб ўтган.

«Биринчи қисм — Украина ва украинлар тўлиқ вайрон бўлишига йўл қўймаслик… Уруш якунланмас экан, биз мустақиллигимизни сақлаб қолдик дея олмаймиз. Келгуси авлодлар хавфсизлигига эришиш муҳим, бунга тажовузнинг такрорланиши эҳтимолини йўққа чиқариш орқали эришилади».

Зеленский агар Украина Европа иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлмаса, Россия тажовузи тикланиши хавфи сақланиб туришини таъкидлаган.

«Биз Евроиттифоқда бўлишиз лозим — бу иқтисодий хавфсизлик дегани. Биз НАТОда бўлишимиз лозим. Ва бизда булар бўлмас, бу биз учун катта хавф деганидир… Бу душман қайтади. У қандай қайтади? Путин қиёфасидами — Путин қиёфасидамасми, бошқа Кремл бўлибми, йигирма йилдан кейинми, қирқ, эллик йилдан кейинми — мен буни билмайман. Бизга Украинанинг коллектив ҳимояси керак», — дея қайд этган Зеленский.

Айни вақтда Шимолий Атлантика алянсидагилар Украинани ўз аъзоси сифатида қабул қилиш нияти борлигини тасдиқлайди, аммо бу масала яқин йилларда кўриб чиқилмайди.

Уруш яна қанча давом этади?

Труди Рубиннинг уруш яна қанчага чўзилиши ҳақидаги саволига жавобан Зеленский уруш барибир якунланишини айтган. Украина аллақачон июнда Швейцарияда ўтказилган «Тинчлик саммити»да илк қадамни қўйган.

У Киев тинчлик режаси бўйича ҳужжатларни тайёрлашига ишонтирган.

«Биз бу ҳужжат Россия вакиллари столига етиб бориши ва турли қудратли мамлакатлар бу урушни турли форматлар ва мулоқотлар орқали адолатли тарзда тугатишга ҳаракат қилиши учун ҳаммасини қилишга уриниб кўрамиз», — деган Зеленский.

Унинг қўшимча қилишича, уруш барча учун ҳам тўлиқ тугамайди — бу тез бўладиган иш эмас.

«Аммо ҳужжат тайёрланиши, масалаларнинг бир қисми ўқ билан эмас, мулоқотнинг у ёки бу форматида ҳал қилишини мумкин», — дея қўшимча қилган Зеленский.

У шунингдек уруш қанча давом этиши аниқ билмаслигини, аммо шу йилнинг ўзида нима ишлар қилиш кераклигини билишини айтган.

«Биз ҳужжатни тайёрлашимиз керак, биз иккинчи саммитни шу йилда ўтказиш учун барчасини қилишимиз керак. Биз бардош беришимиз лозим. Ва музокаралар чоғида юқорида бўлмаслиги учун душманни максимал даражада кучсизлантиришимиз керак», — деган украинлар раҳбари.

Шу билан бирга, таҳлилчилар ва ҳарбий экспертлар хориждан, биринчи навбатда АҚШдан келаётган ёрдам ҳажми ва унинг қисқариш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, ҳолдан тойдириш урушида Украинанинг истиқболларига шубҳа билан қарашади. Владимир Путин Украинада узоқ муддатли, «эмаклаб» ҳужум қилиш амалиётлари орқали ғалаба қозонишдан умид қилмоқда, деб тахмин қилади Урушларни ўрганиш. Бу Путинни урушни чўзишга ундайди, бундай уруш давомида Украина давлатчилигини йўқ қилишга интилади.

Афтидан, Путин Россия босиб олинган ҳар қандай ҳудудни ушлаб қолишига умид қилмоқда ва уруш қанча узоқ чўзилса, Россия ўзининг ҳудудий даъволарига эришиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.

Катта эҳтимол билан, Путин ўз қўшинлари Украинада ойлар давомида аста-секин олдинга силжиб бориши Ғарбдагиларни Россия устидан ҳарбий ғалабага эришиш имкони йўқлиги ва Украинанинг тўлиқ мағлубиятидан кўра маълум ҳудудларни бой бериш афзалроқ эканига ишонтиришига умид қилмоқда, дейилади ҳисоботда.

Мавзуга оид