Иқтисодиёт | 20:00 / 04.07.2024
6891
4 дақиқада ўқилади

2023 йилда “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси 4,5 баробардан кўпроққа қисқарди

2023 йил якунлари бўйича “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси 2 трлн 853 млрд сўмдан 628 млрд сўмгача ёки 4,5 баробардан кўпроққа камайди. Молиявий натижаларнинг кескин ёмонлашувига курс фарқидаги йўқотишлар ва фоиз тўловларини ўз ичига оладиган молиявий харажатлар таъсир ўтказган.

Фото: Denis Sinyakov/AFP via Getty Images

"Ўзбекнефтгаз" АЖ 2023 йил якунлари бўйича алоҳида ва консолидациялашган молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Молиячи Отабек Бакиров ушбу ҳисоботлардаги муҳим жиҳатларни санаб ўтди.

“2023 йил якунлари бўйича “Ўзбекнефтгаз”нинг алоҳида ва консолидациялашган молиявий ҳисоботлари тубга инаётган монополистнинг аҳволи янада оғирлашганини кўрсатади.

Ликвидлик кескин камайган. Пул маблағлари қолдиғи 2 трлн 487 млрд сўмдан 960 млрд сўмгача қисқарган.

Дебитор қарзлар ортган. Дебиторлар жами 3 трлн 905 млрд сўмдан 5 трлн 265 млрд сўмгача етган. Дебиторлар ортганига қарамай, йўқотишлар учун захиралар камайган.

“Ўзтрансгаз”нинг “Uz-Kor Gas Chemical” олдидаги “Ўзбекнефтгаз” бўйнига илинган қарзи бўйича май ойида очилиб қолган битими аслида ўтган йили юз бергани маълум бўлди. Шунинг учун балансда 9 трлн 143 млрд сўмлик қопланадиган актив пайдо бўлган (мажбуриятларда ҳам).

Аффилланган томонларнинг “Ўзбекнефтгаз”га қарзи (яна “Uz-Kor Gas Chemical”, “Natural Gas Stream”, “Ўзтрансгаз” билан боғлиқ) 707 млрд сўмдан 7 трлн 558 млрд сўмга етган.

Сотиладиган активлар қиймати 1 трлн 811 млрд сўмдан 4 трлн 887 млрд сўмга етган. Ушбу кескин ошиш яна ўша Saneg учун совға қилинган Шўртан 2 лойиҳаси билан боғлиқ. Қандай қилиб 1,8 трлн сўмлик актив 4,9 трлн сўмгача шишиб қолгани бўйича аудитор тафсилотларни келтирмаган (мазкур лойиҳа балки 5 млрд долларгача шиширилган МТОнинг бир улушига айланган бўлиши керак).

Қисқа ва узоқ муддатли қарзлар кескин ошган. Узоқ муддатли 32 трлн 627 млрд сўмлик қарзнинг 8 трлн 661 млрд сўмлик қисми жорий йилда сўндирилиши керак. Кредиторлар ўрнида бўлганимда мен хавотирга тушган бўлардим.

“Ўзбекнефтгаз” сўмда 26 фоиздан, валютада 13 фоизгача қарз олишга ўтган. Монополистнинг шу ҳолатига 2024 йилнинг май ойида ЎзСҚБ, Ҳамкорбанк ва КДБ банклар 57 млн доллар кредит берган.

 Бошқа мажбуриятлар рўйхатида 10 трлн 39 млрд сўмлик Air Products билан боғлиқ қарздорлик пайдо бўлган. GTLʼнинг юраги иштирок этган схема ҳеч қанақа инвестиция эмаслигини, бу қип-қизил қарз эканини аввал ҳам ёзган эдик.

Дарвоқе, GTL “Ўзбекнефтгаз”нинг пул оқимлари ва мажбуриятлари бўйича энг асосий активи бўлишига қарамай, унинг кўраётган зарари 2 йилдан бери алоҳида акс эттирилаётгани йўқ (ва бошқалар қаторида). Бу аудиторнинг қамров даражасига саволлар туғдирмаслиги мумкин эмас, эртага кредиторлар ундирув билан боғлиқ муаммоларга дуч келганида, эътирозлар аудиторни четлаб ўтмайди.

Консолидациялашган ҳисобот бўйича “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси 4,5 баробардан зиёд 2 трлн 853 млрд сўмдан 628 млрд сўмгача камайган. Молиявий натижаларнинг кескин ёмонлашуви курс фарқидаги улкан йўқотишлар (1 трлн 193 млрд сўмдан 4 трлн 217 млрд сўмнгача) ва фоиз тўловларини ўз ичига оладиган молиявий харажатлар (2 трлн 694 млрд сўмдан 4 трлн 430 млрд сўмгача) ошгани фонида юз берган.

Бундай натижалар билан “Ўзбекнефтгаз давлат қўллови мавжудлиги баҳонасида рейтингини сақлаб қоладими ёки пасайтириладими, яқин ойларда билиб оламиз”, дея ёзади Отабек Бакиров.

Мавзуга оид