Ўзбекистон | 21:05 / 05.07.2024
6211
5 дақиқада ўқилади

5 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

ЭҲНАТ ҳисоблагичларининг ортиқча киловатт ёзаётгани ўрганилади, Жиззах вилоятига янги прокурор тайинланди, Риштондаги мелисахонада ҳушидан кетган йигит ва турли шаҳарлардаги аянчли автоҳалокатлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳисоблагич ортиқча киловаттлар ёзаётгани ўрганилади

Сўнгги кунларда электр энергиясидан фойдаланувчиларнинг ҳисобларига ортиқча энергия истеъмоли ёзилаётгани шунга мос пул ечиб олинаётгани борасидаги шикоятлари кўпайиб қолган эди

Рақобат қўмитаси электр энергияси ортиқча ҳисоблананаётган ҳолатларни ўрганадиган бўлди.

Ҳисоблагичларнинг электр қувватини ортиқча ҳисоблаётгани ва бу қўшимча харажатларга сабаб бўлаётгани ҳолатини ўрганиш ҳамда муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ таркибига энергетика соҳаси вакиллари ҳам жалб қилинган.

Жиззах вилоятига янги прокурор тайинланди

Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Тойиржонович Иброҳимов Жиззах вилояти прокурори лавозимига тайинланди.

У аввал Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори лавозимида ишлаган. 2021 йил январида Бош прокуратуранинг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига ўтказилган, сўнгги вақтларда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Бунгача Жиззах вилояти прокурори лавозимида 2017 йил ноябридан буён эса Исломжон Эргашхўжаев ишлаётган эди. У 2023 йил мартида Жиззах вилояти прокурори лавозимига иккинчи муддатга тайинланганди.

Аянчли автоҳалокатлар

Ўтган кун давомида ёш болалар ва катталар ўлимига сабаб бўлган аянчли автоҳалокатлар рўй берди.

3 июл куни Самарқандда Nexia 2 уриб юборган 7 ёшли бола ҳалок бўлди. Авария 3 июл куни содир бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 9 ёшли қиз машина босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. 2-синф ўқувчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётганида уни BYD машинаси уриб, босиб ўтиб кетди. Ҳайдовчи машинани аҳоли яшаш ҳудудида 142 км/соат тезликда бошқарган. Қизалоқни тоғаси туман марказидаги паркка айлантиргани олиб чиққан бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода иккита автомобил йўлда қувлашмачоқ ўйнагани ва биринчиси йўловчиларга йўл бермасдан пиёдалар йўлагидан тезлик билан ўтиб кетгани акс этган. Унинг ортида ҳаракатланган иккинчи машина эса пиёдалар йўлагидан ўтаётган ва олдиндаги машинанинг ҳаракатидан йиқилиб тушган қизчани босиб ўтган. Иккинчи машина тагида қолиб кетган 9 ёшли қиз олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Қарши шаҳрида BYD Song Plus ортга қайрилиб олмоқчи бўлган Spark билан тўқнашди. Spark ҳайдовчиси шифохонада вафот этди. BYD Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тегишли бўлган.

Воқеа 4 июл куни соат тахминан 7:53 ларда Қарши шаҳрида содир бўлган. Ҳайдовчи ўз бошқарувидаги Spark машинасида орқага бурилаётганида ҳайдовчи Х.Л. бошқарувидаги BYD Song Plus йўлига чиқиб кетган ва тўқнашув юз берган. Spark қарама-қарши йўналишда келаётган Nexia билан ҳам тўқнашган.

ЙТҲ оқибатда Spark ҳайдовчиси Р.А. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган, лекин шифокорлар томонидан биринчи ёрдам кўрсатилишига қарамасдан шифохонада вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода BYD Song Plus шаҳар ҳудуди бўлишига қарамай, катта тезликда ҳаракатланганини кўриш мумкин.

Тошкентда Spark ҳайдовчиси икки пиёдани уриб юборди. Воқеа 4 июл куни соат 22:30 ларда Юнусобод тумани Юқори Қорақамиш кўчасида содир бўлган.

1995 йилда туғилган ҳайдовчи Б.Х. Spark машинасини бошқариб кетаётиб, икки пиёдани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида пиёдалар тан жароҳат олиб, шифохонага мурожаат қилган.

Мелисахонада ҳушидан кетган йигит

Фарғона вилояти Риштон туманида ИИБ хонасига олиб кирилган фуқаро ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилди

33 ёшли ҳайдовчи йўлнинг ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида машина бошқаргани низога сабаб бўлган. 4 июл куни юз берган жанжал асносида ИИБ ходимлари ҳайдовчига электрошокер қўллаган ва хизмат хонасига олиб борган. Лекин бу хонадан фуқаро ҳушсиз ҳолда, замбилда олиб чиқилган: уни туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизишган.

5 июл куннинг биринчи ярми ҳолатига, фуқаро ҳалигача ўзига келмаган.

Ҳайдовчи машинасини йўлнинг бошқа бир қисмига олмоқчи бўлганида ходимлар машина йўлини тўсиб олган. Низо пайтида машинанинг олд қисми букилган.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи Равшан Мадалиев 2022 йилда автоҳалокатга учраши оқибатида миясидан оғир жарроҳлик амалиёти ўтказган.

Мурожаатчи жанжал тасвирга тушиб қолган дўкон камерасидан барча кадрлар 5 нафар ППХ ходимлари томонидан, асл ҳолатни яшириш мақсадида ўчиртириб юборилганини айтмоқда. 

Мавзуга оид