Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида нутқ сўзлади
Сўзи аввалида Ўзбекистон президенти тадбирни юксак даражада ташкил этагани учун Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиевга самимий миннатдорлик билдирди.
«Сизлар билан туркий дунёнинг маданият пойтахтларидан бири бўлган Шуша шаҳрида кўришиб турганимизда чуқур маъно мужассам. Гўзал Қорабоғнинг дурдонаси ҳисобланган бу муқаддас шаҳар Озарбайжон халқининг сўнмас жасорати, тенгсиз матонати, чин мардлик ва бирдамлигини яққол намоён этган тарихий ғалабанинг ёрқин тимсолидир.
XX асрнинг буюк сиёсат ва жамоат арбоби, мустақил Озарбайжон давлатининг асосчиси, муҳтарам Ҳайдар Алиев таъбири билан айтадиган бўлсак, «Шушасиз — Қорабоғ, Қорабоғсиз Озарбайжон бўлмайди», деди Мирзиёев ўз нутқида.
Мирзиёев тарихий адолат қарор топган ва яна Озарбайжон бағрига қайтган Қорабоғда ҳурматли Илҳом Алиев раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига, меъморий обидалар ва маданий ёдгорликларни қайта тиклаш борасидаги мислсиз жонбозликка кеча бевосита гувоҳ бўлганига урғу берди.
«Бундай эзгу ишларингиз яқин дўстлар сифатида барчамизга албатта чексиз қувонч ва ғурур бағишлайди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва алоҳида эътиборимиз билан ушбу бебаҳо шаҳар тимсолида бутун Қорабоғ келгусида абадий дўстлигимизнинг чинакам рамзига айланишига ишонаман», — деди Мирзиёев.
Мирзиёев Ўзбекистон беш йил муқаддам айнан Озарбайжон заминида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб киргани, ўтган қисқа даврда 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйилганини таъкидлади.
«Ушбу саммитимиз глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, бугунги йиғилишимиз «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остида ўтаётгани долзарб аҳамиятга эга», деди Мирзиёев ва устувор масалаларни санаб ўтди.
Савдо ва транспорт йўлларини ривожлантириш
Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо ҳажми барқарор ўсмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, умумий ўзаро товар айланмаси ҳажми 27 фоизга ошган. Бундай юқори ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам кузатилмоқда.
Мамлакатлар бугунги кунда дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш учун қаттиқ бел боғлаган.
«Албатта, сўнгги йилларда Ташкилот доирасида бу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда, рақамли тизимлар ишга туширилмоқда. Натижада Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. Бизнес учун энг маъқул тарифларни жорий этиш ушбу йўлакнинг рақобатдошлиги ва жозибадорлигини кескин ошириши шубҳасиз.
Биз «Ягона ойна» тизими йўлга қўйилишидан, божхона-чегара ўтказиш пунктларининг узлуксиз ишлаши таъминланишидан манфаатдормиз.
Ўтган ҳафта Тошкентда ташкил этилган Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянсини Ташкилотимизнинг транспорт соҳасидаги кун тартибини шакллантириш ва устувор вазифаларини амалга оширишда кенг жалб этиш мақсадга мувофиқдир.
Ташкилотимиз доирасида Темир йўл маъмуриятлари кенгашини тузиш ва унинг дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштириш ҳақидаги таклифимизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман.
Топшириқ берсак, навбатдаги саммитимизга қадар савдо ва транспорт вазирларимиз халқаро коридорлар имкониятларидан янада унумли фойдаланиш ва автоташувларни тўлиқ рақамлаштириш, «яшил» йўлаклар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш
Ташкилот ҳудуди иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканлиги урғуланди.
«Мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун бизнинг ташаббусимиз асосида вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини тузиш таклифини маъқуллайсизлар, деб ишонаман. Мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд — Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш айни муддао бўлар эди.
Шу ўринда туркий дунё бугунги кунда иқлим бўйича халқаро ҳамкорликда ўзининг юксак ўрни ва баланд овозига эга бўлиб бораётганини алоҳида ғурур билан таъкидламоқчиман.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Бокуда ўтказиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XXIX Иқлим саммити (COP-29) барча мамлакатларимиз учун улкан тарихий воқеа бўлади.
Иқлим ўзгаришлари бўйича дунё етакчилари саммити муваффақиятли ўтишига чин дилдан тилакдошмиз. Биз мазкур нуфузли анжуманда фаол иштирок этишга ва бу борада Озарбайжонга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрмиз», — деди Ўзбекистон президенти.
Муқобил энергетика
Мирзиёев Ўзбекистонда 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватларини кескин ошириш ва энергетика балансида уларнинг улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинганини таъкидлади.
«Шерикларимиз билан бирга йилига 2 гигаватт қувватдаги янги шамол ва қуёш электр станцияларини ишга туширмоқдамиз. Ушбу лойиҳалар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Қўшни Қирғизистонда гидроэлектр станцияларини Қозоғистон билан биргаликда қуриш ишларини ҳам бошлаяпмиз.
Муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида «Яшил энергетика сари туркий ҳаракат» концепциясини қабул қилишнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман.
Туркий дунё халқлари ўз тараққиётининг турли даврларида умумбашарий цивилизация ривожига мислсиз ҳисса қўшганлар.
Номларини жаҳон аҳли яхши биладиган улуғ аллома ва уламоларимиз иккита буюк Ренессансга асос солишган. Бу азал-азалдан халқларимиз ҳаётида инсон капитали нақадар юқори бўлганидан дарак беради.
Биз замонавий «билимлар иқтисодиёти»ни қуриш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун рақамли технологиялар, блок-чейн, булутли, квант ҳисоблаш технологиялари, робототехника, «тўртинчи саноат» кадрларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдормиз. Бунинг учун Туркий давлатлар ташкилотининг Инсон капиталини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича ташаббусни илгари сурамиз ва уни юртимизда жойлаштиришга тайёрмиз.
Ташкилот шафелигида аниқ фанлар бўйича Ёшлар туркий олимпиадаси ва Бутунжаҳон туркшунослар конгрессини ташкил этишни ҳамда уларни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этамиз», — деди Мирзиёев.
Ғазо ва Афғонистон ҳақида
Мирзиёев Яқин Шарқдаги можарони ҳам эътборни жалб этди. Ғазода тўққиз ойдан буён кечаётган қонли уруш оқибатлари одамларни чуқур қайғу ва изтиробга солаётганини такъкидлади.
«Тўқнашувлар 40 мингга яқин аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар ҳаётига зомин бўлганини ҳеч бир сабаб ва баҳона билан оқлаб бўлмайди.
Биз зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирамиз.
Мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шартидир», — деди Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти жаҳоннинг бошқа минтақаларида уруш ва можаролар кучайиб бораётгани оқибатида кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолиб кетаётганини таъкидлаб ўтди.
«Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиради.
Афғонистоннинг хориждаги «музлатилган» молиявий активларини қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонамиз.
Янги воқелик шароитида Афғонистон масаласи бўйича Ташкилотимиз аъзоларининг умумий ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш масалалари ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларида асосий муҳокама мавзуси бўлиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Мирзиёев йиғилишда илгари сурилган барча таклиф ва ташаббуслар «Туркий нигоҳ–2040» концепцияси ҳамда Самарқанд шаҳрида қабул қилинган Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси мазмунига мос ва уйғун эканлишини таъкидлаб, анжуман кун тартибига киритилган Қорабоғ декларациясининг имзоланишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Мавзуга оид
16:21 / 22.05.2025
«Яқин орада Шимолий Кипрнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган кунларни ҳам кўрамиз» – Эрдўған
17:07 / 21.05.2025
Шавкат Мирзиёев Украина можаросини дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга чақирди
16:01 / 21.05.2025
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида иштирок этди
19:01 / 23.04.2025