“Менинг боғим”га овоз бериш якунланиб, ғолиблар аниқланди
“Менинг боғим” лойиҳасига “Очиқ бюджет” портали орқали 53 мингдан ортиқ овоз берилган ва 215 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Ғолиб лойиҳаларга республика бўйича 48,6 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
Ўзбекистонда илк бор “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилишга қаратилган “Менинг боғим” лойиҳаси бўлиб ўтди. Ташаббускорлар 10 июндан 20 июнгача “Очиқ бюджет” порталида яшил парклар ва яшил жамоат паркларини ташкил қилишга оид таклифларини қолдирди.
Таклифларни саралаш 20 июндан 23 июнгача, овоз бериш 23 июндан 3 июлгача ўтказилди. Таклифларга 53 мингдан ортиқ овоз берилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, овоз бериш жараёни якунлари бўйича 215 та лойиҳа ғолиб деб топилди.
Ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш учун республика бўйича 48,6 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
“Менинг боғим” лойиҳаси ҳақида
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, 2024 йилдан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш учун “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши белгиланди.
Бунда “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш бўйича ер майдони манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда, қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади.
Ажратиладиган маблағлар миқдорига лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқлик киритилади. Аниқлик киритилган миқдордан ошган тақдирда лойиҳага бошқа лойиҳаларда иқтисод қилинган маблағлар ажратилади. Шунингдек, лойиҳаларга вилоятлар ва пойтахт кенгашларининг қарорлари асосида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари сарфланади.
Аввалроқ, масъуллар Kun.uz’га берган интервюсида “Менинг боғим” лойиҳаси қандай ташкил этилиши борасида батафсил маълумот берганди.
Мавзуга оид
16:47
Кимёвий воситалар билан дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
17:40 / 08.11.2024