Ҳожимат Эркиновда оилавий можаро: У фарзанди учун қанча алимент тўлаши керак?
Футболчининг турмуш ўртоғи у фарзанди учун тўлаётган алимент миқдоридан норози. Унинг ўзи эса араб клубидаги маоши ҳақида маълумот бермоқчи эмас. МИБ ундирувни «Ал-Ваҳда» клубига қаратиш устида ишламоқда.
Kun.uz таҳририятига Ўзбекистон миллий ва олимпия жамоалари аъзоси ҳисобланган ва ҳозирда БААнинг «Ал-Ваҳда» клубида фаолият юритаётган Ҳожимат Эркиновнинг турмуш ўртоғи Мадинабону Рустамовадан алимент масаласида мурожаат келиб тушди.
У Эркинов даромади анча юқори бўлса-да, ўзини ишсиз сифатида кўрсатиб, фарзанди учун алимент пулини ҳақиқатда топаётган даромади ҳисобидан тўламаётганини айтмоқда.
Таҳририятга тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, 2023 йил 1 декабр куни фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди буйруғи билан вақтинча ишсиз (!) деб кўрсатилган қарздор Ҳожимат Эркиновдан бир нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ой иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади.
Суд буйруғида тўланадиган алимент миқдори ҳар бир бола учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (1 млн 50 минг сўм)нинг 26,5 фоизи, яъни 278 минг 250 сўмдан кам бўлмаслиги кўрсатилади.
Маълумот учун, Ҳожимат Эркинов ишсиз сифатида кўрсатилган мазкур суд буйруғи чиққан вақтда у «Пахтакор» клуби таркибида тўп сурган ва бу давр учун унга иш ҳақи ва мукофот пуллари ҳисобланган. Жумладан, Ҳожимат Эркиновнинг 2023 йил июл-декабр ойлари учун жами даромадлари 900 млн сўмдан ошиқни ташкил этган.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2024 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори билан Ҳожимат Эркиновдан Мадинабону Рустамова фойдасига, фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 100 фоизи (1 млн 50 минг сўм) миқдорида алимент белгиланади.
М.Рустамованинг апелляция шикоятига асосан ишни қайта кўриб чиққан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича ҳайъати ажрими (2024 йил 27 март) билан ҳал қилув қарори қисман ўзгартирилиб, алимент миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (1 млн 50 минг сўм)нинг икки баравари, яъни 2 млн 100 минг сўм этиб белгиланади.
Мадинабону Рустамованинг айтишича, Эркинов суд буйруғига асосан айни кундаги шартномаси бўйича «Ал-Ваҳда» клубидан топаётган жами даромадларининг тўртдан бир қисмини алимент учун тўлаши керак. Унинг турмуш ўртоғининг араб клубидаги маоши ҳақида маълумот олиш учун уринишлари натижа бермаган.
Kun.uz мухбири Ҳожимат Эркинов билан боғланиб, вазият ҳақида фикрлари билан қизиқди.
«Алимент масаласига келсак, биласиз, алимент тўламаган одам Ўзбекистондан чиқариб юборилмайди. Мен ҳамма алиментларимни тўлаб, жой-жойига қўйганман. Бу ҳақдаги чекларим ҳам бор, буни исботлаб беришим ҳам мумкин.
[2023 йил] октябр ойида болам туғилган, мени декабр ойида алиментга беришди. Декабрнинг ўзида 4,5 минг доллар тўлаб берганман, кейин январ ойидан бошлаб июнга қадар 300 доллардан тўлаб келаман. Менимча, бу бир болани эплаб олишга етади», – деди Эркинов.
У алимент учун тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи чекларни таҳририятга тақдим этди. Унга кўра, Эркинов 2024 йил 8 феврал куни 63 млн 466 минг сўм миқдорда алиментни 2023 йил декабр ойи учун тўлаган. Бу унинг алимент учун илк тўлови бўлган ва бу БААнинг «Ал-Ваҳда» клуби билан шартнома имзолаганидан 1 кун ўтиб амалга ошган. Эркинов суд буйруғи чиққандан буён тўлаган алиментининг жами миқдори 86 млн 736 минг сўмни ташкил қилган.
Эркинов Kun.uz мухбирига ҳам шартнома шартлари сабаб «Ал-Ваҳда»даги даромадини очиқлай олмаслигини маълум қилган.
Футболчи алиментдан қочяптими?
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов мазкур алимент иши бўйича Kun.uz’га маълумот тақдим этди.
Алимент пуллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида олинган даромадлардан ҳам тўланиши лозим
Оила кодексининг 104-моддасига кўра, алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.
Шу муносабат билан суд томонидан вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлаш мажбурияти юклатилган собиқ оталар ёки оналар нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки хорижий давлатлардаги манбалардан олинган барча даромадлардан алимент тўлаши лозим.
«Фуқаро Эркинов Ҳожимат Ботир ўғлига нисбатан Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туман судининг 01.12.2023 йилдаги суд буйруғига асосан М.Рустамова фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзандининг вояга етгунига қадар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадининг ¼ қисми миқдорида алимент тўлаш мажбурияти юклатилган.
Мазкур суд буйруғини мажбурий ижро этиш мақсадида Мажбурий ижро бюросининг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан тегишли ижро иши қўзғатилган. Ижро ҳаракатлари давомида олинган маълумотларга кўра, Ҳ.Эркинов 2024 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳридаги «Ал-Ваҳда» футбол клуби билан шартнома имзолаган ҳамда ушбу давлат ҳудудида даромад олмоқда. Бироқ, қарздор Ҳ.Эркинов БАА ҳудудида олаётган даромадлари тўғрисида мажбурий ижро органига маълумот тақдим этмаган ва ушбу даромадларидан фарзанди таъминоти учун алимент тўламаган.
Ҳозирда қўзғатилган ижро иши юзасидан Ҳ.Эркиновнинг алимент тўлаши лозим бўлган даромадлари ҳажми, шу жумладан, БААдаги манбалардан олган даромадлари миқдорини мавжуд халқаро меъёрий ҳужжатлар доирасида аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
Қарздор Ҳожимат Эркинов унга нисбатан қонунда белгиланган чекловлар ва жавобгарлик чоралари кўрилишига йўл қўймаслик учун суд томонидан ўзига юклатилган мажбуриятларини ихтиёрий равишда тўлиқ бажариши лозим», дейилади МИБ маълумотида.
Ҳожимат Эркинов ҳақида
Ҳожимат Эркинов Тошкентнинг «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси бўлиб, профессионал фаолиятини ижара асосида 2019 йил «Қўқон-1912» жамоасида бошлаган. 2020 йилда Олмалиқнинг ОКМК клуби сафида тўп сурган яримҳимоячи иккинчи даврада «Пахтакор»га қайтарилган. У 2022 йил ёзида Москванинг «Торпедо» клуби томонидан трансфер қилинган бўлса-да, Россия чемпионатида ўйнаб кета олмади ва 2023 йил яна Тошкент клубига қайтди. 2024 йил 7 феврал куни эса Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Ваҳда» клуби билан шартнома имзолади. 23 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи жорий мавсум БАА Про лигасида 9 ўйинда майдонга тушиб, битта голга муаллифлик қилган.
Ҳожимат Эркинов Ўзбекистон олимпия жамоаси сафида Париж Олимпиадасига йўлланма олган эди, аммо Абу-Даби клуби уни Олимпиадага қўйиб юбормади.
Дилшода Шомирзаева
Kun.uz
Мавзуга оид
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
17:12 / 30.10.2024
Алиментдан қочиб юрган отани “илинтирган” ходим – МИБ операцияси тафсилотлари
12:30 / 24.09.2024
Ўзбекистонда алимент тўловлари ошади
11:45 / 12.09.2024