Ўзбекистон | 07:55 / 10.07.2024
3643
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кўмир қазиб чиқариш йилига 8 млн тоннага оширилади

Президент геология соҳасидаги ишлар ва инвестиция лойиҳалари ижроси билан танишди. “Нишбош” конини ўзлаштиришга Хитойнинг Henan компанияси 400 млн доллар тўғридан тўғри инвестиция киритиши кўзда тутилган. Бу орқали йилига кўмир қазиб чиқаришни 8 млн тоннага ошириш режалаштирилмоқда. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 9 июл куни геология соҳасидаги ишлар ва инвестиция лойиҳалари ижроси билан танишди. Мутасаддилар йил бошида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан давлат раҳбарига ахборот берган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди

Қайд этилишича, ўтган 6 ойда республикада қарийб 3 млн тонна кўмир қазиб олинган. “Шарғункўмир” АЖда механизациялашган ерости комплекслари тўлиқ ишга туширилиб, кўмир қазиб чиқариш бир кеча-кундузда 3,5 минг тоннага етказилган.

Иккинчи ярим йилликда яна 5 млн тоннадан зиёд кўмир қазиб олиниши режалаштирилган. Шундан 1,8 млн тонна иссиқлик электр станцияларига, 1 млн тоннадан ортиғи аҳолига, 540 минг тонна ижтимоий муассасаларга етказиб берилади, 1,8 млн тонна маҳаллий кўмир биржа савдоларига чиқарилади.

Бу йил кўмир қазиб чиқариш ўтган йилга нисбатан 1,4 млн тоннага кўп бўлиб, импорт ҳажми сезиларли қисқарган.

Тармоқда қатор инвестиция лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, “Нишбош” конини ўзлаштиришга Хитойнинг Henan компанияси 400 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция киритиши кўзда тутилган. Бу лойиҳа самарасида ерости усулида йилига 8 млн тоннагача кўмир қазиб чиқариш ва шундан 5 млн тоннасини бойитиш режалаштирилган.

“Мамлакатда каолиннинг ҳам катта захираси мавжуд. Ҳозирда конларни ўзлаштиришга жалб қилинган тадбиркорлар томонидан 396 минг тонна маҳсулот қазиб олинмоқда. Бу жуда кам. Шу боис 2024—2025 йилларда Геология дастури доирасида 7 та кон ташаббускорларга таклиф этилади ва бу орқали қазиб олиш ҳажми 2 млн 700 минг тоннага етказилади”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги “Апартак-3” кони негизида Туркиянинг Bab Energy vе Petrol Urunleri А.S. компанияси билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани таъкидланди. 15 млн долларлик мазкур лойиҳа натижасида 40 та янги иш ўрни яратилиб, йилига 70 минг тонна бойитилган каолин тайёрланади.

Шу йил 29 апрел куни бўлиб ўтган йиғилишда президент саноат учун муҳим минераллар масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Шундан сўнг, бу йўналишга ихтисослашган “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ташкил этилган. Илмий ва технологик тадқиқот ҳамда геология-қидирув ишларига қаратилган 40 млн долларлик 34 та лойиҳа ишлаб чиқилган. 

Бу тармоққа етакчи хорижий компаниялар ва малакали экспертларни жалб қилиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ўтган ойда Корея Республикаси президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида “КИГАМ” институти билан ноёб минералларни излаш, технологик тадқиқотлар ўтказиш ва рақамлаштириш бўйича 10 млн долларлик грант лойиҳаси юзасидан келишув имзоланган.

Президентга Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликдаги умумий қиймати 800 млн долларлик лойиҳаларнинг бориши ҳақида ҳам ахборот берилган.

Давлат раҳбари геология-қидирув ишларини кенгайтириш, олинган хомашёлардан қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берган. 

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид