Жамият | 10:04 / 11.07.2024
35724
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда эркак 3 ёшли болани қасддан пичоқлаб ўлдирди

Яшнобод туманида 30 ёшли эркак қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёлининг биринчи турмушидан 2021 йилда туғилган фарзандига пичоқ билан тан жароҳатлари етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Бола шифохонага олиб келингунга қадар вафот этган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида эркак ёш болага 12 марта пичоқ уриб, уни ўлдиргани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 9 июл куни Яшнобод тумани, Яккатол кўчасидаги кўп қаватли уйда ижара асосида яшаб келаётган 30 ёшли эркак ушбу манзилда қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёли билан жанжаллашиб қолган.

Жанжал оқибатида эркак аёлнинг биринчи турмушидан 2021 йилда туғилган ўғил фарзандига пичоқ билан бир неча маротаба тан жароҳатлари етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Бола шифохонага олиб келингунга қадар вафот этган.

Ҳолат бўйича Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Мавзуга оид