Жаҳон | 09:12 / 13.07.2024
7540
1 дақиқада ўқилади

Дунёда маймун чечаги вируси яна фаоллашмоқда – ЖССТ

2024 йилнинг 1 майидан 31 майига қадар 26 та давлатда маймун чечаги вирусни юқтирган 646 нафар бемор рўйхатга олинган.

Фото: AP

Дунёнинг баъзи мамлакатларида mpox (маймун чечаги) вируси яна фаоллашмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига асосланиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, касаллик шу йил 8 майдан 2 июл санасига қадар Жанубий Африка Республикасида яшовчи 20 нафар беморда аниқланган. Инфекция оқибатида 3 киши ҳаётдан кўз юмган.

Бу минтақада 2022 йилдан буён қайд этилган илк ҳолат. Ўшанда беш кишига маймун чечаги ташхиси қўйилган, бироқ ўлим ҳолатлари қайд этилмаганди.

Умуман, 2024 йилнинг 1 майидан 31 майига қадар 26 та давлатда ушбу вирусни юқтирган 646 нафар бемор рўйхатга олинган. Энг кўп касалланиш кўрсаткичлари Африка (43,5 фоиз), Европа (21,8 фоиз) ҳамда Жанубий ва Шимолий Америка (20,4 фоиз) минтақалари ҳиссасига тўғри келган.

Қайд этилишича, эпидемиядан Конго Демократик Республикаси аҳолиси жиддий азият чеккан. Бу ерда май ойида 377 та янги ҳолат аниқланган.  

Мавзуга оид