Жаҳон | 09:45 / 15.07.2024
3476
2 дақиқада ўқилади

ФТБ: Трампга ўқ узган шахс ёлғиз ўзи ҳаракат қилган

Доналд Трампга ўқ узилиши «ички терроризмнинг потенциал ҳаракати» сифатида баҳоланмоқда», дея маълум қилди Федерал тергов бюроси.

Фото: Brendan McDermid / Reuters

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга ўқ узилиши қотилликка уриниш сифатида текширилмоқда, бироқ айни пайтда ички террорчиликнинг потенциал акти сифатида ҳам кўрилмоқда, дея маълум қилди 14 июл, якшанба куни Федерал тергов бюроси (ФТБ) директорининг аксилтеррор бўйича ўринбосари Роберт Уэллс.

Отишма қонуний равишда сотиб олинган ярим автоматик AR типидаги милтиқдан амалга оширилди. Федерал тергов бюроси Трампни отган 20 ёшли Томас Мэтю Крукснинг ёлғиз ўзи ҳаракат қилганини ва унинг сабаблари ноаниқлигича қолаётганини таъкидлади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Крукснинг келиб чиқиши, кундалик фаолияти ва ижтимоий тармоқларини ўрганмоқда, бироқ ҳозирча «таҳдид қилувчи ҳеч нарсани сезмаган», деди ФТБ директори ўринбосари Пол Эббейт. Хизмат, шунингдек, Крукснинг мобил телефонига киришга ҳаракат қилмоқда. 

Эббейтнинг айтишича, отишмадан кейин «онлайн зўравонлик таҳдидлари билан боғлиқ риторика кўпайган». Унинг сўзларига кўра, интернетда отишма уюштирган шахсга тақлид қилаётган ёки ўзини кўрсатишга уринаётганлар пайдо бўлган.

Пенсилванияда Доналд Трампга суиқасд

АҚШ собиқ президенти, республикачи Доналд Трампга 13 июл куни Пенсилвания штатининг Батлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти митингидаги нутқи вақтида ўқ узилди. Ўқ сиёсатчи қулоғининг тепа қисмига тегди. Отишма натижасида 50 ёшли эркак ҳалок бўлди, яна икки митинг иштирокчиси яраланди. Уларнинг аҳволи барқарор, деди Пенсилвания штати полицияси. Ҳужумчи Пенсилвания штати Бетел-Парк шаҳрида истиқомат қилувчи 20 ёшли Томас Мэтю Крукс эканлиги аниқланган, у хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган.

Бир қатор жаҳон сиёсий етакчилари Доналд Трампга қилинган суиқасдни қоралаб, ҳамдардлик билдирди.

Мавзуга оид