Жамият | 16:21 / 15.07.2024
18104
6 дақиқада ўқилади

Тўй ҳаётнинг асосий мазмуними? Унинг илинжида умрини сарфлаётганлар ҳикояси

“Яқинда шифокорлар онамда кўкрак саратони белгилари бошланаётганини айтишди. Лекин тўй харажатлари сабаб онам енгил даволанишдан нарига ўтмаяпти. Мажбурласак ҳам “қудаларнинг олдида ким деган одам бўламиз?” деб ўзини қийнайди. Ичадиган дориларини олмаса олмайдики, шу иссиқда ҳар ҳафта сарпо олишга бозорга югуради”. “Ҳаётий ҳикоялар”да одамлар дабдабали тўй учун нималарни бой бераётганлари ҳақида ўқинг.

Фото: Kun.uz

Тўй инсон соғлигини сарфлайдиган даражада муҳим маросим эмас

Марҳабо, 21 ёш, Самарқанд:

“Акамни 1 йил аввал унаштирганмиз. Ўша кундан бери уйимизда фақат тўйни қандай ўтказиш, қайси санъаткорларни чақириш муаммоси гаплашилади. Мен контрактимни талаба кредитидан тўладим, укамни қўшимча дарслардан ҳам чиқариб олишди, ҳозир шароитимиз йўқлигини айтиб. Укам жуда иқтидорли бола, бунга хафа бўлди албатта. Яқинда тўй қилишимиз керак. Оиламизда ота-онам, акам ишлашади. Мен талаба бўлсам ҳам ишлайман, лекин топганим унча кўп эмас, ўзимдан ортмайди.

Мени ўйлантираётгани бошқа нарса – яқинда шифокорлар онамда кўкрак саратони белгилари бошланаётганини айтишди. Зудлик билан даволанишни бошлаш керак, кейин кеч бўлиши мумкин экан. Лекин тўй харажатлари сабаб онам енгил даволанишдан нарига ўтмаяпти. Мажбурласак ҳам “қудаларни олдида ким деган одам бўламиз” деб ўзини қийнайди. Ичадиган дориларини олмаса олмайдики, шу иссиқда ҳар ҳафта сарпо олишга бозорга югуради. Қандай тушунтиришни билмаймиз. Отам билан акам ҳам ҳар қандай йўл билан тушунтиришга уринишди, охири йиғи-сиғи, “мен бир марта тўй қиламан, ҳамма қараб турибди қанақа тўй қиларкин деб, даволаниш қочмайди. Мени баттар бўлмасин десанглар, индаманглар” деган гап билан тугади. Акам уйланаётганига минг пушаймон. Лекин онамга бирор нарса дейишга ҳадди сиғмайди.

Тўй қилаётганимиз учун ҳамма харажатларни максимал қисқартирдик, айтсам ишонмайсиз, ейиш-ичишни ҳам. Лекин қудалар билан бирорта маросимни канда қилмаяпмиз. Масалан, ҳар икки ҳайитда ҳам, байрамларда ҳам дабдабали йўқловлар, “уй кўрди”ларнинг харажатига ҳеч нарса аялмайди. Тоғора-тоғора овқатлар, ширинликлар, сарпо-суруқ дегандай. Камига ҳозир биз томонда шунақа пайтда сарпони ёнига битта тилла қўшиб юбориш ҳам урф бўляпти эмиш”.

Ота-онам истагандай тўй учун камида яна 3 йил ишлашим керак

Мирзоҳид, 31 ёш, Хоразм:

“Ёшим 31да, 9 йилдирки чет элда қурилишда ишлайман. Ёлғиз ўғилман, ота-онамнинг орзу-ҳаваслари кўп. Шу пайтгача ишлаб, опамни ва синглимни узатдик. Келган вақтларимизда бу ерда топиш-тутишим ёмон эмас эди, топганларимни тўпласам анчагина пул бўларди. Синглимни узатганимизда куёвимиз мебелни ўзи қилди. Лекин шунга яраша жавоб қилмасак уят бўлади деб стол-стуллар, яна бошқа мебелларни ортиғи билан юбордик.

Энди менга навбат, лекин Ўзбекистонга бориб уйланишни хоҳламаяпман очиғи. Чунки бу учун ҳозир имконим йўқ, бу ерда ҳам ишим аввалгидай эмас. Менга алам қиладигани мен 3 йилда қора терга ботиб тўплаган пулнинг битта тўй учун кетиб қолиши.

Қалин пули, тўй харажатларига анчагина пул кетар экан. Дабдабали тўй шарт эмаслигини айтсам дадам “мен халқнинг тўйини еганман, энди ўзим шундан қочаманми?” деб хафа бўлди. Лекин улар истагандай тўй қилишимиз учун камида яна 3 йил ишлашим керак.

Пандемия пайтида тўйлар анча камхарж ўтказилди, бу анчагина оммалашди деб ўйлагандим. Йўқ, ҳаммада ҳам бу тушунча ўзгармаган экан”.

Қиммат гилам қилмади деб гапиришсаям майли эди

Носир ака, 57 ёш, Тошкент:

“Уч фарзандим бор. Бир қизимни узатганимизга 2 йил бўлди. Тўғрисини айтсам, катта қизимни узатишда олинган қарзлардан ҳали қутулиб улгурмаган эдим. Мебел қилинмаган билан гилам, пардага ўхшаш нарсаларнинг яхшисини қилайлик дебмиз. Бу хотинлар ўйлаб топаверар экан шунақа нарсаларни.

Орада ўғлим ёқтирган қизни бошқага узатишмоқчилигини эшитиб унгаям тўй бошлаб қўйдик. 6 ой аввал тўй қилганман. Яна анча-мунча қарзга ботдим. Қариндошлар ёрдам қилишди, ўғлим ҳам ишлаяпти, ҳали жуда катта топмасаям. Ўзим давлат ишидаман, қўшимча ишламасам бўлмайди деб “аренда”га машина олдим – такси қиляпман. Ҳам машинани ижарасини, ҳам қарзларимни тўлаш учун эрта-ю кеч ишламасам бўлмайди. Баъзида ихчамроқ тўй қилсам ўламанми деб ўзимдан ҳам жаҳлим чиқади. Аёлим бошқаларнинг тўйларини айтиб ҳавас қилса, кўзёш қилса, менам чираниб қилаверибман. Ўшанда қатъийроқ турсам бўларкан”.

Келинсалом деган “товар алмашинув” маросимиданоқ кўнгилхиралик чиқди

Соҳиба опа, 46 ёш, Тошкент вилояти:

“Ёлғиз ўзим уч қизни катта қилдим. Ўғлимиз йўқлиги учун турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз. Шу қизларим ўксимасин деб ёшлигидан сеп йиғаман. Бултур катта қизимни узатдим. Қуда тараф мебелниям ўзимизга олдирди. Ноилож кредит олиб ҳамма айтганларини бекаму-кўст, ортиғи билан қилдим.

Биринчи кунданоқ келинсалом деган “товар алмашинув” маросимида кўнгилхиралик келиб чиқди. Қудамизнинг яқинларига арзирлироқ нарсалар олмаганимиз учун.

Тақдир экан қизим ҳомиладор ҳолида турмуши бузилди. Ҳозир уйимда. Ойма-ой қилган мебелларимиз-у, жиҳозларимизни кредитини тўлаймиз. Қилган сепларим, мебеллар уйимда ётибди ишлатилмай. Шуларни йиғгунча қизимни ўқитмаганим учун афсусдаман. Энди боласи билан қандай кун кўради ҳайронман? Кредит тўлайман деб кейинги қизларимниям ўқитолмаяпман”.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид