Спорт | 11:34 / 15.07.2024
26276
8 дақиқада ўқилади

Испания — мутлақ чемпион! Еврода энг муносиб жамоа ғолиб чиқди

Саутгейт шогирдлари эса яна ҳал қилувчи баҳсда ютқазди. Омадсиз Кейн фаолиятидаги олтинчи финални бой берди.

Фото: OGUZ YETER/ANADOLU VIA GETTY IMAGES

Евро-2024. Финал
Испания – Англия 2:1
Голлар
: 1:0 – 47 Уилямс, 1:1 – 73 Палмер, 2:1 – 86 Ойарсабал.
Испания – Унаи Симон, Карвахал, Лапорт, Ле Норман (Начо, 83), Кукуреля, Фабиан Руис, Родри (Субименди, 46), Олмо, Уилямс, Ямал (Мерино, 89), Мората (Ойарсабал, 68).
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Шоу, Райс, Фоден (Тоуни, 89), Беллингҳем, Майну (Палмер, 70), Сака, Кейн (Уоткинс, 61).
Огоҳлантиришлар: Кейн (25), Олмо (31), Стоунз (53), Уоткинс (90+2).

Европа чемпионатига ўйин услуби бутунлай бир-бирига зид жамоалар етиб келганди. Бир томонда — ҳужумкор ва ёрқин, романтик футболга содиқ қолган Испания, иккинчи томонда — зерикарли ва ҳаддан ташқари прагматик, таркибидаги ижрочилари даражасига мос келмайдиган ўйин кўрсатаётган Англия. Буни финал учун идеал жуфтлик дейиш мумкин эди.

Испанлар таркибидаги асосий ўзгариш сифатида — Ямал энди 16 ёшли вундеркинд бўлиб эмас, вояга етган футболчи сифатида майдонга тушганини қайд этиш мумкин; у финал арафасида 17 ёшини нишонлади. Таркиб бўйича барчаси олдиндан маълум эди, де ла Фуэнте — финалда тажриба қиладиган даражада таваккалчи эмас. Карваҳал ва Ле Норман дисквалификацияни ўтаб майдонга қайтди — улар олдиндан асосий таркиб футболчилари эди.

Саутгейт ҳам иш бериб турган тизимни бузишни истамади. Яна уч марказий ҳимоячидан иборат схема танланди, Сака ўнг қанот латерали ролида тушди, қарама-қарши қанотда эса Шоу ҳаракат қилди, бу унинг учун феврал ойидан буён илк бор бошланғич таркибда ўйнаши эди. У бу позицияга кўникиб кета олмаган, асосий оёғи ўнг оёқ бўлган Триппиерни алмаштирди. 

Биринчи бўлим ўрталарида тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик 70:30 нисбатида испанлар томонида эди. Улар бутун вақтини инглизлар мудофаасида бўш жой топишга уриниш билан ўтказишди. Аммо бундан наф чиқмади — икки жамоа ҳам нафақат ҳимояда, балки ўтиш фазаларида ҳам хатосиз ҳаракат қилди. Икки жамоада ҳам тезкор қарши ҳужумларга ўтиб кетиш имкони юзага келмади. Испания иложсизликдан қанотлардан узатма беришга ўтди ва бу ҳам мутлақо фойдсиз эди.

Биринчи бўлим Саутгейтнинг сценарийси бўйича кечди дейиш мумкин, қанотларда Уокер Нико Уилямсга, Шоу Ламин Ямалга ўйин бермади. Жамоалар сифатли футбол намойиш этишди, аммо яққол вазиятлар яратилмади. 45 дақиқа давомида томонлар дарвоза соҳаси томон биттадан аниқ зарба йўллашди, кутилган голлар бўйича биргаликда xG 0,37 кўрсаткичини қайд этишди. 

Иккинчи бўлим Испания мухлислари учун нохуш хабар билан бошланди — Родри ўйинни давом эттира олмаслиги маълум бўлганди. У биринчи бўлим охирида Кейннинг зарбасини тўсишга уринганида жамоадоши Ляпорт билан тўқнашиб кетганди.

Фото: ALEX GRIMM/GETTY IMAGES

Вингерларнинг ўйини чиқмаётганди, Ямал биринчи бўлим давомида бирор марта рақибни алдаб ўта олмади, энди эса марказ ҳам кучсизланаётганди.

Фото: OGUZ YETER/ANADOLU VIA GETTY IMAGES

Аммо рақибнинг асосий футболчиси чиқиб кетишидан кейин инглизлар сергакликни йўқотди ва испанларнинг ўйиндаги энг яхши ҳужуми ўтказиб юборилди: иккинчи бўлимнинг иккинчи дақиқасидаёқ «Қизил фурия» Англия мудофаасини ёриб ўтди. Ҳужумни ортдан Карваҳал майдоннинг учинчи қисмидаги Ямалга тўп етказиб бериш билан бошлаб берди, «Барса» вингери эса нариги қанотда Уокер томонидан бўш қолдирилган Уилямсни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқарди ва ҳисоб очилди. Инглизлар ўзига келишига улгурмасидан иккинчи голни ўтказиши ҳам мумкин эди, аммо Олмо жуда яхши позициядан гол уролмади. У, Мората ёки Уилямс ўз имкониятларидан фойдаланиб, иккинчи голни уришганида, ўйин масаласи анча эрта ҳал бўлган бўларди. 

Кетма-кет ҳужумлар бир амаллаб қайтариб олингач, Саутгейт ўз юришини бошлади — жамоа сардори Кейн 60-дақиқадаёқ Уоткинсга алмаштириб юборилди. 64-дақиқада эса инглизлар иккинчи бўлимдаги илк зарбасини йўллади. Беллингҳем тўпни қабул қилишда Зиданнинг машҳур финтини ишлатиб, икки рақибдан қутулди ва Мартин Субимендининг оёқлари орасидан кучли зарба берди, тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.

Кейин ташаббус яна испанларга ўтди ва жамоа Родрининг йўқлигини сездирмай ўйнашда давом этди. Ямал масалани ҳал қилишга яқин келди, аммо бурчакка бораётган тўпни Пикфорд тўхтатиб қолди.

Англия учун эса бир тўп фарқини йўққа чиқариш — муаммо эмасди. Евродаги бу қонун финалда ҳам ишлади. Саутгейт яна омадли алмаштириш амалга оширди: Палмер майдонга тушишидан бир неча дақиқа ўтиб, Беллингҳем ташлаб берган тўпни барчанинг оёқлари орасидан ўтказиб дарвозанинг олис бурчагига жойлади — 1:1!

Испанлар эса эҳтиёткорлик қилиб, қўшимча бўлимларни кутадиган жамоа эмасди. Бу жамоа ўйин борасида ғалабага ҳақлироқ кўринаётганди. Де ла Фуэнте шогирдлари зарбалар сони бўйича қарийб икки баробар устунлик қилди – 16:9 (жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 12:4, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 6:4). 

Улар барчасини 90 дақиқа ичида ҳал қилишга интилишди. Ямалда яна бир қулай вазият бўлди, аммо бу дуэлда ҳам Пикфорд устун келди. Аммо «Қизил фурия» барибир ўз мақсадига эришди. 86-дақиқада Кукуреля испанларга «олтин» гол тақдим этди. Унинг қанотдан берган узатмасидан кейин Ойярсабал Геҳидан илдамроқ ҳаракат қилиб, тўпга бир тегинишда ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди.

Офсайдга гумон бор эди, аммо замонавий техникалар барчаси тўғри бажарилганини кўрсатди.

Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. Асосий вақтнинг сўнгги дақиқасидаги штурм чоғида тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолган Олмо кечанинг яна бир қаҳрамонига айланди.

У бу ўйинда турнирнинг яққол тўпурарига айлана олмади, аммо бундай қутқариш ҳар қандай голдан қадрлироқ. Қолган дақиқаларда Испания дарвозаси қаршисида бошқа голли вазият бўлмади. Англия қаторасига иккинчи бор Евро финалини бой берди ва энди инглиз матбуоти Саутгейтни яксон этишни бошлаши мумкин.

Испаниянинг чемпионлиги — ҳақли ва адолатли бўлди. Жамоа турнирдаги барча ўйинда ғалаба қозонди. Қолаверса, испанлар ўз йўлида деярли барча фаворитлар билан ўйнаб чиқди ва уларнинг барчасини йўлидан олди. Бу рўйхат чиндан ҳам даҳшатли кўринишда: Хорватия, Италия, Германия Франция, Англия. Испанлар шубҳасиз турнирнинг энг яхши жамоаси эди. Жамоанинг ҳужумга урғу қаратилган ва мувозанатли ўйини мухлисларни ҳам хурсанд қилди, натижа ҳам келтирди.

Бундан ташқари, Испания тўртинчи чемпионлик билан Европа чемпионатлари тарихидаги энг совриндор жамоага айланиб олди. Бир сўз билан айтганда, улар энди бу турнирда ҳам, бутун тарихда ҳам мутлақ чемпионлар!

Мавзуга оид