Жаҳон | 15:37 / 16.07.2024
5228
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Қизил денгизда савдо кемаларига ҳужум уюштирилганини тасдиқлади

АҚШ армияси икки танкерга зарба берилгани тўғрисида хабар қилди. Бир кема шикастланган, аммо сафарини давом эттиришга муваффақ бўлган. Ҳужумлар учун жавобгарликни Ямандаги ҳусийчилар ўз зиммасига олди.

Фото: Indian Navy/AP Photo/picture alliance

АҚШ 16 июл, сешанба куни Қизил денгизда иккита савдо кемаси – Россиядан Хитойга ўсимлик мойини олиб кетаётган Bentley I танкери ва Chios Lion нефт танкерига ҳужум қилинганини тасдиқлади. АҚШ ҳарбийларига кўра, Bentley I шикастланмаган, қурбонлар бўлмаган ва рейсни давом эттиришга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, ҳужум натижасида Chios Lion’га зарар етган, бироқ одамлар жабрланмаган.

Ҳар икки ҳужум учун жавобгарликни Яман ҳусийчилари ўз зиммасига олди. Сўнгги ойларда улар Қизил ва Ўрта Ер денгизларида баллистик ракеталар, учувчисиз учоқлар ва қайиқлар ёрдамида кемаларга ҳужум уюштирилгани ҳақида бир неча бор хабар беришган. Гуруҳнинг ҳарбий қаноти вакили Яҳё Сарининг айтишича, ҳужумлар Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаларига жавобан амалга оширилган. 

Ҳусийчилар Қизил ва Ўрта Ер денгизларида кемаларга зарба бермоқда 

Аввалроқ Британия Ҳарбий-денгиз кучлари Денгиз савдосини мувофиқлаштириш бошқармаси (UKMTO) Қизил денгизда Яманнинг Ходейда шаҳри яқинида иккита кемага ҳужум қилингани, бирининг экипажи эса кемага зарар етганини билдиргани тўғрисида хабар берганди.

Март ойида Аден кўрфазида True Confidence кемасига ҳусийчиларнинг ракета ҳужуми натижасида уч денгизчи ҳалок бўлди, февралда эса ҳужумга учраган Rubymar юк кемаси чўкиб кетди. Ўтган январ ойида ҳусийчилар Galaxy Leader ролкерини қўлга олишди. Ҳусийчиларнинг ҳужумлари халқаро юк ташишда муаммоларга сабаб бўлмоқда ва минтақада кескинликни оширмоқда. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари минтақадаги ҳарбий иштирокини ошириб, ҳусийчилар позицияларига вақти-вақти билан ракета ҳужумларини уюштирмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид