Трампга суиқасддан уч кун ўтиб Томас Крукс ҳақида яна нималар маълум?
ФҚБ унинг телефонига кирган. Гумонланувчининг мотивлари ҳали ҳам аниқланмади.
Федерал қидирув бюросининг техник мутахассислари Пенсилваниядаги митинг чоғида АҚШ президентлигига номзод бўлган Доналд Трампга қарата ўқ узган 20 ёшли Томас Мэттю Крукснинг телефонига кириш имкониятига эга бўлди ва унинг электрон қурилмаларини ўрганишда давом этмоқда. Бу ҳақда Федерал қидирув бюросининг 15 июл куни эълон қилинган баёнотида айтилади.
Пресс-релизда Крукснинг телефони ҳақидаги бошқа тафсилотлар келтирилмаган. The New York Times нашри қайд этишича, мутахассислар гумонланувчининг ёзишмаларини, браузерлар тарихи ва ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини таҳлил қилмоқда. ФҚБ хабарида улар Крукснинг телефонига қандай қилиб кира олгани очиқланмаган, NYT нашри эса қурилмага парол ўрнатилган бўлганини ёзган.
Крукснинг мотивлари ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ.
Республикачиларнинг АҚШ президентлигига номзоди Доналд Трампга суиқасд 13 июл куни, сиёсатчи Пенсилвания штатининг Батлер шаҳридаги митингда чиқиш қилаётганида содир этилганди. Трампга қарата бир неча ўқ узилган, ўқлардан бири унинг ўнг қулоғини тилиб ўтган. Отишма натижасида митингга келганлардан бири ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган. Ҳужум қилган шахс Махфий хизмат ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.
ФҚБ хабарида айтилишича, сўнгги икки кун давомида махсус хизматлар 100 дан ортиқ кишини (жумладан, отишма рўй берган митинг иштирокчиларини ва «бошқа гувоҳлар»ни) сўроқ қилган. «Улар ҳозиргача йиғган маълумотлар гавдалантирадиган нарса унинг [Крукснинг] портрети эмас, бўш рамкадир», — дейилади The New York Times материалида.
Ҳозирча Крукс Трампнинг сайловолди митинги бўлиб ўтган жойдан тахминан 70 километр масофада жойлашган Бетел-парк (Пенсилвания штати) шаҳарчасида туғилгани маълум. 2022 йилда у маҳаллий мактабни тамомлаган, аъло баҳолари учун Миллий математика ва табиий фанлар ташаббусининг 500 доллар миқдоридаги мукофотини қўлга киритган.
The Washington Post маълумотига кўра, Крукс ота-онаси билан яшаган. У ўз уйидан бир неча дақиқалик масофада жойлашган қариялар уйи ошхонасида ишлаган. Муассаса администратори Марси Гримм Пенсилваниядаги отишма ҳақидаги хабардан карахт ҳолатга тушганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Крукс бу жойда ишлаш вақтида ҳеч қандай муаммо туғдирмаган ва «унинг биографияси тоза бўлган». Аёл унинг ишга жойлашиш тафсилотларини муҳокама қилишдан бош тортиб, марказ раҳбарияти тергов билан ҳамкорлик қилаётганини айтган.
ФҚБ ҳозирча Крукснинг cуиқасдга тайёргарлик ҳақидаги бирор баёнотини аниқламаган, у шунингдек ҳеч қачон тергов кузатуви остида бўлмаган. The New York Times манбаси сўзларига кўра, унинг интернетдаги ҳаракатларида ҳозирча ҳеч қандай ноодатий ҳолат қайд этилмаган. У шахмат ва видеоўйинлар ўйнашни ёқтирган, шунингдек дастурлаш билан шуғулланган. Шу билан бирга, Круксда машҳур ижтимоий тармоқларда, хусусан фейсбук ва инстаграмда ўз номидаги профил бўлмаган. Discord платформаси маъмурияти гумонланувчи билан алоқадор аккаунт аниқланганини айтган, аммо унга жуда кам кирилган ва у суиқасдга тайёрланиш учун ушбу аккаунтдан фойдаланганига бирор далил йўқ.
Крукснинг собиқ синфдошлари унда қандайдир шубҳали ҳолат сезишмаганини айтишган. Улардан бири Зак Брэдфорд, журналистларга Крукс «ҳаддан ташқари ақлли» бўлгани, унинг юқори синфлардаги қарашлари «бироз ўнг радикал» бўлиб кўринганини айтади. Унинг сўзларига кўра, у синфдошлар Круксга «шафқатсиз» муносабатда бўлган бир неча ҳолатларни эслайди.
The Washington Post ҳам Крукснинг синфдошларидан бири билан боғланган. Унинг айтишича, Крукс ёпиқ одам бўлган, мактабда сиёсат ҳақида жуда кам гаплашган ва «мўътадил ўнг марказчи қарашлар»га риоя қилган. У Крукснинг фамилияси суиқасд ҳақидаги янгиликларда пайдо бўлганида синфдошига кимдир унинг номидан ҳаракатланганидан ҳамдардлик билдириб хабар жўнатгани, аммо жавоб олмаганини айтган. Кейин у синфдоши отиб ташлангани акс этган фотосуратни кўрган. «Том яхши йигит эди, мен унинг ҳаёти яхши кечяпти деб ўйлагандим. Уни бунга нима мажбур қилганини билмайман», — деган у.
2021 йил сентябридан 2024 йил майига қадар Крукс Аллегейни округидаги Жамоат коллежида ўқийди ва муҳандислик фанлари кичик мутахассиси дипломини олади. Коллеж вакили BBC News учун берган изоҳида у ўқишни аъло баҳолар билан тамомлаганини айтган. У бирор интизомсизликка йўл қўймаган.
Трампнинг митингида рўй берган отишмадан кўп ўтмай америкалик сайловчилар базасида Крукс республикачилар тарафдори сифатида қайд этилгани ҳақида хабар тарқалди. У ноябрдаги президентлик сайловларида илк бор овоз бериши мумкин эди. 2021 йилда у ActBlue платформаси орқали сайловчилар давоматини кўтариш бўйича Progressive Turnout Project лойиҳасига 15 доллар хайрия қилган.
BBC News нашри ёзишича, Крукс камида бир йил мобайнида Clairton Athletes Club номли маҳаллий мерганлар клуби аъзоси бўлган. Крукснинг аъзолиги тўғрисидаги маълумотни клубдагилар тасдиқлаган. Клубда бир неча ўқ отиш майдони бор бўлиб, улардан бирида нишон 171 метр масофада жойлашган. Нашр хабарида Крукс клубга қанчалик мунтазам қатнаганига аниқлик киритилмаган.
The Washington Post ФҚБ суриштируви боришидан хабардор бўлган манбага асосланиб, Крукс Трампга ўқ узган милтиқ гумонланувчининг отаси томонидан 2013 йилда сотиб олинганини аниқлаган. Газета суҳбатдошининг сўзларига кўра, 13 июл тонгида, яъни суиқасд амалга оширилган кунда, Крукс маҳаллий Allegheny Arms қурол дўконидан 50 та патрон сотиб олган.
Мавзуга оид
15:25 / 03.12.2024
“Тарихий депортация” Трампнинг қўлидан келадими? АҚШдаги ўзбек юристи билан суҳбат
11:29 / 03.12.2024
«Путин фақат кучни тушунади. Байден ҳаммасини аксинча қилган» — Курт Волкер интервюси
10:19 / 03.12.2024
Руминияда президентлик сайловлари биринчи тури натижалари тасдиқланди
10:16 / 03.12.2024