Жаҳон | 13:35 / 18.07.2024
2557
3 дақиқада ўқилади

Австралия MH17 иши бўйича Россияни жавобгарликка тортишга ваъда берди

Австралия ташқи ишлар вазирининг айтишича, унинг мамлакати 2014 йилда Украина осмонида Малайзия "Боинг"и уриб туширилгани учун "ҳақиқат, адолат ва жавобгарлик" тарафдори.

Фото: РИА Новости / Максим Блинов

Австралия ҳукумати бундан ўн йил аввал Донбасс ҳудуди узра уриб туширилган ва 300 га яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган Malaysia Airlines йўловчи самолёти учун Россияни жавобгарликка тортишга ваъда берди. Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг 17 июл, чоршанба куни Канберрада ўтказилган хотирлаш маросимида қурбонлар қариндошлари ва меҳмонлар олдида мамлакат "Россияни жавобгарликка тортиш уринишларида тўхтамаслиги"ни айтиб ўтди.

"Мен 2014 йил 17 июлда содир этилган жиноятлар учун ҳақиқат, адолат ва жавобгарликка бўлган умумий мажбуриятимизни тасдиқлайман, - деди Вонг. - Қайғу бизни ҳеч қачон тарк этмайди, аммо вақт ва муҳаббат унинг оғирлигини камайтириши мумкин".

Boeing 777'нинг Донбассдаги ҳалокатига оид тергов

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга учган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 йўловчи лайнери 2014 йил 17 июл куни Украина шарқида, мамлакат қуролли кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган ҳудудда уриб туширилган. Натижада 298 киши, жумладан 38 нафар Австралия фуқаролари ҳалок бўлди.

Фожиадан кейин тузилган халқаро қўшма тергов гуруҳи (JIT) экспертлари самолёт россияпараст кучлар назорати остидаги ҳудудда жойлашган "Бук" тизими томонидан отилган 9М38 серияли ракетаси билан уриб туширилган деган хулосага келди. Терговчилар "Бук" Украина ҳудудига Курск яқинида жойлашган 53-Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадасидан кирганига ва фожиадан кўп ўтмай, чегара орқали Россия ҳудудига қайтарилганига ишончи комил. 

MH17 иши бўйича Ҳаага судининг қарори

2022 йил ноябрида Ҳаага округ суди ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» собиқ «мудофаа вазири» Игор Гиркин (Стрелков), генерал-майор Сергей Дубинский ва Леонид Харченкони фожиада айбдор деб топиб, уларни сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, шунингдек, қурбонларнинг қариндошларига жами 16 миллион евро тўлашни буюрди.

Россия Ҳаага судининг MH17 иши бўйича чиқарган ҳукмини сиёсий асосли, деб атади.

2023 йил февралида JIT вакиллари Россия раҳбарияти MH17 уриб туширилишида иштирок этганини ва Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олиб боришни маъқуллаганини маълум қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид