Жаҳон | 11:27 / 19.07.2024
3828
2 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп АҚШ президентлигига номзоди илгари сурилишига розилик берди

Милуокидаги республикачилар қурултойида Доналд Трамп Американи яқинлашиб келаётган парокандаликдан фақат у қутқара олишини айтди. Трамп мигрантларни билвосита «чиқинди» деб атаган.

Фото: Reuters

АҚШ президенти лавозимига қайта сайланишга интилаётган Доналд Трамп Республикачилар партиясидан давлат раҳбари лавозимига кўрсатилган номзодлик бўйича номинацияни қабул қилди ва шу тариқа расмий номзодга айланди. 18 июл, пайшанба куни кечқурун Висконсин штатининг Милуоки шаҳрида бўлиб ўтган Республикачилар партиясининг миллий қурултойида нутқ сўзлаган Трамп «Америка ярмининг эмас, балки бутун Американинг» президенти бўлишни хоҳлашини айтди

Доналд Трамп, унинг сўзларига кўра, мамлакатни вайрон қилаётган АҚШ амалдаги президенти Жо Байденни кескин танқид қилиб, халқни яқинлашиб келаётган фалокатдан фақат унинг ўзи қутқаришга қодир эканини таъкидлади. Трамп ўзига қарши қўзғатилган жиноий ишларни демократик фитнанинг бир қисми деб атади. 

Мигрантларга қарши баёнотлар

Доналд Трамп ўз нутқида муҳожирларга қаттиқ ҳужум қилиб, уларни билвосита «чиқинди» деб атади. «Улар ҳамма жойдан келишади. Биз бутун дунё учун чиқиндихонага айланганмиз ва улар бизни устимиздан кулишади. Улар бизни аҳмоқ деб ўйлашади», деди АҚШ президентлигига номзод ва Америкага кириб келаётган муҳожирлар деярли фақат жиноятчилар ва психиатрия шифохоналари беморлари эканлиги ҳақидаги фикрни такрорларкан.

Миграция ҳар доим Трамп учун сайловолди ташвиқотининг асосий мавзуси бўлиб келган, бироқ у сўнгги йилларда ўз оҳангини кескинлаштирди. Собиқ президент мунтазам равишда муҳожирлар ва озчиликларга нисбатан ҳақоратли, нафрат ва ирқчилик сўзларини ишлатади. Бошқа нарсалар қаторида, у баъзи муҳожирлар Қўшма Штатлар «қонини заҳарлаётгани»ни айтган.

АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари 5 ноябр куни бўлиб ўтади. Трампнинг рақиби Оқ уй амалдаги раҳбари Жо Байден бўлиб, уни Демократик партиядаги тобора кўпроқ сиёсатчилар ёши катталиги ва соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли ўз номзодини олиб ташлашга чақирмоқда. 

Мавзуга оид