Жаҳон | 10:11 / 20.07.2024
4402
3 дақиқада ўқилади

Беларусда Германия фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилинди

Беларусда Германия Қизил Хоч жамияти вакили Рико Кригер ўлимга ҳукм қилинди, дея хабар беради маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ва ОАВ. Германия ташқи ишлар вазирлиги маҳкумга ёрдам кўрсатмоқда.

Фото: Kun.uz

Германия ташқи ишлар вазирлиги 19 июл, жума куни Германия фуқароси Беларусда ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. DW сўровига жавобан вазирлик «бу иш идорага маълум. Ташқи ишлар вазирлиги ва Минскдаги элчихона жабрланувчига консуллик хизматларини кўрсатади ва Беларус ҳукумати олдида унинг манфаатларини фаол ҳимоя қилади» деб жавоб берди.

Германия ташқи ишлар вазирлигининг жавобида таъкидланишича, «ўлим жазоси шафқатсиз ва ғайриинсоний жазо тури бўлиб, Германия томонидан ҳар қандай шароитда ҳам рад этилади». «Биз уни бутун дунё бўйлаб бекор қилишни ва барча жабрланувчиларга нисбатан уни қўллашдан бош тортишга эришмоқчимиз», дейилади вазирлик баёнотида. 

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Германия Қизил Хоч ходими ўлимга ҳукм қилинди 

Шу куни эрталаб Беларуснинг «МотолькоПомоги» Telegram-канали Беларусда июн ойи охирида Германия фуқароси ва Германия Қизил Хоч (ГҚХ) ходими Рико Кригер ўлимга ҳукм қилингани ҳақида хабар берди. Хабар муаллифларининг таъкидлашича, эркак «ўқотар қуролга нисбатан қонунга хилоф ҳаракатлар», «транспорт ёки алоқа воситаларини яроқсиз ҳолга келтириш», «экстремистик тузилма яратиш ёки унда иштирок этиш», «яширин фаолият», «ёлланма иш» ва «терроризм акти» каби моддаларда айбланган. Ҳукм қонуний кучга кирганми, устидан шикоят қилинганми ёки норозилик билдирилганми, ҳозирча номаълум, деб ёзади маҳаллий ОАВ. 

«Весна» инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Кригер иши Россияга қарши урушда Украина томонида жанг қилаётган Кастус Калиновский номидаги Беларус кўнгиллилар бўлинмаси полкига тегишли. 

Беларусда Рико Кригер иши 

Мустақил матбуотнинг аввалроқ хабар қилишича, 6 июн куни Минск вилоят судида Рико Кригер устидан суд жараёни бошланди. Ўшанда Беларус пойтахтидаги Германия элчихонаси журналистларига айтишича, дипломатлар «ишдан бохабар» ва «консуллик хизматларини кўрсатяпти». 

Кригернинг LinkedIn саҳифасига кўра, у 2021 йилдан бери Германия Қизил Хоч жамиятида тез тиббий ёрдам бўйича техник бўлиб ишлайди. 2014—2017 йилларда Рико Кригер АҚШнинг Берлиндаги элчихонасида хавфсизлик хизмати ходими, 2017—2021 йилларда эса Ораниенбургдаги қариялар уйида уй ҳамширасининг ёрдамчиси бўлган. Беларуснинг «Наша Нiва» нашри Рико Кригернинг Германияда ҳали вояга етмаган фарзанди борлигини ёзди.

Мавзуга оид