Жаҳон | 17:25 / 20.07.2024
10832
2 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда

Жорий йилнинг январ-июн ойларида дунёнинг 25 та давлатида 250 минг нафарга яқин киши вабо билан касалланган. Улардан 2 137 нафари вафот этган. Аксарият вабо ўчоқлари Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси мамлакатларида рўйхатга олинган. Афғонистонда қарийб 18,7 минг киши ушбу инфекцияни юқтирган.

Дунё бўйлаб вабо касаллиги тарқалиш хавфи жуда юқори, деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига таяниб Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг январ-июн ойларида дунёнинг 25 та давлатида 250 минг нафарга яқин киши вабо билан касалланган ва улардан 2 137 нафари вафот этган. Биргина июн ойида 18 мамлакатда яшовчи 40,5 минг нафардан кўпроқ беморда ушбу хасталик аниқланган. Уларнинг 166 нафари эпидемия оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Аксарият вабо ўчоқлари, яъни 32,5 мингга яқин янги касалланиш ҳолатлари Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси мамлакатларида рўйхатга олинган. Афғонистонда қарийб 18,7 минг, Яманда 6,6 миндан ортиқ, Покистонда эса 5200 дан зиёд киши ушбу инфекцияни юқтирган.

ЖССТ дунё бўйлаб эпидемиялар сони ортиши ва уларнинг тарқалиш кўлами кенгайиши, шунингдек, вакциналар ва бошқа ресурслар тақчиллигини ҳисобга олиб, глобал даражадаги хавфни жуда юқори деб баҳолаган.

Қайд этилишича, қатор давлатларда вабога қарши эмлаш воситалари етишмовчилиги кузатиляпти. Ўтган йил январ ойидан буён 17 та мамлакат 102 миллион доза вакцина сўраган бўлса, ишлаб чиқариш миқдори 51 миллион дозани ташкил этган. Бугун эса захирадаги 7,5 миллион доза эмлаш воситаси қолган холос.

Мавзуга оид