Ўзбекистон | 12:18 / 21.07.2024
30981
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда хакер йигит таниқли бойларни алдаб пулларини ўзлаштирди

20 ёшли йигит Telegramʼда таниқли бойларнинг номига саҳифа очган ва уларнинг номидан ходимларига пул сўраб ёзиб юборган. Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган ходимлар йигит сўраган пулларни ундаги банк картасига ташлаб бераверган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқандда Telegramʼда тадбиркорлар номидан саҳифа очиб, уларнинг пулларини ўзлаштирган хакер йигитга суд ҳукми ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 20 ёшли йигит Самарқанд вилоятида таниқли тадбиркорларнинг Telegram саҳифаларидан фойдаланиб уларни катта пулга чув туширган.

Йигит Telegramʼда тадбиркорлар номида саҳифа очган ва уларнинг фотосуратларини қўйган. Сўнг тадбиркорлар қўл остида ишлаётган ходимларнинг контактларини топган.

Охирида тадбиркорлар номидан уларнинг ёрдамчиларига, қўл остидаги ходимларга пул зарур бўлаётгани ҳақида ёзиб юборган.

Ёрдамчилар ва ходимлар саҳифа сохта бўлиши ҳам мумкинлигини хаёлларига келтирмай, йигит сўраган пулларни ташлаб бераверишган.

“Замон” информацион дастурида берилган лавҳада айтилишича, йигит жиноий ишга қўл уришдан аввал таниқли тадбиркорларни обдон кузатган.

“Аввал тадбиркорлар номида саҳифа очдим. Сўнг уларнинг номидан менежерларига, сотув офиси ходимларига ва бошқа ишчиларига хўжайинлари номидан пул ташланглар деб ёзвордим. Ҳеч ким нега деб сўрамади ва сўраган пулларимни ташлаб бераверишди”, деган йигит суд мажлисида.

Йигит ўзи чув туширган одамларга ўзидаги карталарнинг рақамларини ёзиб юборган ва пулларни тушириб олган. Шу тариқа хакер йигит бир тадбиркордан жами 36 млн, бошқасидан жами 43 млн сўм ундирган.

У судда пулларни онлайн қимор ўйинларида ютқазиб юборганини айтган. Йигитнинг таъкидлашича, қилмишлари ошкор бўлгач у яшаб турган уйини сотиб, тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаб берган.

Аниқланишича, йигит олдин ҳам хакерлик йўли билан пул ўзлаштириб, икки марта судланган экан.

Суд хакер йигитни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик) билан айбдор деб топган ва унга 1 йил 7 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси берган.

Мавзуга оид