Ўзбекистон | 20:43 / 23.07.2024
7269
6 дақиқада ўқилади

23 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар

Вилоятликларни ҳақоратлагани учун 10 суткага қамалган қиз, ашаддий қоидабузарларга қарши муросасиз курашиш ваъдаси, ошишда давом этаётган газ импорти ва экспорти. Сўнгги бир кунда Kun.uz'да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Вилоятликларни ҳақоратлагани учун 10 суткага қамалган қиз, ашаддий қоидабузарларга қарши муросасиз курашиш ваъдаси, ошишда давом этаётган газ импорти ва экспорти. Сўнгги бир кунда Kun.uz'да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Вилоятликларни ҳақоратлаган қиз

Вилоятликларни ҳақорат қилган яна бир қиз 10 суткага қамалди. Kun.uz Олий суд матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, 2004 йилда туғилган, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи С.Р. 20 июл куни Instagram'даги саҳифасида вилоятликларни ҳақорат қилган. У тўғридан тўғри эфир вақтида беҳаё сўзлар билан вилоятларда яшовчи аҳолининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган.

Бундан ташқари, С.Р. ҳолатни текшириш учун келган профилактика инспектори билан ҳам жанжаллашиб, майда безорилик ҳам қилган.

20 ёшли қиз судда вилоятликларга нисбатан ҳақоратли сўзларни салбий фикр билдирган кузатувчиларига жавоб тариқасида айтиб юборганини таъкидлаб, ҳаммадан узр сўради. Чирчиқ шаҳар суди унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Чек сўраб, тарсаки еган бола

Яна бир маъмурий қамоқ жазоси Гулистон шаҳрида дўкон сотувчисига нисбатан қўлланди. У QR-кодли чек сўраган болага тарсаки туширгани учун 15 суткага қамалди. Бу ҳолатдаги жабрланувчи – Шаҳбоз исмли сирдарёлик бола билан эса Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевнинг шахсан ўзи учрашиб, дўкон сотувчисидан чек талаб қилгани учун унга ва ота-онасига миннатдорлик билдирди.

“Чек талаб қилиш – майда-чуйда нарса эмас. Сен битта чек сўраганинг орқасидан, Сирдарёдаги боғча, мактаб, йўллар, бюджет бор, катта бўлганингда тушунасан, бунинг ортида кўп нарса туради. Шунинг учун сенга миннатдорчилик билдираман”, – деган Солиқ қўмитаси раиси.

Ашаддий қоидабузарларга қарши муросасиз кураш ваъдаси

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги тайинланган бошлиғи Шерзод Ибрагимов аҳолига мурожаат билан чиқди. У ўз мурожаатида йўлларда энг аввало пиёдалар, жамоат транспортлари ва велосипедларга устуворлик берилишини айтди. Шунингдек, полковник Ибрагимов ашаддий қоидабузар ҳайдовчиларга қарши муросасиз курашишга ваъда берди.

“Ҳайдовчилар ва пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларини ҳурмат қилиш ва уларга сўзсиз риоя этиш маданиятини юксалтириш, аҳолида уларни бузмаслик иммунитетини шакллантириш, аварияларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва комплекс бартараф этиш, таълим муассасалари олди, ҳодисалар ўчоқлари ва пиёдалар ўтиш жойларида ишончли, хавфсиз тизимни яратиш, шунингдек, ашаддий ҳуқуқбузарларга қарши муросасиз курашиш – бизнинг долзарб вазифамизга айланади”, – деди ЙҲХХнинг янги бошлиғи.

Газ экспорти ва импорти кўпаймоқда

Ўзбекистон ўтган ойда газ экспортини кескин кўпайтирган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, биргина июн ойида хорижга 181,5 млн долларлик газ сотилган. Бу май ойига нисбатан 24 баробарга кўп. Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи ярмидаги газ экспортини ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, ўсиш 8 фоизни ташкил этган.

Четдан газ сотиб олиш ҳажми ҳам кескин кўпайиб боряпти. Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон 809 млн долларлик газ импорт қилган ва бу 2023 йилнинг мос даври билан солиштирганда 5 бараварга кўп. Шунингдек, жорий йил январ–июн ойларида электр энергияси экспорти 43 фоизга, нефт ва нефт маҳсулотлари экспорти эса 2,5 баробарга ўсгани эътиборга молик.

Док-1 Макс”: Ҳиндистон нега жим?

Ўзбекистонда кўплаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропининг ишлаб чиқарувчисига нисбатан Ҳиндистонда ҳам жиноят иши қўзғатилиб, бир қанча шахслар терговга тортилган. Лекин орадан бир ярим йил ўтганига қарамай, Ҳиндистондаги на тергов ва на суд жараёни ҳақида ҳеч қанақа маълумот йўқ. Kun.uz мухбири бу борада маълумот олиш учун ўтган ойда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб, элчининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ариф Саид билан суҳбатлашган эди.

Ариф Саид июл ойи охирида Ҳиндистондан Ўзбекистонга делегация келиб, тўлиқ маълумот берилишини айтган эди. Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши делегацияси яқин кунларда Тошкентга келиши кутилмоқда. Ҳинд расмийлари 29-30 июл кунлари Hyatt Regency меҳмонхонасида бизнес учрашувлар ўтказади, лекин Ҳиндистон элчихонаси ваъда берган очиқ матбуот анжумани ва журналистлар саволларига жавоб бериш масаласи кун тартибида йўқ. Шу тариқа, заҳарли сиропни ишлаб чиқариб сотганларга нисбатан қанақа чора кўрилгани номаълумлигича қолмоқда.

Ўзбек қизи – немисчада чемпион

Немис тили бўйича Бутунжаҳон олимпиадасида ўзбекистонлик қиз ғолиб бўлди. 16 ёшли Райёна Иброҳимова 15-22 июл кунлари Германияда бўлиб ўтган беллашувларда олтин медални қўлга киритди. Немис тили олимпиадасида 62 та давлатдан келган юздан ортиқ ўқувчи иштирок этган.

Гёте институтидан маълум қилишларича, 16 ёшли Райёна Германиядаги университетлардан бирида немисшунослик йўналишида таҳсил олиш ва келажакда таржимонлик билан шуғулланишни режалаштирган. У халқаро танловнинг финал босқичига чиқиш учун аввало Ўзбекистонда ўтказилган ички танловда ғолиб бўлган. Маълумот учун, Бутунжаҳон немис тили олимпиадаси ҳар икки йилда бир марта Германия шаҳарларидан бирида ўтказилади.

Мавзуга оид