Жаҳон | 21:47 / 24.07.2024
4206
3 дақиқада ўқилади

Гуржистонда ҳукмрон партия асосчисига эҳтимолий суиқасд тергов қилинмоқда

Разведка хизмати маълумотларига кўра, Иванишвилининг ҳаётига суиқасдни ҳозир Украинада бўлган Гуржистоннинг собиқ юқори мартабали амалдорлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уюштиришга уринган.

Фото: Reuters

Гуржистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси асосчиси ва фахрий раиси, миллиардер Бидзина Иванишвилининг ўлдирилишига тайёргарлик бўйича тергов олиб бормоқда.

Тергов террорчилик хуружига тайёргарлик кўриш ва давлат ҳокимиятини ағдариш учун тил бириктириш каби жиноий иш бўйича олиб борилмоқда. Разведка хизмати маълумотларига кўра, Иванишвилининг ҳаётига суиқасдни ҳозир Украинада бўлган Гуржистоннинг собиқ юқори мартабали амалдорлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уюштиришга уринишган.

«Юқоридаги жиноий ҳаракатлардан мақсад тартибсизликлар келтириб чиқариш ва ҳокимиятни заифлаштириш фонида зўравонлик йўли билан давлат ҳокимиятини ағдаришдан иборат», дейилади ДХХ хабарида. Фаол тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, унинг доирасида гувоҳлар сўроққа чақирилмоқда. ДХХ иш тафсилотлари ҳақида хабар бермади.

Қайд қилинишича, эҳтимолий суиқасд бўйича Украинада жанг қилган гуржистонлик кўнгиллилар сўроққа чақирилмоқда. Хусусан, кўнгилли ва Гуржистоннинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунига қарши намойишлар иштирокчиси Надим Хмаладзе «терроризм ва давлат тўнтариши иши бўйича» сўроққа чақирилганини айтди.

Украина учун курашаётган Гуржистон миллий легиони қўмондони Мамука Мамулашвили ўз тузилмасидан 300 га яқин одам Гуржистонда қидирувга берилганини айтди. У Гуржистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жангчилар қидирувга берилганини Россияда ҳам тузилма кўнгиллилари қидирувга берилгани билан боғлади.

«Гуржистон орзуси» 2012 йилдан бери мамлакатни бошқараётган партиядир. Мухолифат бир неча бор «Гуржистон орзуси» ва унинг асосчиси Бидзина Иванишвилини россияпарастликда айблаб келади. Хусусан, сўнгги йилларда партия Россияда қабул қилинган қонунларга ўхшаш қатор қонунларни илгари сурмоқда. Улар орасида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун бор. Ушбу қонун қабул қилиниши фонида Европа Иттифоқи Гуржистоннинг иттифоққа қўшилиш жараёнини тўхтатиб қўйди. Қўшма Штатлар Гуржистон билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни эълон қилди ва қўшма ҳарбий машғулотларни қолдирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид