Жаҳон | 13:05 / 24.07.2024
10587
3 дақиқада ўқилади

Непалда самолёт қулаб тушди. Камида 18 киши ҳалок бўлган

Катманду аэропортида Saurya Airlines авиакомпаниясининг бортида 19 киши бўлган самолёт ҳалокатга учради.

Фото: Getty Images

Kathmandu Post нашри ёзишича, дастлабки маълумотларга кўра, самолёт қулаган жойда 18 кишининг жасади топилган.

Синов парвозини амалга оширган самолётда Saurya Airlines авиакомпаниясининг 17 нафар техник ходими ҳамда экипажнинг икки аъзоси бўлган.

Самолёт маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида учиш-қўниш йўлагидан ҳавога кўтарилишидан кўп ўтмай қулаган. У Покхарага учиб бориши керак эди.

Интернетда эълон қилинган видеокадрларда самолёт қулаганидан кейин олов ва тутун ичида қолганини кўриш мумкин. Ҳодисадан кейин воқеа жойига ўт ўчириш машиналари ва тез ёрдам кареталари йўлланган.

Қутқарувчилар харобалар орасидан кеманинг 37 ёшли капитанини тирик ҳолда олиб чиқишган ва у шифохонага олиб кетилган.

Авиакомпания сайтига кўра, у парвозлар эксплуатацияси бўйича директор ҳам саналади.

Полиция вакили Дан Баҳадур Карки BBC Непал хизматига одамлар ҳалокатини тасдиқлаган ва учувчи жароҳатлар билан даволанишда эканини қўшимча қилган. 

Meropradesh нашри эса авиакомпанияга асосланган ҳолда бортда 19 ходим бўлгани ва улардан 15 нафари ҳалок бўлиб, тўрт нафари омон қолганини хабар қилган.

Компания сайтига кўра, Saruya Airlines Непалдаги беш йўналиш бўйича рейсларни амалга оширади, унинг паркида Bombardier CRJ-200 русумли учта самолёт мавжуд.

ABC Nepal нашри аниқлик киритишича, қулаган лайнер — Bombardier CRJ 200 бўлиб, у Покҳарага техник хизмат кўрсатиш учун олиб кетилаётганди. Nepal Khabar самолётнинг серия рақамини келтирган — 9N AME-CRJ-200. ОАВдаги маълумотларга қараганда, компания уни 2017 йилда харид қилган, самолёт 50 ўринли бўлган.

Непал бунга қадар ҳам парвозлар хавфсизлиги даражаси пастлиги туфайли бир неча бор танқид қилинганди.

2023 йил январида Yeti Airlines авиакомпанияси самолёти қулаб тушиши оқибатида камида 72 киши ҳалок бўлганди, кейинроқ ҳалокатга учувчилар хатоси сабаб бўлгани аниқланган.

Мавзуга оид