Жаҳон | 21:49 / 24.07.2024
15834
7 дақиқада ўқилади

Хитой ТИВ Киев Москва билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди

Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба Пекинга ташриф чоғида нималар деди?

Фото: Украина ТИВ

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Хитойга ташриф доирасида уч соатдан ортиқ вақт давомида хитойлик ҳамкасби Ван И билан Россияга қарши урушда «адолатли тинчлик»ка эришиш йўлларини муҳокама қилган. Россия нашрлари Кулеба бошқа гаплар қаторида Киев Москва билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини айтганини хабар қилган, аммо Украина ТИВ Россиядагилар вазирнинг сўзларини нотўғри талқин қилганини таъкидламоқда.

Дмитро Кулеба — 2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Хитойга ташриф буюрган украиналик энг юқори мартабали мулозим бўлди.

«Музокаралар якунланди. Бу жами уч соатдан ортиқроқ вақт, режалаштирилганидан кўпроқ давом этди. Бу жуда чуқур ва аниқ гапларга асосланган суҳбат бўлди», — дея хабар берган Reuters агентлигига украин делегациясидаги манба.

Украина ТИВ баёнотига кўра, музокаралардаги асосий мавзу Россия агрессиясини тўхтатиш йўлларини қидириш ва Украинада «барқарор ва адолатли тинчлик»ка эришишда Хитойнинг эҳтимолий роли бўлган.

Аммо учрашувдан кейин Россиянинг «РИА Новости» давлат ахборот агентлиги Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакилига асосланиб, Кулеба Ван И билан мулоқот вақтида Украина «Россия томони билан музокаралар олиб бориш»га тайёрлигини айтгани ҳақида хабар тарқатди.

«Украина Хитойнинг фикрига катта аҳамият беради ҳамда ХХР ва Бразилиянинг можарони сиёсий жиҳатдан тартибга солиш бўйича олти банддан иборат консенсусини диққат билан ўрганиб чиқди. Украина томони Россия билан музокаралар олиб боришни хоҳлайди ва бунга тайёр», — дея унинг сўзларини келтирган «Ведомости» Хитой нашрларига ҳавола берган ҳолда.

Аммо Reuters ва Украинадаги нашрлар мамлакат ТИВнинг Кулеба Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ига нималар дегани ҳақида берган баёнотига таянган ҳолда, Киев музокараларга «маълум шартлар бажарилган» тақдирда тайёр бўлиши, ҳозир эса бундай эмаслигини хабар қилди.

Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий BBC Украина хизматига берган изоҳида Россия нашрлари Дмитро Кулебанинг сўзларини «бузиб кўрсатгани» ҳақида айтган.

«Дмитро Кулеба Украинанинг изчил позициясини баён қилди, бу эса Россия томони билан маълум босқичда, қачонки Россия ўзаро ҳурматга асосланган музокаралар ўтказишга тайёр бўлганида музокара ўтказилиши мумкинлигини назарда тутади, ҳозирча эса Россия томонидан бундай тайёрлик кўзга ташланмаяпти», — дейилган Украина ТИВ баёнотида.

Музокаралар чоғида Кулеба шунингдек Украинада адолатли тинчлик ўрнатилиши Хитой манфаатларига мос келиши, хусусан унинг Европа билан савдосини ривожлантиришини айтган. У Пекин ва Киев ўртасидаги муносабатларни Украина келгусида Евроиттифоққа аъзо бўлишини инобатга олган ҳолда қуриш лозимлигини қўшимча қилган.

Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан кейин Ғарб мамлакатлари Россияга кўплаб маҳсулотларни етказиб беришни тақиқлаганди. Улар шунингдек санкцияларга қўшилмаган Хитойни Москвага қурол ишлаб чиқаришда ёрдам бераётган маҳсулотларни етказиб беришда айблайди.

«Россия агрессияси нафақат Украинанинг тараққиёт йўлини тўсмоқда. У халқаро барқарорликка, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга, хусусан Хитой ва Европа ўртасидаги савдони ривожлантиришга халал беради», — дея қайд этган Кулеба.

Хитой ТИВ баёнотида Украина ва Хитой — стратегик ҳамкорлик алоқаларига эга бўлган дўстона давлатлар экани таъкидланган.

«Улар бир-бирини ҳурмат қилади ва бир-бирига тенг ҳуқуқли томонлар сифатида қарайди, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланишда давом этмоқда», — дейилган хабарда.

Ван И музокаралар чоғида Хитой доимо «Украинадаги инқироз»ни сиёсий йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлиб келганини айтди, дейилади Хитой ТИВ хабарида.

«Сўнгги вақтларда Украина ҳам, Россия ҳам музокараларга тайёрлиги ҳақида турли даражада сигналлар бермоқда, гарчи шартлар ва вақти ҳали етилмаган бўлса-да, биз тинчликка қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз ва ўт очишни, урушни тўхтатишда ва тинчлик музокараларини тиклашда конструктив рол ўйнашда давом этамиз», — дейилган Хитой ТИВ хабарида.

Хитой ТИВ хабарида Кулебанинг Ван Ининг баёнотига жавоби қуйидаги шаклда келтирилган: «Украина Россия билан мулоқот ва музокараларни истайди ва бунга тайёр. Албатта, музокаралар адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришишга қаратилган, асосли ва мазмунли бўлиши лозим».

Украина ташқи ишлар вазири Киевдагилар Хитой ва Бразилиянинг қўшма позициясини ҳам ўрганаётганини айтган. Икки мамлакат ўз таклифларини жорий йил 23 майида, Ван Ининг Бразилия президенти маслаҳатчиси Селсу Аморима билан учрашуви якунларига кўра эълон қилганди. Ўшанда икки мамлакат қуйидагига чақирганди:

1. Кескинликни юмшатишнинг уч тамойилига (ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини кенгайтиришни тўхтатиш, ҳарбий ҳаракатлар ва провокацияларни кучайтиришдан воз кечиш) риоя этиш;

2. барча режаларни муҳокама қилиш учун Россия томонидан ҳам, Украина томонидан ҳам тан олинадиган халқаро тинчлик конференциясини чақириш;

3. тинч аҳоли ёки фуқаролик объектларига ҳужум қилишдан қочиш, оддий фуқароларни, хусусан, аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш, ҳарбий асирлар алмашувини ўтказиш;

4. ядровий, кимёвий ёки биологик қуролларни қўллашдан воз кечиш;

5. атом электр станциялари ва бошқа ядровий объектларга ҳужумлардан сақланиш;

6. дунё алоҳида сиёсий ёки иқтисодий давлатлар гуруҳларига бўлинишига қарши туриш.

Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Маяк» саволига жавобан Хитойдаги музокараларга қуйидагича муносабат билдирди: «Хабарнинг ўзини бизнинг позиция билан уйғун дейиш мумкин, сиз биласизки, Россия томони ҳеч қачон музокаралардан бош тортмаган, доимо музокаралар жараёнига очиқлигини сақлаб келган».

Аммо, Песковнинг сўзларига кўра, можарони ҳал қилиш масаласида «деталлар муҳим», Россия ҳукумати эса ҳозирча улардан бехабар, шунинг учун қўшимча тушунтиришлар берилишини кутмоқда.

Мавзуга оид